Юксак эътибор ва масъулият
  • 22 Январь 2015

Юксак эътибор ва масъулият

Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида ўтган йиллар давомида миллий армиямизни шакллантириш борасида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари ҳақида атрофлича сўз юритилиб, ушбу йўналишда бошланган ишларни изчил давом эттириш, глобал хавфсизликка нисбатан турли таҳдид ҳамда хатарлар кучайиб бораётган ҳозирги мураккаб шароитда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини янада мустаҳкамлаш борасида эътибор қаратилиши лозим бўлган муҳим устувор вазифалар белгилаб берилди.

Давлатимиз раҳбари табриги барча юртдошларимиз, шу жумладан, миллий армиямиз сафида ўз бурчини шараф билан адо этаётган ҳарбийларимиз қалбига чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлади. Буни уларнинг дил сўзларидан ҳам билиш мумкин.

Кулпидин АБДИКОДИРОВ, “Жасорат” медали соҳиби, майор:
— Байрам табригини барчамиз катта ҳаяжон билан тингладик. Унда Қуролли Кучлар қурилиши борасидаги режаларга мувофиқ, ҳарбий қўшинларни модернизация қилиш ва уларни энг янги қурол-яроғ ҳамда техника, жумладан, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва вертолётлар, бронетанк қуроллари, артиллерия тизимлари, алоқа воситалари, алоҳида ва гуруҳ бўлиб ҳимояланиш воситалари билан қайта қуроллантиришга қаратилган чора-тадбирлар изчил амалга оширилаётгани, кадрлар салоҳиятини замон талаблари даражасида юксалтиришга эътибор қаратилаётгани таъкидланди. Дарҳақиқат, ҳаётга татбиқ этилаётган ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз Ватанимиз чегаралари дахлсизлиги, халқимиз осойишталигининг ишончли кафолати бўлиш билан бирга, ёш авлодимиз учун мардлик ва мустаҳкам иродани, юксак ватанпарварлик туйғусини, Ватанимизга севги ва садоқат ҳисларини тарбиялайдиган ҳаёт мактабига айланди.
Фахрланарли жиҳати, бугунги кунда мустақиллик йилларида туғилиб вояга етган, мамлакатимиздаги лицей ва коллежларда замонавий таълим-тарбия олган йигитлар армия сафларига кириб келмоқда. Улар илғор ахборот, компьютер технологияларини, хорижий тилларни пухта эгаллаган ва энг асосийси — ҳаёт ҳақида ўзининг мустақил фикри ва қарашига, ахлоқий-маънавий қадриятларига эга бўлган ёшлардир.
Яна шуни ҳам айтиш жоизки, давлатимиз томонидан биз, ҳарбийларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-маиший шароитимизни яхшилашга ҳам устувор вазифа сифатида эътибор қаратилаётир.
Табрикда шу хусусда ҳам сўз юритилиб, “Ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, уларнинг ижтимоий-маиший, яшаш ва хизматни ўташ шароитларини  яхшилашга қаратилган давлат дастурларини амалга ошириш алоҳида аҳамиятга молик вазифа бўлиб қолмоқда. Ўз ҳаётини ушбу шарафли касбга бағишлаган ҳар бир ҳарбий хизматчи яхши билиши шарт: унинг муаммолари эътиборсиз қолмайди ва оиласининг тинчлиги ва фаровонлиги ишончли равишда кафолатланган”, дея алоҳида қайд этилди. Бундай беқиёс ғамхўрлик зиммамизга катта масъулият юклайди. Келгусида ҳам мустақиллигимизни асраб-авайлаш, халқимиз тинчлигини таъминлаш йўлида фидойилик билан хизмат қилишга, Ватанимиз равнақига муносиб ҳисса қўшишга ундайди.

Исмоилжон ЖУРАЕВ, “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, сержант:
— Камтарона хизматларим қадрланиб, Ватан ҳимоячилари куни арафасида давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирланганимдан беҳад тўлқинландим. Бу ишонч мени халқимизга, Президентимизга янада садоқат билан хизмат қилишга даъват этмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг байрам табригида бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида, ён-атрофимизда хавф-хатар, низо ва зиддиятлар ҳамда қарама-қаршиликлар тобора кучайиб бораётгани, улар тинч йўл билан ҳал этилмасдан, аксинча, кескинлашаётгани афсус билан қайд этилди. Шундай бир бир шароитда ҳушёр ва огоҳ бўлиш, эришилган натижалардан хотиржамлик туйғусига берилмаслик, Қуролли Кучларимизни янада изчил ислоҳ қилиш бўйича қатъий саъй-ҳаракатларимизни давом эттириш, чегараларимизда кескинликни келтириб чиқариши мумкин бўлган барча уринишларнинг олдини олиш борасида миллий армиямизнинг тайёргарлигини кучайтириш, биз танлаб олган тараққиёт йўлига қарши қаратилган ҳар қандай тажовузкор ҳаракатларга ўз вақтида ва муносиб зарба бериш ўта муҳимлиги уқтирилди. Ушбу кўрсатмалар, албатта, келгуси фаолиятимизда асосий мезон бўлиб қолади.

«Халқ сўзи» мухбири
Фазлиддин АБИЛОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn