Фаровонлик ва тараққиёт — бош мақсад
  • 21 Январь 2015

Фаровонлик ва тараққиёт — бош мақсад

2014 йил мамлакатимиз аҳолиси учун муваффақиятли кечиб, жамият ва ҳар бир инсон ҳаётига катта ижобий ўзгаришлар олиб кирди. “Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш марказининг навбатдаги сўровида иштирок этганларнинг қарийб 98 фоизи ана шундай фикр билдирди.

Социологик тадқиқотда шаҳару қишлоқлардаги ҳамюртларимиз, хусусан, эркаклар ва аёллар, турли ёш, миллат, эътиқод вакиллари қатнашди.
Келинг, ўтган галдаги шу каби сўровларда олинган маълумотлар билан бу сафарги кўрсаткичларни солиштириб кўрсак. Маълум бўлишича, юртимизда истиқлол йилларида барча соҳада эришилаётган ютуқларга нисбатан аҳоли томонидан берилаётган ижобий баҳо йилдан-йилга ўсиб бораяпти.
Респондентларга “2014 йилда энг кўп нимадан қувондингиз?” деган савол берилди. Улар бунга жавобан ўзларининг шахсий муваффақиятлари қаторида Ватанимизда иқтисодий, ижтимоий соҳаларда қўлга киритилаётган юксак  марралар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик равнақи учун яратилган қулайликлар, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш даражаси, таълим ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш сифати ошганини алоҳида эътироф этиб ўтдилар.
Соғлом бола йили якунлари ҳақида сўз борар экан, сўров иштирокчиларининг мутлақ катта қисми бу даврда болалар саломатлигини мустаҳкамлаш, уларнинг маънавий-ахлоқий таълим-тарбияси учун зарур шароитлар яратиш борасидаги салмоқли натижалар хусусида фахр билан тўхталиб ўтди. Айни чоғда болалар спортини ривожлантириш борасида рўёбга чиқарилган чора-тадбирлардан қониқиш ҳосил қилганини таъкидлади.
Тадқиқот мамлакат ҳудудлари ижтимоий-иқтисодий ривожланиши барқарорлигини тасдиқлади. Шунга уйғун тарзда респондентларнинг 84,2 фоизи томонидан 2015 йилга мана шундай ижобий прогнозлар билдирилди.
Фуқароларнинг кўпчилик қисми ўтган йили ўз моддий, уй-жой ва маиший ҳолатини анча яхшилаб олганини эътироф этган. Уларнинг 98 фоизи оиласи моддий фаровонлигини барқарор, деб баҳолаган.
Сўровда қатнашганларнинг фикрича, 2014 йилда аҳоли моддий даражасини ошириш, тураржой шароитлари, умуман, ҳаёт сифатини янада юксалтириш борасидаги улкан ишлар давом эттирилди. Буни узоқ муддат фойдаланиладиган маҳсулотларга эга фуқаролар сони кўпайгани мисолида ҳам кузатиш мумкин. Респондентлар томонидан ҳар икки оиланинг биттасида автомобиль, шунингдек, кир ювиш машинаси, чангюткич, параболик антенна, компьютер кабилар мавжудлиги айтиб ўтилди. Ўз навбатида, оилалар томонидан замонавий маиший ва электротехника воситаларига эга бўлиш республиканинг барча ҳудудида жадал суръатларда ҳамда нисбатан бир меъёрда кечмоқда.
Бу галги ижтимоий тадқиқот якунлари 2012/2013 йиллардаги сўровлар билан муқояса қилинганда, шу маълум бўлдики, таълим, ойлик иш ҳақини ўз вақтида олиш, саломатлиги, оиладаги ички келишмовчилик, ҳуқуқининг бузилиши билан боғлиқ муаммоларга дуч келаётган фуқаролар сони камайган. Бугун ўзбекистонликларнинг мутлақ катта қисми ўзининг шахсий уйи ёки квартирасига эга.
Одамларда қонунга ҳурмат, ҳуқуқий асосларга қатъий риоя этган ҳолда яшашга интилиш ҳисси сезиларли даражада ошган. Респондентларнинг деярли 40 фоизи фикрича, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари иши уларнинг кундалик фаолияти шаффофлиги ва шу билан боғлиқ ахборотга эга бўлиш нуқтаи назаридан яхши томонга ўзгарган. Бу давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясидаги ғоя, таклиф, қонунчилик ташаббуслари доирасида “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши шарофатидандир, албатта.
Социологик сўровга мувофиқ, фуқароларнинг мутлақ катта қисми Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан интеграцияга киришиш даражаси, хориж давлатлари билан иқтисодиёт, саноат, транспорт коммуникацияларини барпо этиш, фан, маданият, таълим, тиббиёт соҳаларидаги ҳамкорлигини юқори баҳолайди. Юртдошларимиз бугун дунёдаги нотинч вазиятда бебаҳо бойлигимиз — тинчлик ва хотиржамлик, миллатлараро ва фуқаролараро ҳамжиҳатликни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, жамиятда ўзаро дўстлик ва ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлаш ҳал қилувчи аҳамиятга эга эканлигини аниқ-равшан англайдилар.
Респондентларнинг мутлақо кўпчилиги мамлакатда обод турмуш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, фуқароларнинг жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида иштирок этиши учун барчаси муҳайё этилган, деб ҳисоблайди. Бинобарин, юртимизда эришилган улкан муваффақиятлар давлатимиз раҳбари томонидан Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинган 2015 йилда ҳам бардавом бўлади, деган собит ёндашувга замин яратди. Зеро, ўзбекистонликларнинг мутлақ катта қисми Президентимизнинг ушбу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Улар “2015 йил ҳам демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамияти қуриш, республика аҳолиси фаровонлигини янада яхшилаш йўлидаги ислоҳотлар ва ёрқин натижалар йилига айланади”, деб қатъий ишонадилар.

«Ижтимоий фикр» маркази материаллари асосида
Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn