Кўркам ва замонавий иншоотлар юртимиз чиройига чирой қўшмоқда
Версия для печати
  • 22 Январь 2015

Кўркам ва замонавий иншоотлар юртимиз чиройига чирой қўшмоқда

Президентимиз Ислом Каримовнинг Термиз шаҳрига “Амир Темур” орденини топширишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқида таъкидланганидек, мустақиллик йилларида бу маскан ҳар томонлама обод бўлиб, Ўзбекистонимизнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига, юртимизнинг жанубий сарҳадларидаги бош истеҳкомига, мустаҳкам дарвозасига айланди.

Бугунги кунда Термиз шаҳри нафақат Сурхон воҳаси, нафақат Ўзбекистон, балки бутун Ўрта Осиё минтақасининг иқтисодий, маданий ва коммуникация марказларидан бири, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.
Дарҳақиқат, сўнгги йилларда Термиз шаҳри янада чирой очиб, унинг ҳар бир манзили тобора обод бўлмоқда. Бир пайтлар тор ва нотекис кўчалар бугун равонлиги, файзи, озодалиги билан барчани хушнуд этаяпти. Жумладан, шаҳарсозликнинг энг сўнгги ютуқлари асосида қад ростлаган Термиз давлат университети, Термиз педагогика коллежи, академик лицейнинг маҳобатли ва кўркам бинолари воҳалик илмга чанқоқ, қалби қайноқ ёшларнинг севимли даргоҳлари ҳисобланади. Вилоят маркази кўркига кўрк бағишлаётган замонавий тураржойлар эса ушбу кўчаларга мос равишда бунёд этилганлиги билан алоҳида ажралиб туради.
Марказий Осиёда ягона бўлган Археология музейи ёш авлодни узоқ ўтмишимиздан бохабар этаётган бўлса, “Сурхон” ва “Алпомиш” мажмуалари, ўн минг томошабинга мўлжалланган стадион, “Дельфин” сузиш ҳавзаси, Термиз олимпия захиралари коллежи ва бошқа иншоотлар уларни спорт билан ошно тутинишга чорламоқда.
Шаҳардаги бунёдкорлик жараёни, айниқса, 5-кичик даҳадаги қурилиш ва ободонлаштириш ишлари ўтган йили янада авж олди. Ҳудуд кўчалари кенгайтирилиб, қатнов хавфсизлигини таъминлаш мақсадида унинг ўртасига панжаралар ўрнатилди. Турон маҳалласида эса янги гузар қурилиб, фойдаланишга топширилди. 850 миллион сўмдан зиёд маблағ эвазига қад ростлаган мазкур масканда маҳалла идораси, тикувчилик цехи, чойхона, ўнга яқин савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари жойлашган.
Ўтган йилнинг охирида, шунингдек, вилоят марказида “Original” маиший хизмат кўрсатиш уйи қурилиб, фойдаланишга топширилгани шаҳар аҳлига ўзига хос туҳфа бўлди.
— Ушбу мажмуани ишга туширишимизда банкдан олган кредитимиз қўл келди, — дейди маиший хизмат кўрсатиш уйи директори Муҳайё Жўраева. — Бу билан аҳолининг оғирини енгил, узоғини яқин қилаётганимиздан мамнунмиз, албатта. Шу ўринда яна бир жиҳатни алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Яъни юртимизда тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор туфайли биз кенг имкониятларга эга бўлаяпмиз. Масалан, ўзим дастлаб икки киши билан иш бошлаган бўлсам, эндиликда ҳамкасбларим сони 10 нафардан ошди. Насиба Мақсадқулова, Мафтуна Жўраева, Манзура Ҳайитова сингари ёш шогирдларим эса мустақил иш бошлаш арафасида турибди. Яқин кунларда хориждан 12 та тикув дастгоҳи келтириш ниятидамиз. Ушбу лойиҳамиз амалга ошса, яна шунча хотин-қизни иш билан таъминлаймиз.
Бугун юртимизнинг қай бир гўшасига борманг, улкан бунёдкорлик жараёнига гувоҳ бўласиз. Бу ишлар халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, иқтисодиётимиз барқарорлигини таъминлашдек эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn