Кичик бизнес — фаровонликни таъминлашда етакчи куч
  • 20 Январь 2015

Кичик бизнес — фаровонликни таъминлашда етакчи куч

Давлатимиз раҳбарининг мамлакатимизни 2014 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасини барчамиз телевизор орқали диққат билан эшитдик.

Маърузада “Хусусий мулк ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш мақсадида бу соҳага тўлиқ эркинлик бериш, бу йўлда ғов бўлиб турган барча тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш энг муҳим устувор вазифадир”, дея таъкидланганидан, айниқса, биз, тадбиркорларнинг ўз ишимизга бўлган қизиқишимиз янада ортиб, эртанги кунга бўлган ишончимиз тобора мустаҳкамланди.
Дарҳақиқат, юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш йўлида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Натижада истиқлол йилларида у тўлиқ шаклланиб, иқтисодиётимиз тараққиёти, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашда ҳал қилувчи етакчи кучга айланди. Кичик бизнеснинг республикамиз ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2000 йилдан буён 31 фоиздан 56 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришда 12,9 фоиздан 31,1 фоизга ўсгани, иш билан банд бўлган аҳолининг 76,5 фоиздан зиёди мазкур соҳада меҳнат қилаётгани бунга асос бўла олади.
Кўрсатилаётган юксак эътибор ва ғамхўрлик, албатта, бизни ички бозорни импорт ўрнини босувчи сифатли маҳсулотлар билан тўлдиришга руҳлантирмоқда. Жумладан, корхонамизда автомобилсозлик учун зарур бўлган 6 турдаги аккумулятор моноблоклари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Ўтган давр мобайнида 1 миллиард сўмликдан ортиқ модернизация ишлари амалга оширилиб, замонавий технологиялар жалб этилгани бу борада айни муддао бўлди.
40 кишилик жамоамиз томонидан тайёрланаётган маҳсулотларимизга талаб тобора ошиб бораяпти. Ўтган йили буюртмачиларга 5 миллиард 522 миллион сўмликдан зиёд 366 минг 500 та аккумулятор моноблоки етказиб бердик.
Жорий йилда иқтисодий кўрсаткичларни янада мустаҳкамлашга аҳд қилганмиз. Шу мақсадда банкнинг 400 миллион сўмлик кредити эвазига турли диаметрда полипропилен қувурлар ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган дастгоҳлар сотиб олдик. Яқин кунларда ушбу тармоқ ишга туширилса, яна 10 та иш ўрни очилиб, қўшимча даромад манбаи вужудга келади.
Мухтасар айтганда, давлатимиз томонидан тадбиркорлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, қулай шарт-шароитлар бизни Ватанимиз тараққиётига муносиб улуш қўшиш, эл-юрт манфаати йўлида фидокорона меҳнат қилишга ундамоқда.

Арслон ҚАЛАНДАРОВ,
Урганч шаҳридаги «Мини аккумулятор» масъулияти чекланган жамияти раҳбари.








Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn