Қулайлик ва сифатли хизмат — асосий мезон
  • 15 Январь 2015

Қулайлик ва сифатли хизмат — асосий мезон

Тошкент шаҳрида замонавий инфратузилманинг муҳим таркибий қисми ҳисобланган жамоат транспорти давр билан ҳамоҳанг ривожланмоқда. Пировардида хориждан ва юртимизнинг турли ҳудудларидан келган меҳмонлар ҳамда сайёҳлар билан ҳамиша гавжум пойтахтимизда йўловчиларга сифатли транспорт хизмати кўрсатиш қамрови кенгайиб бораётир.

Давлатимиз раҳбарининг 2013 йил 9 октябрдаги “Тошкент шаҳрида йўловчи ташиш транспортини ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бу борада дастуриламал бўлмоқда.
“Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси шаҳар йўловчи транспорти хўжалик бошқарувининг ваколатли органи бўлиб, унинг таркибида 9 та автобус саройи, “Тошкент метрополитени” давлат унитар корхонаси, “Тошкент трамвайи”, “Тоштрансдиспетчерхизмат”, “Тошйўловчитрансхизмат”, “Тошавтотаъмирхизмат” каби ўнга яқин корхоналар фаолият кўрсатмоқда. Компания томонидан йўловчи ташиш хавфсизлигини таъминлаш, транспорт воситаларининг йўналишларда белгиланган жадвал бўйича оралиқдаги вақтга қатъий риоя этган ҳолда ҳаракатланишига алоҳида эътибор қаратилаётир.
Айни пайтда пойтахтимизда 142 та йўналиш бўйлаб 1400 дан зиёд автобус ҳаракатланмоқда. Йўловчи ташиш сифатини янада ошириш ва аҳолига қулайлик яратиш мақсадида “Mercedes-Benz” ва “Isuzu” русумли замонавий автобуслар харид қилиниб, йўналишларга чиқарилаяпти. Ўтган йили Тошкент шаҳрида жамоат транспортлари орқали 309 миллион нафардан ортиқ йўловчига хизмат кўрсатилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлигида “Тошшаҳартрансхизмат” акциядорлик компанияси мутасаддилари иштирокида ўтган анжуманда жамият ижтимоий, иқтисодий ва маданий ҳаётининг кўрсаткичларидан бири — жамоат транспорти тизимида рўёбга чиқарилаётган саъй-ҳаракатлар кенг муҳокама этилди. Жамоат транспортига дахлдор масалалар бўйича фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилишда замонавий ахборот-коммуникация воситаларидан фойдаланилаётгани, интерактив хизматлар йўлга қўйилгани ўзининг ижобий самарасини бераётгани таъкидланди. Шу билан бирга, тизимдаги корхоналарни техник ва технологик янгилаш, аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида электрон тўловларни жорий этиш юзасидан ишлаб чиқилган истиқболли дастурлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берилди.

Фарида  МАҲКАМОВА,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Таъминотда узилиш бўлмайди Қисқа сатрларда »