Аҳди қатъий, билимли ва шижоатли
  • 14 Январь 2015

Аҳди қатъий, билимли ва шижоатли

Марказий Осиёда ягона бўлган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти Ҳарбий ҳаво кучлари ҳамда Қуруқликдаги қўшинларнинг вертолёт авиацияси таркибини чуқур билимга эга, замонавий фикрлайдиган, интеллектуал етук офицерлар билан бойитишга муносиб ҳисса қўшаётган нуфузли таълим даргоҳларидан биридир.

1994 йилда ташкил этилган мазкур муассасада бугун бешта мутахассислик бўйича офицерлар тайёрланмоқда.
— Миллий армиямизни профессионал асосда шакллантириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида олий ҳарбий таълим муассасамизнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланиб, шарт-шароитлар тубдан яхшиланди, — дейди ҳарбий билим юрти бошлиғининг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари, подполковник Меҳриддин Қўчқоров. — Хусусан, ўтган давр мобайнида ўқув бинолари, ётоқхоналар реконструкция қилиниб, кўркам қиёфага келтирилди. Мавжуд кафедралар, авиация мутахассислари малакасини ошириш ва қайта тайёрлаш курси ўқув хоналари илғор техника ҳамда технологиялар билан жиҳозланди. 2002 йилга келиб, ўқиш муддати 5 йил қилиб белгиланди. Юқори малакали авиация мутахассисларини тайёрлаш, махсус ва умумҳарбий фанларни сифатли ўқитиш учун кўргазмали воситалар, ўқув қўлланмалари, электрон дарсликлар, учиш аппаратлари моделлари ҳамда аэродромларнинг макетлари тайёрланди. Ҳозир бўлғуси учувчилар парвоздан олдин энг замонавий тренажёрларда кўникмаларини оширишмоқда.
Дарҳақиқат, бўлажак мутахассисларга катта илмий ва ҳаётий тажрибага эга офицерлар, профессор-ўқитувчилар сабоқ бераётгани, замонавий аудиториялар, лабораториялар, спорт заллари ва майдончалари, компьютер, симуляция ва моделлаштириш синфлари, электрон кутубхона курсантлар маҳоратини оширишга хизмат қилаяпти. Офицер кадрларни тайёрлаш сифатини янада яхшилаш, уларнинг илмий тафаккурини шакллантириш, мустақил илмий изланишлар олиб бориш, конструкторлик ва рационализаторлик ишларини ривожлантириш мақсадида ҳар бир кафедра қошида ҳарбий-илмий тўгараклар фаолият кўрсатаяпти.
Курсантларга учувчилик сирлари билан бирга, ҳушёрлик ва сезгирлик, қатъият ва масъулият кўникмаларини оширувчи, аждодлар меросидан сўзловчи маънавий-маърифий билимлар чуқур ўқитилмоқда.
— Машғулотларнинг инновацион технологиялар асосида ўтилаётгани, хорижий тиллар чуқурлаштирилган ҳолда ўқитилаётгани билимимиз мустаҳкамланиб, маҳоратимиз ошишида муҳим омил бўлаяпти, — дейди курсант Элбек Эшбоев. — Мақсадим — ўз касбимнинг ҳақиқий устаси бўлиб, мусаффо осмонимизни ҳимоя қилиш.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn