Осуда ҳаётимизнинг ишончли кафолати
  • 15 Январь 2015

Осуда ҳаётимизнинг ишончли кафолати

Мамлакатимизда миллий байрамимиз — Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги кенг нишонланмоқда.
Анъанага мувофиқ, 14 январь куни Мустақиллик майдонида Мудофаа, Ички ишлар ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитасининг вакиллари тантанали тарзда саф тортди.

Ўзбекистон Республикасининг Давлат мадҳияси янгради.
Ўз тақдирини ўз қўлига олишни ният қилган дунёдаги бирорта давлат истиқлол деб аталмиш бебаҳо неъматни ҳеч қачон осонлик билан қўлга киритган эмас. Ҳаётнинг турли синов ва қийинчиликларини, мураккабликларини бошидан кечирган халқимиз бу ҳақиқатни жуда яхши англайди, қалбан теран ҳис қилади. Президентимизнинг жасорати, мардлиги туфайли жонажон Ўзбекистонимиз ўз мустақиллигига эришди.
Одамларимизнинг кўнглида келажакка ишонч туйғуси уйғонди, бир тану бир жон бўлиб, шу азиз заминни обод қилиш, эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган иштиёқи юксалди. Миллий анъаналаримиз, азалий қадриятларимиз қайта тикланди, аждодларимизга ҳурмат-эҳтиром кўрсатилди. Эътиборлиси, мамлакатимизнинг ҳар бир гўшаси йилдан-йилга чирой очиб бораяпти. Кўркам бинолар, маданий-маиший иншоотлар, таълим муассасалари, йўллар, кўприклар қурилмоқда, қисқаси, инсон бахтли яшаши учун нимаики зарур бўлса, барчаси яратиб берилаётир. Шундай экан, бунинг қадрига етиш, тинчлигимиз, осмонимиз мусаффолигини асраб-авайлаш ҳар биримизнинг бурчимиздир.
Ҳар гал энг муқаддас ва мўътабар масканларимиздан бири — Мустақиллик майдонига қадам қўяр эканмиз, хаёлимиздан беихтиёр ана шу фикрлар ўтади.
Албатта, қўлга киритилаётган ютуқларда бугунги замон талаблари даражасида шакллантирилган миллий армиямизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Зеро, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида қайд этилганидек, мустақил демократик Ўзбекистон давлатини барпо этиш ва ривожлантириш бўйича биз босиб ўтган буюк ва шонли йўл миллий армиямизнинг — ён-атрофимиздаги мураккаб ва таҳликали вазиятда тобланган, Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги, халқимизнинг тинч-осойишта ҳаётининг ҳамиша ишончли кафолати бўлиб келган ва бугунги кунда ҳам шундай бўлиб қолаётганини неча бор исботлаб берган мамлакатимиз Қуролли Кучларининг шаклланиши билан узвий ва чамбарчас боғлиқ ҳолда кечди, деб айтишга бугун барча асосларимиз бор. Ҳар қандай давлатнинг куч-қудрати ва имкониятларига унинг армиясининг жанговар қобилияти ва жанговар тайёргарлигига қараб баҳо берилиши бежиз эмас ва бундай қараш мустаҳкам асосга эгадир.
...Ватан ҳимоячилари ҳарбий оркестр мусиқа садолари остида ҳурриятимиз, порлоқ истиқболимиз ва эзгу ниятларимиз рамзи бўлган Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гуллар қўйдилар.
Бу анъана замирида халқимиз учун осойишталик, фаровонлик истиқлол берган энг бебаҳо неъмат, уни қадрлаш, авайлаш барчамизнинг зиммамиздаги улкан масъулиятдир, деган теран маъно мужассам.

* * *

Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбирлар жойларда давом этмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигида бўлиб ўтган тантанада давлатимиз раҳбарининг байрам табригида Ватан ҳимоячилари олдига қўйилган энг муҳим вазифалар ҳақида сўз борди.
Президентимизнинг 2015 йил 12 январдаги Фармонига мувофиқ, мамлакат мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизлик ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун мукофотланганлар орасида Мудофаа вазирлиги тизими ходимлари ҳам бор.
Тадбирда уларга Ватанимизнинг ана шу юксак мукофотлари топширилди.

Шавкат ОРТИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ олган сурат.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn