Санъатсевар болаларга туҳфа
  • 23 Январь 2015

Санъатсевар болаларга туҳфа

Наманган туманидаги 5-Болалар мусиқа ва санъат мактабининг замонавий лойиҳа асосида қурилган янги биноси фойдаланишга топширилди. Уни бунёд этиш ва жиҳозлаш ишларига 2 миллиард 866 миллион сўм йўналтирилди.

Мактабнинг эски биноси ўрнида қад ростлаган муҳташам мажмуада ўғил-қизларнинг санъат соҳасидаги иқтидорини камол топтириш, таълим жараёнини илғор педагогик технологиялар асосида ташкил қилиш учун барча шарт-шароит яратилган. Жумладан, ўқув жиҳозлари, мусиқа асбоблари ва бошқа воситалар билан таъминланган синфхоналарда ёшлар тасвирий санъат, театр, хореография, ўзбек халқ чолғулари, анъанавий ҳамда эстрада хонандалиги йўналишларида чуқур билим оладилар. 200 ўринли концерт залида эса мактаб тарбияланувчиларининг ҳисобот концертлари, туман миқёсидаги турли кўрик-танловларни ташкил этиш, байрам тадбирларини ўтказиш кўзда тутилган.
— Ўқувчиларимиз орасидан мамлакат, вилоят миқёсидаги нуфузли танловларнинг кўплаб ғолиблари етишиб чиққан, — дейди муассаса директори
У. Тожибоев. — Масалан, умидли хонанда Гуласал Абдуллаева 2013 йилда “Ниҳол” мукофотини қўлга киритган бўлса, Камрон Йўлдошев ўтган йили болалар мусиқа ва санъат мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилган республика танловида халқ чолғулари йўналиши бўйича биринчи ўринни эгаллади. Айни чоғда бу ерда сабоқ олаётган 180 нафар ўғил-қиз орасида бундай истеъдод соҳиблари жуда кўп. Янги бинода яратилган имкониятлар эса уларнинг ижодий парвозига янада қанот бағишлаши, шубҳасиз.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn