Юрт равнақи ва масъулият
  • 16 Январь 2015

Юрт равнақи ва масъулият

Мустақиллик йилларида Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда замонавий миллий армияни ташкил этиш бўйича улкан ишлар тизимли ва босқичма-босқич равишда амалга оширилди. Бугунги кунга келиб ана шу ислоҳотлар ўзининг ижобий натижасини бермоқда.

Буни армиямиздаги ахлоқий-руҳий, маънавий муҳитнинг бутунлай янгиланганида, жамиятимизда ҳарбий хизматга нисбатан ёндашув тамомила ўзгарганида яққол кўриш мумкин. Йигитларимиз учун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шарафга айланди.     
Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида соҳада олиб борилган ишлар кенг таҳлил этиб берилди. Унинг ҳуқуқий асосларига алоҳида тўхталиб ўтилди. Ўз навбатида, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталикни янада мустаҳкамлаш йўлида яқин ҳамда ўрта истиқболдаги қатор вазифалар санаб ўтилди. Уларнинг ўз вақтида ва тўла-тўкис ижро этилиши Қуролли Кучларимиз салоҳиятини янада оширишнинг муҳим шарти ҳисобланади.
Маълумки, Конституциямизда Қуролли Кучлар Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ва осуда ҳаётини  ҳимоя қилиш учун ташкил этилиши белгилаб қўйилган. Мазкур тинчликсевар, прогрессив норма Ўзбекистон Республикасининг бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий доктринаси мудофаа  характерига эга бўлса, мамлакатимиз Ташқи сиёсий фаолияти концепциясида Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида хорижий давлат ҳарбий базалари ва объектлари жойлаштирилишига йўл қўймаслиги қайд этилган. Шу билан бир қаторда, тинчликсевар сиёсат юритиш, ҳарбий-сиёсий блокларда иштирок этмаслик, ҳар қандай давлатлараро тузилмалар ҳарбий-сиёсий блокка айланган тақдирда улардан чиқиб кетиш каби Ўзбекистоннинг принципиал позицияси ҳам  мазкур Концепцияда мустаҳкамлаб қўйилган.
Истиқлол йилларида парламентимиз томонидан тинчлик, осойишталик ва барқарорликни таъминлашга қаратилган қатор қонунлар қабул қилиндики, улар Қуролли Кучларимиздаги ислоҳотларнинг муҳим ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. Булар сирасига “Мудофаа тўғрисида”ги, “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари резервидаги хизмат тўғрисида”ги ва бошқа қонунларни киритиш мумкин.
Айни чоғда давлатимиз раҳбари қарорига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгаши ташкил этилган. Мана, икки йилдирки, Жамоатчилик кенгаши халқимиз тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш, мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш, замонавий миллий армиямизни шакллантириш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар ва улар бераётган юксак самараларни халқимизга етказиш, миллий армиямизнинг салоҳияти ҳамда қудратини кенг тарғиб этиш, ҳарбий хизматни ўтаётганлар ва чақирилувчи ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш каби муҳим йўналишларда фаолият олиб бораяпти.
Биз, депутатлар аҳоли ўртасида мамлакатимиз мудофаа тизимидаги ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини кенг тушунтиришимиз, давлатимиз раҳбариятининг минтақамизда тинчлик ва осойишталикни таъминлаш борасида илгари сураётган таклиф ҳамда ташаббусларини тарғиб қилишимиз, уларнинг ижроси йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ишларда фаол иштирок этишимиз мақсадга мувофиқдир. 
Шулар қаторида ёш авлод онгу шуурида Ватан тақдирига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ишига янада кўпроқ кўмаклашишимиз лозим. Хусусан, бу борада тарғибот тадбирларининг таъсирчанлигини оширишга бирламчи вазифа сифатида эътибор қаратиш зарур. Буларнинг барчаси юртимиз тинчлиги, халқимиз осойишталиги ва минтақавий хавфсизликни таъминлаш бўйича давлатимиз томонидан олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар аҳамияти, мазмун-моҳиятини жамоатчилик ўртасида кенг  тушунтиришдек эзгу амалга муносиб ҳисса бўлиб қўшилади.

Қодир ЖЎРАЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Компьютер орқали хизмат »