Ватанга хизмат — олий саодат
  • 14 Январь 2015

Ватанга хизмат — олий саодат

Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Маданият саройида Қуролли Кучларимиз ташкил этилганининг 23 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда ички ишлар тизимида хизмат қилаётган ходимлар, соҳа фахрийлари, давлат ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазири, генерал-лейтенант А. Аҳмадбоев ва бошқалар қайд этганидек, ички ишлар идоралари бугунги кунда мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашишни янада кучайтириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Зиммаларига юклатилган вазифаларни сидқидилдан бажараётган осойишталик посбонларининг хизмати таҳсинга сазовор. Айниқса, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидаги профилактика инспекторларининг аҳоли ўртасида олиб бораётган тарғибот-тушунтириш тадбирлари жамиятда соғлом муҳит барқарорлигига хизмат қилмоқда.
Албатта, бунда зарур ташкилий, ҳуқуқий шарт-шароит яратилгани, шахсий таркибнинг ҳар томонлама тайёргарлиги мунтазам оширилаётгани, ички ишлар ходимлари давлатимиз томонидан доимий рағбатлантириб борилаётгани муҳим ўрин тутади. Чунончи, Президентимизнинг 2015 йил 12 январдаги Фармонига биноан, мамлакат мудофаа қудратини янада юксалтириш, миллий хавфсизлик ва чегараларимиз дахлсизлигини таъминлаш, миллий манфаатларимизни ҳимоя қилиш борасидаги хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун мукофотланганлар орасида ички ишлар органлари ходимлари ҳам бор.
Тадбирда ана шу мукофотлар ўз эгаларига топширилди.
— Президентимизнинг ушбу Фармони биз, соҳа ходимларига билдирилган юксак ишонч ва эътиборнинг ёрқин ифодасидир, — дейди “Содиқ хизматлари учун” медали соҳиби, Самарқанд вилояти Иштихон тумани ички ишлар бўлими профилактика катта инспектори, майор Акбаржон Жалилов. — Бундай рағбат юртимизда тинчликни сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, аҳоли, айниқса, ёшлар манфаатларини таъминлашда зиммамизга янада катта масъулият юклайди. Келгусида билдирилган ишончни оқлаб, она-Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишда бор куч-ғайратимизни аямаймиз.
— Мамлакатимиз тинчлиги ва осойишталиги, фуқароларнинг осуда ҳаёт кечиришларини таъминлаш — муқаддас бурчимиз, — дейди “Шуҳрат” медали соҳиби, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги Қоровул қўшинлари бош бошқармаси ҳарбий қисм қоровул бошлиғи Эргаш Салимов. — Ватанга хизмат қилиш — катта шараф, шу билан бирга, ғоятда масъулиятли вазифадир. Ҳар доим шуни чуқур ҳис этган ҳолда хизматга отланаман. Камтарона меҳнатимиз давлатимиз томонидан юксак баҳолангани бизни янада шижоат билан хизмат қилишга ундайди.
Тадбирда санъаткорлар иштирокида концерт дастури намойиш этилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn