Доим меҳр ва эътиборда
  • 23 Январь 2015

Доим меҳр ва эътиборда

Мамлакатимизда аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламлари  — болалар, ёлғиз қариялар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш юзасидан тизимли ишлар олиб борилаяпти. Бинобарин, кучли ижтимоий ҳимоя давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб, бу жамиятда инсонпарварлик ва ижтимоий адолат тамойилларининг барқарорлигига хизмат қилаётир.

Президентимизнинг 2011 йил 30 майдаги “2011 — 2015 йилларда ёлғиз кексалар, пенсионер ва ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилишни янада кучайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борадаги эзгу саъй-ҳаракатлар қамровини кенгайтиришда дастуриламал бўлмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги томонидан ушбу ҳужжат ижроси доирасида “Саховат” ва “Мурувват” уйлари, Уруш ва меҳнат фахрийлари учун Республика пансионати, санаторийларда кўрсатилаётган тиббий-ижтимоий ҳамда маиший хизматларнинг давлат томонидан кафолатланган стандарт шакллари белгилаб берилди. Аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилди.
Таъкидлаш ўринлики, айни пайтда жойлардаги бандликка кўмаклашувчи ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш марказлари ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликда 16 минг нафардан зиёд ёлғиз кекса, пенсионер ва ногиронларга уй шароитида ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиб келаяпти. Мингга яқин ёлғиз кексалар “Саховат” уйларида, 7 мингга яқин ногиронлар “Мурувват” уйларида тўлиқ давлат таъминотига олиниб, уларга тиббий-ижтимоий кўмак берилмоқда.
Ижтимоий хизмат кўрсатиш тизимини кучайтиришда прокат пунктлари, ижтимоий такси сингари янги технологияларнинг  татбиқ қилинаётгани ўзининг ижобий таъсирини кўрсатмоқда. Хусусан, прокат пунктлари муҳтож фуқароларга реабилитация техник воситаларидан қулай шаклда фойдаланиш имконини бераётир. Бугунги кунда республикамиз бўйича фаолият кўрсатаётган 128 та ана шундай пункт орқали ҳар йили 3 минг нафарга яқин фуқарога реабилитация техник воситалари етказилмоқда.
Ёлғиз пенсионерларни соғломлаштириш, уларга тиббий ёрдам кўрсатишга ҳам алоҳида эътибор берилмоқда. Хусусан,  рўйхатга олинган эҳтиёжманд, ёлғиз фуқароларни соғлиқни сақлаш муассасалари кўмагида диспансер кўригидан ўтказиш ва уларни амбулатор, стационар ҳамда уй шароитларида даволаш тадбирлари изчил бажарилаётир. 2014 йилда 4,4 минг нафарга яқин пенсионер амбулатория шароитида, 2,5 минг нафари стационар шароитда ўз саломатлигини тиклагани бунга яққол мисолдир.
Тиббий-ижтимоий муассасаларнинг моддий-техника базасини босқичма-босқич мустаҳкамлаб, уларда замон талаблари асосида шарт-шароит яратиш ижтимоий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг муҳим йўналишларидан биридир. 2013 йили Оҳангарон, Нурота, ва Сирдарё туманларидаги “Мурувват” уйлари, Тошкент шаҳридаги
2-сонли “Мурувват” уйи, Ногиронларни протезлаш ва реабилитация қилиш миллий маркази реконструкциядан чиқарилиб, фойдаланишга топширилди. Ўтган йили эса Андижон вилоятининг Бўтақора ва Чувама “Мурувват” уйлари, Фарғона ҳамда Наманган вилоятлари ногиронларни реабилитация қилиш марказлари, “Товоқсой” уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийси кенг кўламли бунёдкорлик ишларидан сўнг замонавий қиёфа касб этди.  
Аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчиликни тўлиқ хабардор қилиб бориш мақсадида Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлигининг янги ахборот портали ишлаб чиқилди. Веб-сайтнинг ушбу шакли кўриш қобилияти паст инсонлар учун мослаштирилган бўлиб, унда тегишли корхона ва ташкилотларнинг ижтимоий харитаси ҳамда ижтимоий интерактив хизмат турлари жорий этилган. Эндиликда фуқароларни протез-ортопедия маҳсулотлари ва реабилитация техник воситалари, санаторий йўлланмалари билан таъминлаш, ёлғиз кексаларга ижтимоий-маиший хизмат кўрсатиш, ижтимоий-тиббий тиклаш ва бошқа масалалар бўйича мурожаатларни электрон шаклда қабул қилиш ҳамда кўрсатилаётган хизматларнинг электрон базасини ривожлантиришга эътибор қаратилмоқда.
“Нуроний” жамғармаси, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик ёлғиз кексаларга, ногиронларга ижтимоий-тиббий ва маиший хизмат кўрсатиш кўлами ҳамда сифатини оширишда айни муддао бўлаётир. Жумладан, давлатимиз раҳбарининг 2014 йил
13 октябрда қабул қилинган “1941 — 1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийларини ижтимоий қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони ижроси юзасидан ижтимоий шериклик асосида элликдан зиёд санаторийларда 74 минг нафарга яқин уруш ва меҳнат фронти фахрийларини бюджет маблағлари ҳисобидан соғломлаштириш ишлари ташкиллаштирилди.
Табаррук отахону онахонларимизнинг ҳар томонлама қўллаб-қувватланишлари Кексаларни эъзозлаш йилида янги босқичга кўтарилиши, шубҳасиз. Хусусан, кекса авлод вакилларининг манзилли ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, бу борада нодавлат ташкилотлар томонидан кўрсатилаётган моддий ва маънавий кўмак кўламини ошириш, қариялар ҳамда аҳолининг эҳтиёжманд қатламига ғамхўрлик қилишда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини янада кенг жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилади.
Мухтасар айтганда, ижтимоий соҳада изчил олиб борилаётган ислоҳотлар фуқароларимизнинг конституциявий ҳуқуқларини кафолатлаб, жамиятда ижтимоий мувозанатни барқарорлаштиришга хизмат қилаяпти. Барча эзгу саъй-ҳаракатлар замирида эса ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечиришини таъминлаш, кексаларимиз кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилишдек олижаноб мақсадлар мужассамдир.

Б. ШАРАПОВ,
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги бошқарма бошлиғи.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn