Юртга садоқат ифодаси
  • 10 Январь 2015

Юртга садоқат ифодаси

Истиқлол йилларида мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида барча талабларга жавоб берадиган, тезкор ва ҳаракатчан, ташкилий жиҳатдан мукаммал, замонавий қурол-яроғ ҳамда техникага эга миллий армиямизни барпо этиш йўлида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. Бунинг самарасида аҳоли, айниқса, ёшларимиз ўртасида ҳарбий хизматнинг обрў-эътибори юксак даражага кўтарилди. Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш нафақат конституциявий бурч, балки чинакам шон-шараф ишига айланди.

Президентимиз ғояси ва ташаббуси билан пойтахтимизда қад ростлаган “Ватанга қасамёд” монументи ҳам юртимиз сарҳадларини кўз қорачиғидек асраб-авайлашга бел боғлаган фидойи ўғлонлар шарафига қўйилган бетакрор обидадир. У 2010 йилнинг 12 январь куни тантанали равишда очилган эди.
Бу мажмуада халқимизнинг муносиб ўғлони давлатимизнинг бетакрор тимсоли бўлмиш байроғимизни кўзига тўтиё қилиб, Ватан ҳимояси учун, ота-боболаримиз хоки ётган қутлуғ заминнинг ҳар қарич тупроғини асраш учун тайёрман, деб тиз чўкиб қасамёд қилаётгани тасвирланган. Ана шу мард ва жасур фарзандга оқ сут берган, бағрида кўтариб вояга етказган, Ватан тимсоли бўлган мунис ва мўътабар она бамисоли ўз қўрғони олдида туриб, ҳарбий хизматга отланган жондан азиз боласига оқ фотиҳа бериб, унга оқ йўл тиламоқда.
Ушбу монумент сиймосида Қуролли Кучларимиз сафига киришга тайёргарлик кўраётган ёшларимизнинг ҳам юксак орзу-интилишлари ўз аксини топгани диққатга сазовордир.
“Бу бетакрор мажмуани бир кўрган одам, ўйлайманки, юраги жизиллаб, унинг маъносини тушуниб, англаб, бу ҳайкални авваламбор Ватанга садоқат, мардлик ва жасорат мадҳияси, эл-юрт ҳимоячиси бўлган фидойи инсонларга қўйилган бадиий обида сифатида қабул қилади”, деган эди Юртбошимиз монументнинг очилишига бағишланган маросимда.
Дарҳақиқат, ёш авлодни миллий ғоя руҳида, фидойи ва матонатли ўғлонлар этиб тарбиялашда маънавий ибрат бўлиб хизмат қилаётган ушбу бетакрор мажмуа бугун халқимизнинг энг эъзозли масканларидан бирига айланган.
— Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсантлари учун маънавият дарсларини “Ватанга қасамёд” монументи олдида очиқ мулоқот тарзида ташкил этиш яхши анъанага айланган, — дейди подполковник Соҳибжон Фаттоев. — Бу бўлажак офицерлар қалбида ватанпарварлик, фидойилик туйғуларини янада мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этаётир.
— Ҳар доим мана шу монумент пойига келганимизда, эл-юртимиз олдидаги бурчимизни янада теранроқ ҳис этамиз, — дейди курсант Санжар Саъдуллаев. — Мақсадим, билим юртини тамомлаб, Ватанимиз сарҳадларини асраб-авайлашга муносиб ҳисса қўшишдир. Шу орқали халқимиз, Президентимизга содиқлик қасамёдини оқлаймиз.
Дунёқараши кенг, жисмонан етук, ақлу заковатда ҳеч кимдан кам бўлмаган бугунги авлод вакилларининг бундай азму шижоати, нияти ҳар биримизга чексиз ғурур бағишлайди, албатта.
Бинобарин, ўзида чуқур ҳаётий фалсафани, теран маъно-мазмунни ифода этган ушбу улуғвор монумент шу заминда вояга етган, унинг бугунги ва эртанги кунини ўйлаб яшаётган ҳар қайси инсонни тинч ва фаровон ҳаётимизнинг қадрига етишга, мусаффо осмонимизни асраб-авайлаш, шаҳару қишлоқларимизни янада обод қилиш йўлида фидойилик кўрсатишга ундайверади.


Фазлиддин АБИЛОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn