«Мардлик ва жасорат дарслари»
  • 13 Январь 2015

«Мардлик ва жасорат дарслари»

Мамлакатимиз умумтаълим мактабларида Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими, Мудофаа вазирликлари ҳамкорлигида “Мардлик ва жасорат дарслари” тадбири ўтказилмоқда. Уларда уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбийлар, ижодкорлар, ота-оналар ва ўқувчилар иштирок этаяпти.

Жумладан, пойтахтимиз мактабларида уюштирилаётган ана шундай тадбирларда истиқлол йилларида Президентимиз раҳнамолигида замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан яхши таъминланган, ҳаракатчан, юксак андозаларга жавоб берадиган, мамлакатимиз хавфсизлиги, ҳудудий яхлитлигини, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир профессионал армияни шакллантириш бўйича улкан ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Миллий армиямизда олиб борилган изчил ислоҳотлар натижасида унинг шакл ва қиёфаси тубдан ўзгарди. Шу боис бугун юртимизда ҳарбий хизматни ўташ ҳар бир йигитнинг шарафли юмушига айланди.
Ҳозирги кунда Мудофаа вазирлигининг олий ҳарбий таълим муассасаларида Қуролли Кучларимиз учун 30 дан ортиқ йўналиш бўйича юқори малакали офицер кадрлар тайёрланмоқда. Мамлакатимизда офицер ва сержант кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини оширишнинг самарали тизими яратилган.
Тадбирлар доирасида она-Ватанимиз сарҳадларининг муносиб ҳимоячилари ҳаётидан ҳикоя қилувчи “Махсус тайёргарлик” номли ҳужжатли фильм намойиш этилмоқда.
— Ҳарбийликка қизиқаман, — дейди пойтахтимиздаги 104-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Дилшод Норматов. — Бугунги учрашувда ҳарбий хизматчи акаларимизнинг гапларидан жуда таъсирландик. Насиб этса, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юртида ўқимоқчиман.
Шунингдек, тадбирлар давомида ўқувчилар ўртасида спорт мусобақалари ҳам уюштирилмоқда. Касбларга оид тренинг машғулотларида эса психологлар ёшларнинг келгусида эгалламоқчи бўлган касблари ҳақида атрофлича тушунчалар беришаяпти.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn