Саломатлик муҳофазаси ва изчил ҳамкорлик
  • 21 Январь 2015

Саломатлик муҳофазаси ва изчил ҳамкорлик

Соғлом фарзанд оила қувончи, жамият ютуғидир. Шу боис мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимиз тиббиёт тизимида ҳаётга татбиқ этилаётган эзгу лойиҳалар замирида аҳоли, айниқса, оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилишдек эзгу мақсад мужассам.

Муҳими, фарзандлар саломатлигини мустаҳкамлаш ишига нафақат давлат, балки мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳам муносиб ҳисса қўшмоқда. “Соғлом авлод учун” хайрия фондининг хорижий давлатлардаги турдош ташкилотлар билан йўлга қўйган ҳамкорлиги натижасида эришилаётган ютуқлар бунга бир мисолдир. Жумладан, сўнгги уч йил ичида Фонд томонидан Германиянинг “Friedensdorf International” халқаро ташкилоти, Корея Республикасининг “Save the Children” халқаро жамғармаси, KOFIH жамғармаси, Инха ва Ча университетлари госпиталлари билан ҳамкорликда туғма юрак нуқсони, терининг куйиш асоратлари, туғма қўл-оёқ бўғимлари хасталигидан азият чекаётган болалар бепул соғломлаштирилди.
2014 йилдан эса Корея Республикасининг “Ewha Womans University” госпитали билан ҳамкорлик ўрнатилди. Ушбу муассаса Жанубий Кореядаги нуфузли шифо масканларидан бири ҳисобланади. Бу ерда энг мураккаб жарроҳлик амалиётлари ўтказилиб, муайян натижаларга эришилмоқда. Ўтган йили мазкур муассаса мутахассислари томонидан Тошкент педиатрия тиббиёт институти клиникаси, Фонднинг Тиббий-ижтимоий маркази ҳамда пойтахт вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонасида кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилди. Жорий йилда ҳам Корея Республикаси билан бир қатор соғломлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш режалаштирилган.
Куни кеча ушбу лойиҳа доирасида Жанубий Кореядан 23 нафар профессор ва малакали шифокор мамлакатимизга ташриф буюриб, “Соғлом авлод учун” халқаро хайрия фондининг пойтахтимиздаги Тиббий-ижтимоий марказида беморларни кўрикдан ўтказди.
— Фарзандимда туғма юрак хасталиги борлигини айтишганда, очиғи, жуда хавотирландим, — дейди Юнусобод туманида яшовчи Шоҳида Абзалова. — Бугун ўғлим тиббий кўрикдан ўтгач, анча хотиржам бўлдим. Шифокорлар унга бир қатор муолажалар тайинлашди. Насиб қилса, фарзандим тез орада тузалиб кетишига астойдил ишонаман.
— Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда бир қатор текширув-диагностика амалиётини бажарамиз, — дейди “Ewha Womans University” госпитали профессори Ким Жин Воо. — Кеча кун давомида пойтахтда истиқомат қилувчи кам таъминланган оилалар ҳамда ижтимоий муассасалар тарбияланувчиларидан юз нафардан зиёдини тиббий кўрикдан ўтказдик. Мақсадимиз — юртингизда аҳоли саломатлиги муҳофазасига, оз бўлса-да, ўз ҳиссамизни қўшиш.
Жанубий кореялик шифокорлар бир ҳафта давомида пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги болалар шифохонаси, шунингдек, Юқори Чирчиқ туманидаги “Ариран” кексалар уйида бўлиб, аҳолини чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказишади.

Аббос ЭРГАШЕВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn