Замонавий ахборот технологиялари қўриқлаш хизмати фаолиятида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда
  • 23 Январь 2015

Замонавий ахборот технологиялари қўриқлаш хизмати фаолиятида ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда

Ички ишлар тизимини изчил ислоҳ қилиш, соҳани малакали кадрлар билан таъминлаш, улар фаолиятига замонавий техника ва технологияларни жорий этиш борасидаги изчил саъй-ҳаракатлар бугун ўз натижаcини бермоқда. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Қўриқлаш” бирлашмасидаги ижобий ўзгаришлар бунга яққол мисолдир.

Айни пайтда мазкур бирлашма ва ҳудудий тузилмаларининг 170 дан ортиқ техник қўриқлаш пунктлари самарали фаолият юритаяпти. Улар 11 мингдан зиёд объектлар ҳамда 9 мингдан кўпроқ хонадонларга ишончли хизмат кўрсатмоқда.
Тизимга илғор ахборот-коммуникация технологиялари, жумладан, техника ва қурилмалар ҳамда мосламалар кенг татбиқ этилаётгани бу борада қўл келаяпти. “Ташвиш” тугмачаси хизмати шундай янгиликлардан биридир. Ҳозирги вақтда ундан кассалар, банклар, кўнгилочар муассаса ва хонадонларда кенг фойдаланилмоқда. Мижоз зарурат бўлганда мазкур тугмача орқали техник қўриқлаш пунктига боғланади. У ерда навбатчилик қилаётган махсус гуруҳ “Ташвиш” хабари тушган жойга 3-5 дақиқада етиб бориб, муаммони зудлик билан бартараф этади.
Шу ўринда кейинги пайтда ушбу хизмат турига фуқаролар қизиқиши ортиб бораётганлигини ҳам айтиш жоиз. Ўз навбатида, бу юртдошларимиз ҳуқуқий маданияти юксалаётганини англатади. Бунда жойларда ходимларимиз томонидан жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган кенг кўламли тушунтириш ишлари амалга оширилаётгани муҳим омил бўлмоқда.
Умуман олганда, бугунги кунда қўриқлаш хизмати ходимлари давлатимиз ва халқимиз бойликларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш орқали мамлакатимиз равнақига муносиб ҳисса қўшмоқда.

Қодир ИБРАГИМОВ,
ИИВ ҳузуридаги «Қўриқлаш» бирлашмаси ходими, майор.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn