Ўзбекистон энг яхши сайёҳлик йўналишларига эга давлатлар рўйхатига киритилди
Версия для печати
  • 22 Январь 2015

Ўзбекистон энг яхши сайёҳлик йўналишларига эга давлатлар рўйхатига киритилди

АҚШнинг “The Huffington Post” интернет нашри энг яхши ва истиқболли сайёҳлик йўналишларига эга 15 та давлат рўйхатини эълон қилди. Эътиборли жиҳати, улар қаторига Ўзбекистон ҳам киритилган.

Бу ҳақда “Ўзбектуризм” Миллий компанияси матбуот хизмати хабар тарқатди.
Нашрда мамлакатимиз дунёнинг бой маданий марказларидан бири сифатида эътироф этилиб, бу ердан қадимда Буюк Ипак йўли ўтганлигига алоҳида урғу берилган. “Ўзбекистон Марказий Осиё марваридидир, — дейилади “The Huffington Post”да. — Икки дарё оралиғида жойлашган ушбу давлат Буюк Ипак йўлининг энг муҳим бўғини бўлган. Мамлакатдаги мустаҳкам тинчлик ва барқарорлик, ўзаро меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳити, ўзбек халқига хос меҳмондўстлик, шунингдек, қизиқарли сайёҳлик маршрутлари, меҳмонхоналар ҳамда дам олиш масканлари, юксак сифатли хизмат дунёнинг турли бурчакларидан туристларни ўзига жалб этмоқда. Ўзбекистонда сайёҳларга Самарқанд, Бухоро ва Хива сингари афсонавий шаҳарларни бориб кўришни таклиф этишади. Чунки ушбу кентларда замонавий иншоотлар билан бирга, миллий анъана ҳамда қадриятларни ўзида мужассам этган шарқона бозорлар, гузарлар ва чойхоналар мавжуд. Расталардаги миллий матолар, айниқса, эътиборни тортади. Ўз навбатида, буларнинг барчаси Буюк Ипак йўли даври ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради. Мамлакат пойтахти Тошкент ҳам бой тарихга эга бўлиб, бугунги кунда жадал тараққий этиб бораётган шаҳардир.
Табиат ошуфталари эса Ўзбекистон тоғлари, яшил водийлари гўзаллигидан баҳраманд бўлишлари мумкин”.
Маълумот ўрнида айтиб ўтамиз, “The Huffington Post” интернет нашри ахборотларни инглиз ва француз тилларида тарқатади. Уни глобал тармоқ орқали ҳар ойда 80 миллион нафардан ортиқ ўқувчи кузатиб боради.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn