Обод турмуш манбаи
  • 10 Январь 2015

Обод турмуш манбаи

Бугунги кунда томорқа шунчаки рўзғор эҳтиёжи учун зарур маҳсулотлар етиштириладиган жой эмас, балки катта хазина манбаига айланганига ҳар қадамда гувоҳ бўлиб турибмиз. Негаки, кўплаб омилкор юртдошларимиз ҳовлисидаги мўъжазгина томорқадан бир йилда 2-3 марта ҳосил олиб, миллионлаб сўм даромад топаяпти. Бунинг орқасидан эса рўзғори бут, турмуши фаровон бўлиб бормоқда.

Шу маънода, Президентимиз ташаббуси билан мустақиллик остонасида аҳолига томорқа учун ер ажратила бошлангани фақатгина иқтисодий тадбир эмас, узоқни кўзлаб амалга оширилган доно сиёсат эканини ҳаётнинг ўзи тасдиқлаб турибди.
Кейинги йилларда шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликларини ривожлантиришга янада жиддий эътибор қаратилиб, тизимли ислоҳотлар олиб борилаётгани эса унинг катта куч сифатида майдонга чиқишида муҳим омил бўлди. Натижада мамлакатимизда етиштирилаётган мева-сабзавот, полиз, гўшт ва сут маҳсулотларида деҳқон хўжаликларининг улуши тобора ортаётир.
Сурхондарё вилоятида ҳам томорқадан мўл ҳосил етиштириб, бозорлар тўкинлигига муносиб ҳисса қўшаётган тадбиркорлар сафи йилдан-йилга кўпаймоқда. Бунга Сариосиё туманининг “Ёқутли боғ” маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси эришаётган муваффақиятлар яққол мисол бўла олади.
Туман марказидан анча олисда жойлашган ушбу маҳаллага келган киши унинг обод ва кўркам қиёфаси, бу ерда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳаваси келиши турган гап. Сабаби, замонавий уй-жойлар, равон йўллар 703 та хонадон истиқомат қилаётган мазкур ҳудудга янада гўзал қиёфа бахш этаяпти.
Маҳалла фуқаролар йиғини раиси Тоҳир Шоймардоновнинг айтишича, айни пайтда ҳудудда салкам
5 минг нафар аҳоли истиқомат қилаётган бўлиб, улар ишбилармонлиги билан ажралиб туради. Айниқса, деҳқончиликда яхши тажриба тўплаганки, натижада умумий майдони 73,5 гектардан иборат томорқалардан мўмай даромад олинаётир. Бунинг ҳисобига данғиллама уйлар қурилиб, тўйлар қилинмоқда.
Дарҳақиқат, маҳалладаги 54 та хонадонда иссиқхона барпо этилган бўлиб, бу ерда айни қиш мавсумида помидор, бодринг, лимон ва турли-туман кўкатлар барқ уриб ўсаяпти. Масалан, Шавкатилло Бобомуродов 16 сотихлик иссиқхонасида 120 туп лимон парваришлаётир. 2013 йилда 4,5 тонна ҳосил олиб, 50 миллион сўм даромад кўрди. Ўтган йилги фойдаси ҳам ундан кам бўлмади. Чунки лимон дарахтларининг барчаси ҳосилга кирган. Унинг қўшниси Азамат Авазов кўчатчилик билан шуғулланади. Акаси Алламурод Авазов эса турфа гуллар ва манзарали дарахт ниҳоллари етиштириш билан банд. Ака-ука тадбиркорларнинг кўчатларига бўлган эҳтиёж кун сайин ошмоқда. Улар томонидан етиштирилган ниҳоллардан янги иншоотлар, кўркам ўқув муассасалари ва корхоналар ҳовлисида ландшафт дизайни ёки мевали боғ-роғлар яратишда кенг фойдаланилмоқда.
Томорқа хўжалигининг ривожи унга билвосита алоқадор бўлган бошқа соҳалар истиқболига ҳам ижобий таъсир кўрсатиб, чекка ҳудудларда саноат корхоналарининг вужудга келиши, аҳоли бандлигини таъминлашда қўшимча шарт-шароитни яратаяпти. Хусусан, “Ёқутли боғ” МФЙда кейинги йилларда мева-чева, сабзавот-полиз маҳсулотларини сархил сақлайдиган омборхоналар барпо этилиб, фойдаланишга топширилаётир. Бу, ўз навбатида, томорқаларда етиштирилган ноз-неъматларни қиш ва баҳор фаслларида аҳолига сифатли етказиб беришда қўл келмоқда.
— Машаққатли меҳнат эвазига етиштирилган ҳосилнинг сифатини бузмасдан сақлаш ҳам осон эмас, — дейди Алламурод Авазов. — Шу боис илгари етиштирилган ноз-неъматларни улгуржи сотиб юборар эдик. Натижада асосий фойдани олибсотарлар кўрарди. Энди-чи? Томорқа соҳибларининг аксариятида мева-сабзавот сақланадиган омборхоналар бор. Масалан, мен лимон сақланадиган мўъжазгина омборхона бунёд этганман. Унда қишин-ёзин мўътадил иқлим сақланиб тургани боис, ноябрь ойида узилган лимон меваси кўкламгача сархил сақланади.
Қувонарлиси, Сурхондарёда бундай маҳаллалар ниҳоятда кўп. Бу деҳқон хўжаликлари фаолияти давлат томонидан қўллаб-қувватланаётгани, қишлоқ аҳолиси манфаатлари муҳофаза қилинаётгани шарофатидир.


Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn