Янги мажмуа фойдаланишга топширилди
  • 14 Январь 2015

Янги мажмуа фойдаланишга топширилди

Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Фуқаро муҳофазаси институтида зилзилаларни симуляция қилиш мажмуаси фойдаланишга топширилди.

Мажмуа Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, БМТ Тараққиёт дастури билан ҳамкорликда Марказий Осиёдаги DIPECHO VII табиий офатларга тайёргарликни таъминлаш дастури доирасида ташкил этилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда вазирлик ва идоралар, Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастури, ЕХҲТ, Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси, Гуманитар ёрдам ва фуқаро муҳофазаси бўйича Европа комиссияси (ECHO), Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки вакиллари иштирок этди.
Табиий тусдаги фавқулодда ҳолатларга тайёр туриш долзарб масаладир. Бундай таҳдидларга қарши туриш мақсадида 2011 йил 19 июлда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Аҳолини зилзилалар оқибатида юзага келган фавқулодда вазиятларда (табиий ва техноген тусдаги) ҳаракат қилишга тайёрлаш комплекс дастурини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжат табиий ва техноген тусдаги фавқулодда вазиятларда тезкорлик билан ҳаракат қилиш, аҳолини бундай офатлардан огоҳлантириш ва унга тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришнинг асоси бўлиб хизмат қилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазири, генерал-майор Т. Худайбергенов мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида турли фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ва уларга қарши курашишнинг самарали тизими яратилганини таъкидлади. Мазкур тизим фавқулодда вазиятларни аниқ прогноз қилиш, тезкор огоҳлантириш ва табиий офатларнинг оқибатларини бартараф этишга йўналтирилган. Зилзилаларни симуляция қилиш мажмуаси бу борада амалга ошириладиган ишларда муҳим ўрин тутади. Ушбу мажмуа аҳоли ва ҳудудларни фавқулодда вазиятлардан муҳофаза қилиш соҳасида кадрлар тайёрлаш даражасини ошириш имконини беради.
Янги мажмуада зилзилалар туфайли вайрон бўлган биноларнинг макетлари жойлаштирилган зал мавжуд. Шунингдек, бу ерда зилзилалар музейи, ер силкинишига ўхшаш ҳолатни юзага келтирадиган махсус ўқув тренажёри билан таъминланган бино, тиббиёт хонаси бор.
Тадбир иштирокчилари мамлакатимизда амалда бўлган аҳолини зилзилалар рўй берганда ҳаракатланишга тайёрлаш, ер силкинишларини прогноз ва мониторинг қилиш бўйича комплекс дастур, гидротехник иншоотлар ва тураржойларнинг сейсмик барқарорлигини баҳолаш жараёни билан таништирилди.
— Зилзилаларни симуляция қилиш мажмуаси менда катта таассурот қолдирди, — дейди Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикасидаги делегацияси раҳбари, элчи Юрий Штерк. — Ер силкинишига ўхшаш ҳолатни юзага келтирадиган янги тренажёр Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Ўзбекистонда жорий этилган фавқулодда вазиятларда ҳаракатланишни ўргатадиган яхлит ва чуқур ўйланган дастур эътиборга лойиқдир.

Роман БОНДАРЧУК,
ЎзА мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn