Муқаддас бурч масъулияти
  • 13 Январь 2015

Муқаддас бурч масъулияти

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг Марказий ҳарбий-клиник госпиталида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 23 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари кунига бағишланган “Ватан ҳимояси — муқаддас бурч” мавзуида тадбир бўлиб ўтди.

У Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети томонидан ташкил этилди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Президентимиз раҳнамолигида Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлаш, ҳарбий хизмат мавқеини янада юксалтиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилаётганини таъкидлашди. Истиқлол йилларида йўлга қўйилган чақирилувчиларнинг танлов тизими Қуролли Кучлар шахсий таркибининг малакали кадрлар билан таъминланишини яхшилаш, ҳарбий хизмат учун энг яхши номзодларни саралаб олиш имконини бермоқда. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий маҳорати, салоҳияти йилдан-йилга юксалиб бораётир. Шу билан бирга, республикамизда тиббий хизмат офицерлари тайёрлаш тизимини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилаётир. Хусусан, бу борада Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари қўшинларини тиббий таъминлашни самарали ташкил этишга қодир бўлган тиббий хизматнинг юқори малакали офицерларини тайёрлаш, тиббиёт бўлинмаларини мураккаб тактик шароитларда бошқаришга қодир бўлган, қўшинларни тиббий таъминлаш бўйича пухта билимларга эга офицерларни тайёрлаш, ҳарбий тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 10 июлда қабул қилинган “Тошкент тиббиёт академияси ҳузурида Ҳарбий-тиббиёт факультетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этаётир.
Ҳозирги кунда Тошкент тиббиёт академияси ҳузуридаги Ҳарбий-тиббиёт факультети қўшинларни тиббий таъминлаш, ҳарбий-дала терапияси, ҳарбий-дала жарроҳлиги, ҳарбий гигиена ва эпидемиология, шунингдек, умумқўшин тайёргарлигини ташкил этиш кафедраларини ўз ичига олган. Факультетда таълим жараёни замонавий педагогик услубларга асосланган бўлиб, ахборот-коммуникация технологиялари кенг қўлланилмоқда. Бўлажак шифокорларнинг касб маҳоратини оширишга ёрдам берадиган турли кўргазмали қўлланмалар, макет ва тренажёрлар ҳам эътиборга лойиқ.
— Факультетимизда ўқув жараёни назария ва амалиёт уйғунлиги асосида ташкил этилган, — дейди ҳарбий гигиена ва эпидемиология кафедраси бошлиғининг ўринбосари Бахтиёр Умурзоқов. — Бундан ташқари, турли миллий байрамларимиз муносабати билан факультетимизда ташкил этиладиган тадбирлар доим катта шодиёнага айланади.
Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимиз Қуролли Кучлари эришган юксак муваффақиятлар, хусусан, миллий армиямиз салоҳиятини янада ошириш мақсадида сифатли ва юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилганини акс эттирувчи ҳужжатли фильм намойиш қилинди. Санъаткорларнинг Ватан, она, мардлик ва жасоратни мадҳ этувчи куй-қўшиқлари барчага завқ-шавқ улашди.
Тадбир сўнгида ўзининг намунали хизмати билан сафдошларига ўрнак бўлаётган аскар ва офицерларга эсдалик совғалари топширилди.

Омонулла ФАЙЗИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn