Сарҳадларимиз ҳимоячилари
  • 14 Январь 2015

Сарҳадларимиз ҳимоячилари

Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар туфайли Қуролли Кучларимиз салоҳияти тобора юксалмоқда. Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва техникалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ҳамда уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ўз самарасини бераётир.

Муҳими, ёшларимиз орасида ҳарбийлик касбига бўлган қизиқиш ҳар қачонгидан ортиб, юртимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида хизмат қилиш шарафли ишга айланди.
Бугун ҳар томонлама етук ёшларимиз Қуролли Кучларимиз сафларида садоқат ва фидойилик намуналарини кўрсатиб хизмат қилмоқдалар. Буни Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Улар вазифаси қанчалик масъулиятли ва машаққатлилигини юртимизнинг 6976 километр масофада бешта давлат билан чегарадош эканлигидан ҳам билса бўлади. Тоғу тош, дарё-кўл, дашту далалардан иборат катта ҳудуддаги чегарани туну кун қўриқлаш, эл-юрт тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш осон иш эмас.
Чегарачиларнинг ушбу улкан вазифани муваффақиятли адо этишларида МХХ Чегара қўшинларида яратилган шарт-шароит ва қулайликлар муҳим аҳамият касб этаётир. Жумладан, чегара қўшинлари замонавий қурол-аслаҳа, компьютер, тезюрар катер ва бошқа техника воситалари билан таъминланган. Айни чоғда мамлакатимизнинг олис жойлари, аҳолидан юзлаб километр узоқликда хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларимиз учун бугунги кун талабига тўла жавоб берадиган ҳарбий қисм ва чегара постлари қурилмоқда, мавжудлари реконструкция қилинаяпти. Чегара постлари ёнидан тураржойлар барпо этилиб, ҳарбий хизматчиларга топширилмоқда.
Рақамларга мурожаат қиладиган бўлсак, 2009 — 2013 йиллар мобайнида 800 дан ортиқ ҳарбий шаҳарчалар барпо этилди, 1800 нафардан ортиқ ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари уй-жойлар билан таъминланди. Ўтган йилда ҳам бу борадаги ишлар изчиллик билан давом эттирилди. Йил давомида 12 та ҳарбий иншоот ва 436 та замонавий хонадон фойдаланишга тоширилди.
— Болаликдан чегарачи бўлишга қизиқардим, бугун орзуларим ушалди, — дейди шартнома асосидаги ҳарбий хизматчи, оддий аскар И. Абдукаримов. — Хизматимиз самарадорлигини оширишда биз учун яратилган қулайликлар муҳим омил бўлаяпти. Мисол учун, ўтган йили бир гуруҳ сафдошларим қаторида янги уйга кўчиб кирдик. Шундан сал олдин оила қургандим. Замонавий, барча қулайликка эга хонадон бизга тўёна бўлди. Меҳмонхона, ётоқхона, айниқса, ошхонани айтмайсизми?! Бундан турмуш ўртоғим жуда мамнун. Бундай чексиз ғамхўрлик биз, чегарачиларни янада фидойилик ва жасорат кўрсатишга ундайди.
Кейинги йилларда МХХ Чегара қўшинларида озиқ-овқат таъминотини янада яхшилашга алоҳида эътибор қаратилаётганини ҳам таъкидлаш жоиз. Ҳарбий қисм ва чегара постларидаги озиқ-овқат омборлари гуруч, гречка, шакар, гўшт, балиқ, колбаса, сариёғ маҳсулотлари билан тўлдирилиши баробарида, музлаткичлар ўрнатилиб, уларда сархил мевалар сақланмоқда. Ушбу маҳсулотларни йилнинг барча фаслида етказиб бериш мақсадида ҳарбий қисмлар қошида ёрдамчи хўжалик ва иссиқхоналар ташкил этилган.
Ўтган йилдан бошлаб барча чегара постларида овқатларни тайёрлаш махсус ошпазларга топширилди. Яъни хусусий корхона ва ташкилотлар билан тузилган шартномага мувофиқ, малакали ошпазлар томонидан чегарачиларга сифатли хизматлар кўрсатилмоқда. Жумладан, ҳарбий қисм ва ҳудуддаги умумий овқатланиш муассасаси ўртасида тузилган шартнома самараси ўлароқ, ҳарбий хизматчилар пишириқлар, миллий ва европа таомларидан баҳраманд бўлишмоқда.
Чегара постларида нон цехлари фаолияти йўлга қўйилгани ҳам алоҳида эътиборга молик.
— Илгарилари нонни вилоят ёки тумандаги цехлардан олиб келардик, — дейди ҳарбий қисм чегара постларидан бирида хизмат қилаётган оддий аскар В. Хатамқулов. — Нонни манзилга келтиргунча сифати сал тушарди. Постимизда нон тайёрлаш цехи очилганидан буён шу ерда тайёрланаётган мазали ва иссиқ нонлардан баҳраманд бўлаяпмиз. Айни чоғда бундан мен каби сафдошларим ҳам хурсанд.
Яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланаётган чегарачилар нафақат юртимизнинг муқаддас сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, айни чоғда истеъдод ва иқтидорларини намоён этиш борасида ҳам ўзларини кўрсатиб келишмоқда. Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинлари ўртасида ўқув йили якунлари бўйича ўтказиб келинаётган танловларда мазкур қўшин ҳарбий қисмлари “Энг илғор қўшилма” деб эътироф этилмоқда. Қолаверса, уларнинг фидокорона хизматлари давлатимиз томонидан мунтазам рағбатлантириб борилмоқда. Президентимиз Фармони билан Ўзбекистон Республикаси МХХ Чегара қўшинларига қарашли ҳарбий қисмлар 2006 ва 2008 йилларда Жалолиддин Мангуберди ордени билан тақдирланган. Шу билан бирга, Чегара қўшинларидан кўплаб офицер ва шартнома асосидаги ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ўртасида ўтказилган “Энг илғор мутахассис” танловининг республика босқичи ғолиби бўлишди.
Умуман олганда, миллий армиямизда, жумладан, Чегара қўшинларида рўёбга чиқарилаётган кенг қамровли ислоҳотлар сарҳадларимиз дахлсизлигини, тинчлик ва осойишталигимизни таъминлаш, пировард натижада мамлакатимизнинг ҳар жиҳатдан тараққий этишига хизмат қилмоқда.

Зокир ХУДОЙШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn