Бурч ва садоқат эътирофи
  • 15 Январь 2015

Бурч ва садоқат эътирофи

Давлат божхона қўмитасида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ўтказилган тадбирда пойтахтимиз ҳамда Тошкент вилояти божхона бошқармалари, “Тошкент-Аэро” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Миллий кинология маркази, Олий ҳарбий божхона институти вакиллари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Тадбирда таъкидланганидек, Қуролли Кучларимиз ўтган қисқа даврда замонавий қурол-яроғ ва техника билан ҳар томонлама яхши таъминланган, ҳаракатчан, юксак талаб ва стандартларга жавоб берадиган армия сифатида тўлиқ шаклланди. Мамлакатимиз Қуролли Кучлари ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари қаторида Давлат божхона қўмитаси ҳам юртимиз хавфсизлиги ва миллий манфаатларимизни таъминлашдек долзарб вазифаларни муваффақиятли бажариб келмоқда.
Бу борада божхона органларида амалга оширилаётган ислоҳотлар муҳим омил бўлиб хизмат қилаётир. Хусусан, уларнинг фаолиятини такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, шунингдек, замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, божхона постлари моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, контрабанда ва божхона қонунлари бузилишига қарши курашиш борасидаги саъй-ҳаракатлар бугун ўз самарасини бераяпти. Биргина 2014 йилда тизим ходимлари томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда 23 мингдан ортиқ қонунбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати салкам 155 миллиард сўмдан зиёд бўлган товар-моддий бойликлар ушлаб қолинди.
Эътиборлиси, божхоначиларнинг фидокорона хизмати давлатимиз томонидан муносиб рағбатлантирилмоқда. Президентимизнинг шу йил 12 январдаги Фармонига биноан, юртимиз осойишталиги, сарҳадларимиз дахлсизлиги йўлида садоқат билан хизмат қилиб келаётган ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимлари қаторида Ватанимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланганлар орасида божхоначилар ҳам борлиги ана шундан далолатдир.
— Мазкур мукофотни камтарона меҳнатимга берилган юксак баҳо, деб биламан, — дейди “Жасорат” медали соҳиби, Давлат божхона қўмитасининг Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси “Болдир” темир йўл чегара божхона пости кичик инспектор-кинологи Отабек Назаров. — Айни чоғда у зиммамдаги масъулиятни янада оширади, вазифамни юқори савияда давом эттиришда рағбат бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда давлатимизнинг юксак мукофотлари ўз эгаларига топширилди. Хизмат фаолиятида ўрнак кўрсатиб келаётган бир гуруҳ соҳа ходимлари ҳам байрам муносабати билан тақдирланди.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn