Юртимиз тинчлигининг мустаҳкам қалқонлари
  • 14 Январь 2015

Юртимиз тинчлигининг мустаҳкам қалқонлари

Пойтахтимиздаги “Туркистон” саройида Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Шу муносабат билан бу ерга аскар ва сержантлар, курсантлар, офицерлар, генераллар, Қуролли Кучларимиз фахрийлари ва жамоатчилик вакиллари ташриф буюрди.

Тантанали маросимни Тошкент шаҳар ҳокими Р. Усмонов очди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат мадҳияси янгради.
Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги муносабати билан Ватан ҳимоячиларига байрам табригини Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазири Қ. Бердиев ўқиб эшиттирди.
 Ҳар қандай эзгу мақсаднинг амалга ошиши, аввало, жамиятдаги тинчлик ва хотиржамликка боғлиқ. Бу барча замонларда ўз исботини топган ҳаётий ҳақиқатдир. Айниқса, ҳозирги глобаллашув даврида инсоният осойишталикнинг қадр-қимматини, унинг нақадар улуғ неъмат эканлигини янада теранроқ англаб етмоқда. Чунки бугун дунёда кескинлик ва хавф-хатарлар тобора ўсиб, геосиёсий қарама-қаршиликлар, радикализм, терроризм ва экстремизм каби таҳдидлар кучайиб бораяпти, молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этмоқда. Бундай воқеа-ҳодисалар бизни тўғри хулоса чиқаришга, ҳушёр ва огоҳ бўлишга, шукроналик ҳисси билан яшашга, истиқлолимизни, қўлга киритган аҳамияти бебаҳо ютуқларимизни қадрлаш, уни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундайди.
Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда “ўзбек модели” деб ном олган мустақил тараққиёт йўлимиз асосида осмонимиз мусаффолигини сақлаш, иқтисодиётимизни ривожлантириш ва халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш борасида улкан натижаларга эришилди. Ана шу ютуқларимизда Қуролли Кучларимизнинг ҳам алоҳида ўрни бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлигининг ишончли кафолатидир. Бу Конституциямизда ҳам ўз ифодасини топган. Жумладан, Асосий Қонунимизда белгилаб қўйилганидек, “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари Ўзбекистон Республикасининг давлат суверенитетини ва ҳудудий яхлитлигини, аҳолининг тинч ҳаёти ва хавфсизлигини ҳимоя қилиш учун тузилади”. Ушбу мезон асосида шакллантирилган профессионал армиямиз сафларида бугун Ватанга садоқатли, жисмоний ва маънавий жиҳатдан етук, мард ўғлонлар хизмат қилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар бир давлатнинг мустақиллиги, хавфсизлиги, чегаралари дахлсизлигини, аввало, унинг армияси, Қуролли Кучлари ҳимоя қилиши лозим. Шу боис ҳам истиқлолнинг илк йиллариданоқ мамлакатимиз мудофаасини таъминлаш масаласи давлатимиз сиёсатининг энг муҳим устувор йўналишларидан бири сифатида белгилаб олинди. Чунончи, Президентимизнинг 1991 йил
6 сентябрдаги Фармони билан Мудофаа ишлари вазирлиги ташкил этилди. 1992 йил
14 январь куни юртимиз ҳудудида жойлашган барча ҳарбий тузилмалар Ўзбекистон Республикаси юрисдикциясига ўтказилди. Ўша кундан эътиборан миллий армиямизга асос солинди.
Ўтган давр мобайнида ҳаётга татбиқ этилган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ҳаракатчан, замонавий талабларга жавоб берадиган, яхши тайёргарликка эга армиямиз шаклланди. Қуролли Кучларимизни ташкил этиш ҳамда бошқаришнинг мутлақо янги тизими вужудга келди, унинг сафини тўлдириш такомиллаштирилди. Муддатли ҳарбий хизматга чақирувнинг бир йилда бир марта ташкил этилаётгани, қўшинларда шартнома асосида хизмат қилаётганлар таркибининг сезиларли даражада кенгайгани, сафарбарлик чақируви резервидаги ҳарбий хизматнинг жорий этилгани армиямизнинг қиёфасини, ҳарбий жамоалардаги маънавий муҳитни тубдан ўзгартирди.
Бугунги кун ҳарбийлардан нафақат жисмоний тайёргарликка, балки юксак ақл-идрок, интеллектуал салоҳият, алоҳида руҳий-маънавий хусусият ва фазилатларга эга бўлишни, ахборот-компьютер технологияларининг сир-асрорларини пухта билишни тақозо этади. Ушбу жиҳатлар мамлакатимиздаги ҳарбий қисмлар, сержантлар тайёрлаш мактаблари, олий ҳарбий таълим муассасаларидаги ўқув жараёнларида алоҳида эътиборга олинган. Хусусан, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Самарқанд олий ҳарбий автомобиль қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти, Тошкент ахборот технологиялари университети Махсус факультети, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультетидан профессионал, назарий ва амалий билимларни пухта эгаллаган юксак салоҳиятли офицер кадрлар етишиб чиқмоқда. Бундан ташқари, 1995 йилда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси очилди. Марказий Осиёда ягона ҳисобланган мазкур даргоҳ зиммасига олий қўмондонлик таркибидаги офицерларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек, мудофаа қурилиши соҳасидаги илмий-амалий тадқиқот ҳамда ишланмаларни мувофиқлаштириш, юртимизда ҳарбий таълимни ривожлантириш каби устувор вазифалар юклатилган.
Миллий армиямизда ўз бурчини ўтаб қайтган фуқароларга ҳам давлатимиз алоҳида эътибор қаратмоқда. Олий таълим муассасаларига ўқишга киришда уларга имтиёзлар белгилаб қўйилгани, ишга жойлашишда амалий ёрдам кўрсатилаётгани бунинг тасдиғидир. Хусусан, Президентимизнинг 2012 йил 31 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафида муддатли ҳарбий хизматни ўтаб бўлган фуқароларга имтиёзлар тизимини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тегишли тавсияномасини олган фуқароларга республика олий ўқув юртларига ўқишга киришда тест синовларида тўплаш мумкин бўлган энг кўп баллнинг 27 фоизи миқдорида қўшимча балл бериш жорий қилинган. Бундай ғамхўрлик уларнинг ҳаётда ўз ўрнини топишида муҳим аҳамият касб этаётир.
Мамлакатимизда ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими йўлга қўйилган. Жумладан, замонавий ҳарбий шаҳарчалар барпо этиш ва реконструкция қилиш, бу объектларда энг юксак талабларга ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит ҳамда инфратузилмаларни яратиш бўйича қабул қилинган давлат дастурлари ана шу мақсадларни кўзда тутади. Шу асосда 2014 йилда ҳам кўплаб ҳарбийларимиз давлатимизнинг бу борадаги ғамхўрлиги натижасида кўркам уй-жойларга эга бўлди.
Бу йил Ватан ҳимоячилари куни юртимизда “Ватан — улуғ, бурчим муқаддас!” шиори остида нишонланмоқда. Кенг жамоатчилик, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши томонидан ушбу мавзуда ҳарбий қисм ва бўлинмаларда, барча вилоятлар, олис қишлоқ ва маҳаллаларда кўплаб учрашувлар, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказилаяпти.
Президентимизнинг 2015 йил 12 январдаги Фармонига мувофиқ, Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, Мудофаа ва Фавқулодда вазиятлар вазирликлари ходимларидан бир гуруҳи орден ва медаллар билан тақдирланди. Йиғилишда уларга Ватанимизнинг ана шу юксак мукофотлари топширилди.
— Қуролли Кучларимиз ўтган тарихан қисқа даврда мураккаб шаклланиш йўлини босиб ўтди ва бугунги кунда профессионал армия сифатида ўзини намоён этмоқда, — дейди “Жасорат” медали соҳиби, сержант Эркин Жумабоев. — Эътиборлиси, ҳозир Қуролли Кучларимиз сафида мустақиллик йилларида туғилиб ўсган, икки-учта тилни биладиган, дунёқараши кенг, жисмоний ва маънавий жиҳатдан соғлом, ватанпарвар ўғлонлар хизмат қилмоқда. Улардаги юртга дахлдорлик, халқимизга ва Президентимизга содиқлик ҳисси қалбимизда ўзгача фахр уйғотади. Биз, ҳарбийларни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-маиший шароитимизни яхшилаш масаласи ҳам давлатимизнинг доимий диққат-эътиборида. Буни ҳар биримиз дилдан ҳис қиламиз. Бугун ҳаётимда унутилмас кун. Президентимиз фармонига мувофиқ, шундай тантанали равишда Ватанимизнинг юксак мукофоти билан тақдирландим. Билдирилган ишончни оқлаш, халқимизнинг тинч ва фаровон ҳаётини ҳимоя қилиш йўлида бор кучимни сарфлайман.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларида анъанага айланган танловга асосан, энг илғор олий ҳарбий таълим муассасаси, сержантлар тайёрлаш мактаби, мудофаа ишлари бошқармаси аниқланди. Тадбирда ана шу танлов ғолибларига диплом ва эсдалик совғалари топширилди.
Йиғилишда сўзга чиққан “Мардлик” ордени соҳиби, капитан Жаҳонгир Ваҳобов, “Жасорат” медали соҳиби, кичик сержант Жаҳонгир Ҳусанов, аскар онаси Зулхумор Раҳмонқулова, Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов ва бошқалар барча Ватан ҳимоячиларини байрам билан табриклаб, Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Ислом Каримовга ҳарбий хизматчиларга кўрсатаётган доимий эътибори ва ғамхўрлиги учун самимий миннатдорлик изҳор этди.
Тантанали маросимда катта байрам концерти намойиш қилинди.
Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери
Н. Исмоилов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш. Мирзиёев иштирок этди.

Шавкат ОРТИҚОВ,
Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбирлари.
Шомурот ШАРАПОВ олган сурат.












Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn