Имконият ва рағбат юртимиз ижодкорларини фаоллик кўрсатишга ундамоқда
  • 23 Январь 2015

Имконият ва рағбат юртимиз ижодкорларини фаоллик кўрсатишга ундамоқда

Мустақиллигимизнинг дастлабки йиллариданоқ Президентимиз раҳнамолигида санъат соҳасини ривожлантириш, ижодкорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ёш иқтидор эгаларини кашф этиш борасида беқиёс ғамхўрликлар кўрсатилмоқда.

Мазкур йўналишда амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида қад ростлаган маданият ва санъат кошоналари, галереялар, кўргазма заллари, музейлар, ихтисослаштирилган таълим даргоҳлари миллий маданиятимиз ҳамда санъатимизнинг юксалишига хизмат қилмоқда. Бундай эътибор ва эъзоздан илҳомланган истеъдод эгалари нуфузли анжуманлар, кўргазма ва кўрик-танловларда муваффақиятли қатнашиб келмоқда. 
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ўзбекистон Бадиий академияси ҳам санъат ихлосмандларини юртимиз ҳамда хориждаги бадиий жараёнлар, янгиликлардан хабардор қилиш, ижодкорларнинг ўзаро фикр ва тажриба алмашиши учун имконият яратишда муҳим ўрин тутади. Ушбу муассаса ташкил этилганидан буён халқ бадиий ҳунармандчилигини ривожлантириш баробарида, тасвирий ва амалий санъат йўналишида меҳнат қилаётган ижодкорлар фаолияти кўламини янада кенгайтиришга, миллий ва анъанавий шаклларни тиклашга алоҳида ҳисса қўшиб келаётир. Шу билан бирга, бу ерда Давлат дастурлари доирасида турли тадбирлар ўтказилиши ҳам яхши анъанага айланган. Масалан, “Соғлом бола йили” Давлат дастури ижроси доирасида Бадиий кўргазмалар дирекцияси, Тошкент Фотосуратлар уйи, Камолиддин Беҳзод мемориал боғ-музейи, Халқаро маданият карвонсаройида “Дўппи тикдим ипаклари тиллодан”, “Беҳзод ворислари”, “Мен билган дунё”, “Ижод завқи”, “Баҳорнинг сокин хушбўй ифори”, “Кўҳитангтоғ болалари”, “Болалик бекати”, “Маҳалла — маънавият ўчоғи” деб номланган икки юзга яқин кўргазма ва танловлар ташкил этилди. Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллигига бағишлаб “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деб номланган, “Илк қадам”, “Камалак жилоси”, “Буюк юрт фарзандлари”, “Биз Ватанни куйлаймиз”, “Шу Ватанга бордир менинг керагим” сингари кўргазмалар тасвирий санъат ихлосмандлари учун ҳақиқий туҳфа бўлди.
Хабарингиз бор, ўтган йили мамлакатимизда  VII Тошкент халқаро фотобиенналеси ҳамда “Тошкент қувончлари” V Халқаро болалар расмлари биенналеси бўлиб ўтди. Ушбу анжуманларда дунёнинг олтмишдан зиёд давлатидан уч юз нафарга яқин ижодкор иштирок этди. Бу эса Ўзбекистон Бадиий академиясининг хориждаги турдош муассасалар билан ижодий ҳамкорлик қилиб келаётгани самарасидир. Бинобарин, юртимиз рассомлари ва амалий санъат усталари ҳам хорижий давлатларда ўтказиладиган санъат анжуманларида фаол қатнашишмоқда. Хусусан, ўтган йили Хитой Халқ Республикаси билан ҳамкорликда ўтказилган “Буюк Ипак йўли бўйлаб ижодкорлик: Ўзбекистондаги изланиш” қўшма лойиҳаси, озарбайжонлик рассомлар иштирокидаги “Буюк Ипак йўли Ўзбекистон ва Озарбайжон рассомлари нигоҳида” кўргазмаси, Корея Республикаси билан биргаликда ташкил этилган “Карвон Корея — Марказий Осиё” маданий дастури доирасида “Соғиниш” кўргазмаси, Халқаро маданият карвонсаройида таниқли япон олими Хироаки Фурушо иштирокида ўтказилган маҳорат дарслари фикримиз далилидир. Худди шунингдек, муассасамиз тасарруфидаги  махсус мактаблар ўқувчиларининг АҚШ, Италия, Хитой, Португалия, Япония, Франция, Норвегия, Ҳиндистон каби давлатларда бўлиб ўтган тадбирларда қатнашиши ёшларимизга унутилмас таассуротлар туҳфа этди.
Табиийки, истеъдод эгаларининг интилишлари бесамар кетмаяпти. Буни уларнинг асарлари хорижий мамлакатларда ўтказилган нуфузли танловларда алоҳида эътирофга сазовор бўлаётганлиги мисолида ҳам кўриш мумкин. Жумладан, Корея Республикасида бўлиб ўтган “Осиё эртак санъати” миллий оғзаки ижодиёт фестивалида ҳамюртимиз Галина Ли муваффақиятли иштирок этган бўлса, Эрондаги IV Халқаро мультипликацион фильмлар фестивалида Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси Маҳмуд Эшонқулов ғолибликни қўлга киритди. Португалия пойтахти Лиссабондаги “Вера — 2014” халқаро тасвирий санъат кўргазмасида эса ўиждувон кулоллик мактаби вакили Алишер Нарзуллаев бош мукофот — Гран-прига сазовор бўлди.
Қолаверса, “Эътироф — 2014” танловида Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоларидан ҳайкалтарош Жолдасбек Қуттимуратов “Йилнинг энг яхши ҳайкалтароши”, рассом Валерий Енин “Йилнинг энг яхши рассоми” ва Одилбек Матчонов “Йилнинг энг моҳир амалий санъат устаси” номинацияси ғолиби бўлди.
Буларнинг барчаси ижод аҳлига билдирилаётган ишонч, эътибор ва рағбат самарасидир. Мақсадимиз, халқимизнинг бой бадиий ва амалий санъатини халқаро миқёсда кўрсата билиш баробарида, жаҳон маънавияти ҳамда маданиятининг ривожланишига сезиларли таъсир кўрсатаётган давлатимизнинг нуфузини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишда бор истеъдод ва имкониятларимизни намоён этишдир.

Акмал НУРИДИНОВ,
Ўзбекистон Бадиий академияси раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn