Аскарлар билан телемулоқот
  • 14 Январь 2015

Аскарлар билан телемулоқот

Ватан ҳимоячилари куни арафасида Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ташкил этилган телемулоқот тарзидаги учрашув муддатли ҳарбий хизматни ўтаётган аскарлар ва уларнинг ота-оналари ёдида узоқ вақт сақланиб қоладиган бўлди.

Хусусан, “Қашқадарё” студиясида жам бўлган ота-оналар Фарғонада ўз йигитлик бурчини ўтаётган ўғлонлари билан, қашқадарёдаги аскарлар эса водийдаги оила аъзолари билан экран орқали дийдорлашиб, суҳбатлашиш имкониятига эга бўлишди.
Тадбирда сўзга чиққанлар истиқлол йилларида Қуролли Кучларимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва уларнинг самаралари ҳақида тўхталиб, миллий армиямиз қисқа даврда Ватанимиз, мустақиллигимиз, осойишталигимиз ҳамда сарҳадларимиз дахлсизлиги кафолатига айланганини мамнуният билан таъкидлашди.
Улкан монитор қаршисида тўпланганларнинг қувончи чексиз. Қалбларда ҳаяжон. Қаршилик Зулфия ая Эрназарова набираси Ҳусниддин Чориевни дуо қилади:
— Ҳусниддинжон, бормисан, болам? Бизни кўраяпсанми? Бугун сени кўришимни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Эртага туғилган кунинг. Табриклайман. Ҳамиша соғ-омон бўлгин. Хизматни намунали ўтаб, юзимизни ёруғ қилгин…
Қашқадарёда йигитлик бурчини ўтаётган фарғоналик аскар Лочинбек Ортиқовга эса ота-онаси Ўктамжон ака ва Шоира ая билан теледийдорлашув бир олам қувонч ҳадя этди.
— Лочинбек, полвон бўламан, дердинг. Кўриб турибман, шу орзуинг ҳам ушалибди. Сизлар учун шундай шарт-шароитларни яратиб берган Юртбошимизга мингдан-минг раҳмат. Фарғонамизга келсанг, шаҳарни танимай қолишинг аниқ. Янада кўркам бўлиб кетди. Укаларинг, маҳалладаги тенгдош дўстларинг сенга ҳавас қилишаяпти. Майли, болам, соғ-омон бўлгин…
Шу куни кўплаб ота-оналар, ҳарбий хизматчилар ўзаро дийдорлашиб, бир-бирларини байрам билан қутладилар. Шунингдек, телемулоқотда қашқадарёлик хонандалар ижросида янграган “Аскар мактуби”, “Фарзандим — жигарбандим” каби қўшиқ ва шўх тароналар тадбирга янада файз киритди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn