Энг катта бахт
Версия для печати
  • 13 Январь 2015

Энг катта бахт

Бахт ҳақида ҳар кимнинг ўз тушунчаси бор. Дунёнинг қаеридадир бир бурда нон бахт тимсоли бўлса, қайдадир жонини қутқариш, эсон-омон тонг оттириб олиш саодатдир. Шу боис ҳам бугунги кунда тинчлик-хотиржамлик умуминсоният учун энг катта бахт бўлиб қолди. Афсуски, осойишталикнинг нақадар улуғ неъмат эканлигини идрок қилолмайдиганлар ҳам йўқ эмас...

Ижодкорнинг бахти юртига, элига беминнат хизмат қилишда, гўзал ва бетакрор кунларнинг нашидасини куйлай олишда, ўз туйғуларини бошқаларга ҳам юқтира билишда бўлса керак. Яна бир олий саодат борки, бу — она-Ватанга кераклигингни ҳис қилиб яшаш.
Ватан ҳимоячилари кунини муҳтарам Президентимиз чин айёмга — ҳақиқий мардлар, фидойи ўғлонлар байрамига айлантирди. Ахир ҳамма тантаналаримиз ана шу кунга, юрт посбонларининг хизматига боғлиқ эмасми? Мамлакатимиз бўйлаб кенг нишонланаётган байрам шукуҳини биз барча жойда, учрашувларда, каттаю кичик давраларда кўриб, гувоҳ бўлиб турибмиз.
Куни кеча Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик Кенгаши аъзолари Мажид Умаров ҳамда Иброҳимжон Ҳалимбеков билан Сирдарё, Жиззах, Самарқанд вилоятларида бўлиб, давлатимиз чегаралари дахлсизлигини таъминлаётган, турли ҳарбий қисмларда йигитлик бурчини ўтаётган азамат ўғлонлар, уларнинг ёнида садоқат билан суянч бўлиб турган оила аъзоларини қутлаб қайтдик.
Дастлабки учрашувимиз Сирдарё вилояти мусиқали драма театрида ташкил этилди. Театр биносининг атрофи халқ сайлини эслатадиган даражада гавжум: “Ватан — улуғ, бурчим — муқаддас!” шиори узоқдан кўзга ташланади, одамларнинг чеҳрасида кўтаринки кайфият. Ташқаридаги бу қувонч манзаралари театр ичидаги шўх-шодон куй-қўшиқларга, жўшқин табрикларга уланиб кетди. Коллеж ўқувчиси Феруза Бекмуродова аскарларни қутлаб, “Ўзбекистон қаҳрамонлари” шеърини ўқиганда залдагилар олқиш билан кутиб олди. Завқи ичига сиғмаган нуроний отахон Холмўмин бобо эса сўз сўраб, шундай деди: “Аслида, Ўзбекистоннинг биринчи Қаҳрамони ҳурматли Президентимиздир! У кишининг юрт учун, Ватан учун амалга оширган тарихий ишлари залворини тарозига солиб кўрсангиз, ҳеч қайси замонда бу қадар буюк ўзгаришлар содир бўлмаганини англайсиз. Аввало, битта шахс ўз жонини гаровга қўйиб бутун бошли халққа озодликни қатъият билан олиб берганини тарих кўрганмикин? Халқ ўз халоскорига эргашади, ибрат олади! Юртбошимизнинг яна бир ибрати биз, кексаларга бўлган эҳтиромида ҳам кўринаяпти. 2015 йилни мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб номлаганлари кўнглимизни тоғдек кўтарди”.
Тўқсонни қоралаган, турмушнинг чучугидан кўра аччиғини кўпроқ тотган, уруш даҳшатларини бошидан ўтказган, қисқаси, ҳаётнинг баланд-пастини кўрган, бугунги дориламон кунларнинг қадрини яхшироқ идрок этадиган бу отахоннинг дадил фикрларини биз ҳам ўрнимиздан туриб олқишладик. Халқимиз орасида ана шундай теран тафаккурли, ҳаёт иқлимини тез илғайдиган, ўз қатъий хулосаларига эга улуғларимиз кўп. Бу ҳам бизнинг бахтимиз.
Ўтган йили муддатли ҳарбий хизматдан қайтаётган йигитларни кутиб олиш учун Қарши вокзалига чиқдик. Тантанада иштирок этган бир оқсоқолнинг сўзлари ҳеч эсимдан чиқмайди: “Шўро пайтида армияга болаларимизни йиғи-сиғи билан кузатардик. Чунки фарзандларимизнинг тақдири қандай кечиши бизга қоронғи эди-да. Қаттол тузум пахтазордан бошқа ерни кўрмаган қоракўзларимизни Сибирнинг изиллаган музликларига ташлайдими, ё қозондай қайнаган саҳрогами, билмасдик. Энг ёмони, болаларимиз соғ-саломат қайтишадими-йўқми, қайтиб кўрармиканмиз, деган ҳадик ич-этимизни кемирарди. Икки йил кун санаб кутардик. Энди эса байрам қилиб кузатиб, байрам қилиб кутиб олаяпмиз. Сабаб — Ватан ўзимизники, болаларимиз ўз оталари, ўз оналари учун хизмат қилишаяпти. Бу кунларни байрам қилиб берганига шукр!”
Сирдарё вилоятида жойлашган ҳарбий шаҳарчадаги учрашув ҳам унутилмас таассуротлар билан ўтди. Бу ердаги тадбир Хотира майдони зиёрати билан бошланди. Майдонга Ватанимиз чегараларини ҳимоя қилиш чоғида бузғунчи тажовузкор тўдаларга қарши курашда ҳалок бўлган мард йигитларнинг ҳайкалларини ўрнатишибди. Ҳар кунлик хизмат ана шу фидойиларни ёд этиб, майдон ёнидан саф тортиб ўтиш билан бошланар экан. Хотира улуғ, хотира муқаддас. Айниқса, Ватан учун жон нисор этган асл фарзандлар ҳеч қачон унутилмайди! Ҳарбийлар билан суҳбатлашган чоғимизда барчаларининг юз-кўзидан, сўзларидан танлаган касбидан ғурурланиши, ҳаётидан мамнунлиги, келажакка ишончи, Ватанга, Президентимизга садоқати яққол кўриниб туради. “Мен, — дейди оддий аскар Сирожиддин Олимназаров, — хизмат жараёнида қайтадан туғилгандек бўлдим. Тартиб-интизомга, ҳар бир дақиқани қадрлашга ўргандим. Дунёқарашим ўзгарди. Келажакда Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртига ўқишга кириб, офицер бўлмоқчиман. Чунки бизнинг командирларимиз барчамизга ибрат бўладиган, ҳавасимизни келтирадиган инсонлар. Офицерлик хизмати истеъфогача эмас, балки бир умр давом этадиган фидойиликдан иборат бўлиб, унинг шаъни, номуси ва ғурури ҳамма нарсадан баланд туришини англадим. Отам-онам, икки синглим учун, яъни Ватаним тинчлиги учун ҳар лаҳза курашга тайёрман”.
Аскарларимиз савияси, дунёқараши муттасил ўсиб бораётганлигига Фориш дала-ўқув майдонидаги давра суҳбатида ҳам амин бўлдик. Марказий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонининг ўринбосари, полковник Баҳодир Абдуваҳобов эски даврда олий ҳарбий ўқув юртларидаги адолатсизлик, миллатчилик, зўравонликлар ҳақида сўзлаб, буюк Соҳибқирон бобомизнинг соясига ҳам арзимайдиган кимсаларни кўкларга кўтариб, тарихни сохталаштиришгани кейинчалик аён бўлганини — халқимизга улуғ боболар қатори Амир Темурни ҳам муҳтарам Юртбошимиз қайтариб, кўпчиликнинг кўзини очганлигини таъкидлади.
Кўпнинг оши тотли бўлади. Аскарлар билан тушлик чоғида девзирадан қилинган паловдан татиб кўриб, юқоридаги фикр хаёлимдан ўтди. Дастурхонда икки хил овқат, мева-чева, салат, шарбат. Мен шўро армиясида шарбат тугул, мева-чеванинг юзиниям кўрмаганимни, бўлка нон анқога шафе бўлганини ёдга олдим...
Бу ёруғ оламда онанинг қувончидек самимий шодлик топилмаса керак. Айниқса, бу хурсандчилик фарзанд камолию дийдори билан боғлиқ бўлса! Жиззах шаҳрида “Аскар оналарини шарафлаймиз!” шиори остида катта тантана ўтказилди. Тадбирда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этиб, ҳаяжонли дақиқаларга гувоҳ бўлишди. Ўғиллари хизмат бурчини ўтаётган оналарга алоҳида иззат-икром кўрсатилиб, давранинг тўридан жой берилди. Қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Менимча, энг кутилмаган тортиқ — намунали хизмати учун байрам муносабати билан қисқа таътил олган аскар ўғлонларнинг даврага кириб келиши, азиз онажонлари билан дийдорлашуви бўлди. Бу учрашувдаги йигитларнинг ҳис-ҳаяжони, оналар қалбидаги қувонч, ҳаприқиш ҳамманинг кўнглига кўчиб, кўзларда ёш қалқди.
ўаллаоролнинг Кетмончи қишлоғидан келган Бувиражаб Жуманова бахшилардек сўзга чечан экан. Ўғлининг пешонасидан қайта-қайта ўпиб, деди: “Мана, армиянинг шарофати — жиккаккина боламни забардаст паҳлавонга айлантирибди, сўзларини қаранг, аввал “ая” дерди, ҳозир “аяжон” деб турибди. Армия тарбия бераяпти. Қадр-қиммат, оқибатниям, ўзбекчиликниям ўргатаяпти”.
Дарҳақиқат, ислоҳотлар туфайли профессионал миллий армияга эга бўлдик. Теран фикрлайдиган, юрагида она-Ўзбекистон тумор бўлган садоқатли авлод камолга етди. Она шукронасидан улуғ шукрона, она тилагидай қутлуғ тилак йўқ. Табаррук момолар юртимизга тинчлик тилаб, Юртбошимизни дуо қилишди.
Самарқандда жойлашган ҳарбий қисмда ташкил этилган давра суҳбати ҳам кўтаринки кайфиятда кечди.
Ургут спорт ва хизмат кўрсатиш коллежидаги учрашувнинг азиз меҳмони бўлган чегарачилар билан ўқувчилар ўртасидаги мулоқот ҳар икки тарафда ўчмас таассурот қолдирди. Ёшлар ўз акаларига турли-туман саволлар билан мурожаат қилишди. Навқирон авлоднинг беғубор кўзларида ҳарбий либосдаги бургутдек ўғлонларга эҳтиром, ҳавас порлаб турарди. Йигитлар ҳам ўзларига бу қадар катта эътибор ва эъзоздан беҳад мамнун эдилар. Ишончимиз комилки, шу суҳбатда қатнашган юзлаб ўғил-қизлар юрагида Ватан ҳимоячилари изидан бориб, юрт корига камарбаста бўлиш истаги оловланди... Биз бу кайфиятни Мудофаага кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилотининг Самарқанд махсус бирлашган техника мактабидаги тадбирда, “Келажак лочинлари” ихтисослаштирилган ҳарбий спорт мактаби ўқувчилари билан суҳбат чоғида, Жиззах олий ҳарбий авиация билим юрти курсантлари даврасида такрор ва такрор ҳис қилдик.
Бахмал туманидаги ҳарбий қисмда Ватан ҳимоячилари байрам совғаси сифатида тақдим этилган китобларни мамнуният билан қабул қилишди. Айниқса, устоз Муҳаммад Юсуфнинг “Сайланма”си бирпасда қўлма-қўл бўлиб кетди. Аскарлар орасида ҳам ижодкорлар кўп. Бронежилет тагида ҳам юрак бор, деган гап топиб айтилган. Халқимиз Муҳаммад акани ардоқлайди, ҳамиша барҳаёт деб билади. Сержант Хайрулло Бекназаров устознинг “Ўзбекистон” шеърини гулдурос овозда ёд ўқир экан, “Баҳорда Бахмалда туғилган қўзинг/Араб оҳусидан азизроқ менга” сатрига алоҳида урғу бериб, якунда “Шоир ўз ижоди билан доимо бизнинг сафда”, деб хитоб қилди...
Оила тинч — кўнгил тинч, дейишади. Ҳарбийларнинг турмуш ўртоқларига қойил қолиш керак. Чунки эрлари қаерда хизматда бўлса, улар ҳам ўша жойда қўним топадилар. Термизлик Муножот Баратованинг турмуш ўртоғи шартнома асосида хизмат қиларкан. Сафар давомида суҳбатдошларга тез-тез савол ташлаб турадиган Иброҳимжон: “Синглим, сизга маза экан-да, Бахмалдай жаннатмонанд жойда шифобахш ҳаволардан симириб, роҳат қилиб юриш ҳаммага ҳам насиб этмайди”, деди ҳазил аралаш. Ҳарбийларимизнинг аёллари ҳам синовларда тобланган, қатъиятли, фикри соғлом бўлади. Муножотхон самимият билан “Биз учун Ўзбекистонимизнинг ҳамма ери — жаннатмонанд. Қаерда бўлсак ҳам, шу чиройли юртимизни ҳимоя қилаётган умр йўлдошимизнинг ёнида турганимиздан хурсандмиз”, деди. “Ҳаётингиздан розимисиз, бахтлимисиз?” деган саволга “Мана менинг бахтим” дея тетапоя ўғлини даст кўтариб, юзини юзига босди. Мен ёнимиздаги сувратчидан ушбу ҳолатни тезроқ тасвирга туширишни илтимос қилдим. Ахир кўз ўнгимизда фарзанди келажагидан кўнгли тўқ, тинчлигимиз барқарорлигига ишонган, ўз тақдиридан рози бахтиёр она тимсоли турарди. Бизнингча, бу суврат энг катта бахтнинг гўзал ифодаси эди.

Иқбол МИРЗО,
Ўзбекистон Республикаси халқ шоири,
Мудофаа вазирлиги ҳузуридаги
Жамоатчилик Кенгаши раиси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn