Ватан ҳимоячилари — доимо эъзозда
  • 15 Январь 2015

Ватан ҳимоячилари — доимо эъзозда

Юртимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ҳимоя қилиш, бошқача айтганда, тинч ва хотиржам ҳаётимизни асраб-авайлаш ҳар бир йигит учун нафақат конституциявий бурч, балки юксак шон-шараф ишидир.

Бинобарин, халқимиз эришаётган муваффақиятлар, фаровон турмушимизнинг асоси ҳам ана шу бебаҳо неъмат — осойишталик шарофатидан. Президентимиз Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига йўллаган байрам табригида  қайд этиб ўтганидек, мустақиллик йилларида ҳар томонлама тайёргарликка эга ва армияда чиниқиш мактабини ўтаган, ҳар қандай фурсатда Ватан ҳимояси учун тайёр бўлган бутун бир авлод вояга етди ва мустаҳкам оёққа турди, деб фахру ифтихор билан таъкидлашимиз мумкин.
Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан жойларда бўлиб ўтган байрам тадбирларида ҳам ана шу жиҳатлар яна бир карра эътироф этилиб, юксак масъулиятли вазифани муносиб уддалаётган аскар,  сержант ҳамда офицерлар муносиб шарафланди.
Жумладан, Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 23 йиллиги Бухорода ўз йигитлик бурчини ўтаётган қорақалпоғистонлик Мирад Базарбаев учун эсда қоларли бўлди. Негаки, ушбу сана муносабати  билан унинг ота-онаси ҳарбий қисм командирининг миннатдорлик хатини олди.
Ташаккурномада оддий аскар М. Базарбаев муддатли ҳарбий хизматни намунали ўтаётгани айтилиб, шундай тиришқоқ, интилувчан, мард фарзандни тарбиялаб, вояга етказгани учун уларга миннатдорлик билдирилган. Байрам Мирадга ўхшаган ўнлаб йигитлар оилаларига ана шундай қувончли онларни туҳфа этди.
Бухоро вилояти мусиқали драма театрида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллигига бағишлаб ўтказилган тантанали йиғилиш ҳам шундай унутилмас дамларнинг мантиқий давоми бўлди. Унда сўзга чиққанлар тарихан қисқа муддатда шаклланган миллий армиямиз, ҳарбий хизматчиларнинг профессионал тайёргарлигини юқори даражага кўтариш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида алоҳида тўхталдилар. Бир гуруҳ ҳарбий хизматчиларга қимматбаҳо совғалар топширилди. Таниқли санъаткорлар иштирокидаги концерт дастури тадбирга янада файз киритди.
Сирдарёда Ватан ҳимоячиларини шарафлашга бағишланган тадбирлар вилоят марказидаги Хотира майдонида қад ростлаган “Мотамсаро она” монументи пойига гуллар қўйиш билан бошланди. Сўнгра вилоят мусиқали драма театри биносида тантанали йиғилиш ва байрам концерти ўтказилди.
— Жорий йил Ватан ҳимоячилари кунини эгнимда ҳарбий либос билан кутиб олганимдан беҳад хурсандман, — дейди тадбир иштирокчиси, оддий аскар Акромжон Сахитдинов. — Бу либос менга чинакам матонат эгаси бўлиш, юртга янада садоқат билан хизмат қилиш масъулиятини юклади. Шу тариқа аскарлик йигит киши учун шарафли бурч бўлиши баробарида, ҳаёт мактаби эканлигини ҳам теран англаб етдим. Ҳеч шубҳасиз, муддатли ҳарбий хизмат давомида олган сабоқларим жамиятдан муносиб ўрин топишимда, орзуларим рўёбида ўз самарасини беради.
Тадбирда тинчлигимиз ва осойишталигимиз йўлида намунали хизмат қилаётган бир гуруҳ аскарлар, сержант ва офицерлар, юрт посбонларига қимматбаҳо совғалар топширилди.
Самарқанд шаҳридаги “Концерт зали”да Ватан ҳимоячилари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимда ҳарбийлар, кенг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари вакиллари қатнашди. Унда истиқлол йилларида миллий армиямизни шакллантириш, унинг куч-қудрати ва салоҳиятини юксалтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар хусусида сўз юритилди. Якунда эса, юрт ҳимоясига бел боғлаган ҳарбий хизматчиларнинг бир гуруҳига вилоят ҳокимлигининг  фахрий ёрлиқлари ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
Шунингдек, тантана иштирокчилари Амир Темур мақбарасини зиёрат қилдилар. Саломатлигини тиклаётган соҳа ходимлари ҳолидан хабар олиниб, уларни байрам билан қутладилар.
Жиззахда байрам иштирокчилари вилоят марказидаги Хотира майдонида жам бўлиб, “Мотамсаро она” ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйишди.
Байрамнинг асосий тантаналари эса Юнус Ражабий номидаги вилоят мусиқали драма театрида бўлиб ўтди. Бу ерга Марказий ҳарбий округ ҳарбий қисмлари, Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари аскар ва офицерлари, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари ҳамда ўқитувчилари, ҳарбийларнинг оила аъзолари, уруш ва меҳнат фахрийлари, вилоят ҳокимлиги, жамоат ташкилотлари ва ОАВ вакиллари таклиф этилди. Тантанали йиғилишда сўзга чиққанлар миллий армиямиз юртимиз сарҳадлари, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳар қандай тажовузкор ва ёвуз кучлардан ҳимоя қилишга қодир эканлигини, бунинг учун мудофаа салоҳияти мунтазам ошириб борилаётганини айтиб ўтдилар.
Қашқадарёда қутлуғ сана муносабати билан вилоят ҳокимлиги, мудофаа, ички ишлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармалари ходимлари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари “Эл-юрт таянчи” монументи пойига гуллар қўйиб, ўз ҳурмат-эҳтиромларини намоён этишди.
Шундан  сўнг  байрам  тадбирлари ҳарбий қисмларда, меҳнат жамоалари ҳамда маҳаллаларда  давом этди. Уларда уруш ва меҳнат фахрийлари, “Нуроний” жамғармаси, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати вилоят кенгаши фаоллари қатнашиб, миллий армиямизнинг юрт тинчлигини сақлаш, мустақиллигимизни асраб-авайлаш борасидаги аҳамияти тўғрисида сўз юритдилар. Қуролли Кучлар фахрийларидан  ва  хизмат  бурчини  ўташ чоғида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар оилаларидан хабар олинди.
Пойтахт вилоятида байрам тадбирлари Тошкент ҳарбий округи таркибидаги ҳарбий қисмлар, шунингдек, таълим муассасалари, давлат ва жамоат ташкилотларида “Ватан — улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остидаги маърифий кечалар, учрашув ва мулоқотлардан бошланди. Олмалиқ шаҳрида ташкил этилган асосий тантанали маросимга йигитлик бурчини намунали ўтаётган муддатли ҳарбий хизматчилар, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти курсантлари, шунингдек, вилоят ҳуқуқ-тартибот идораларида фидокорона хизмат қилаётган соҳа вакиллари таклиф этилди.
Сўзга чиққанлар мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ҳимоя қилишга қодир Қуролли Кучларимизни ташкил этиш, унинг куч-қудрати ва салоҳиятини ошириш борасида ҳаётга татбиқ қилинган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг самаралари хусусида тўхталдилар. Хизматда чинакам мардлик ва жасорат намуналарини кўрсатаётган аскар ва сержантлар, соҳа вакилларига вилоят ҳокимлигининг эсдалик совғалари топширилди. Ҳарбий оркестр ҳамда Чирчиқ шаҳридаги академик лицей ўқувчилари тайёрлаган мусиқий дастур, шунингдек, санъат усталари ва ижрочи ёшларнинг чиқишлари кечага байрамона файз бағишлади.
Бундай тадбирлар мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам кўтаринки руҳ ва юксак савияда ташкил этилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn