Ибрат мактаби
  • 10 Январь 2015

Ибрат мактаби

Мамлакатимизда баркамол авлодни тарбиялаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир. Хусусан, Президентимизнинг бу борадаги беқиёс ғамхўрлиги туфайли юртимизнинг чекка туман ва қишлоқларида ҳам энг замонавий таълим муассасалари, болалар спорти иншоотлари, мусиқа ва санъат мактаблари барпо этилаяпти.

Бу ислоҳотлар, ўз навбатида, таълим сифатини юксалтириб, ёшларимизнинг замонавий фан сирларини мукаммал ўрганишлари, уларни Ватанга садоқатли, буюк аждодларимизга муносиб авлод этиб тарбиялашдек улуғ мақсадларга хизмат қилмоқда.
Халқ таълими вазирлиги ва бир қатор ташкилотлар ҳамкорлигида умумтаълим мактаблари, маҳаллалар ҳамда ҳарбий қисмларда ўтказилаётган маънавий-маърифий тадбирлар ҳам ана шу эзгу ғояга қаратилгани билан муҳим аҳамиятга эга. Масалан, 2014 йилнинг 15 декабридан жорий йил 15 январига қадар таълим муассасаларида “Ҳарбий-ватанпарварлик ойлиги” деб эълон қилинган. Шунга мувофиқ, Мудофаа вазирлиги кўмагида ўқувчилар республикамиздаги олий ҳарбий таълим муассасалари, ҳарбий қисмларда бўлиб, курсантлар ва аскарлар ҳаёти билан яқиндан танишишмоқда.
Ойлик доирасида пойтахтлик ўқувчилар Қуролли Кучлар Давлат музейига саёҳатлар уюштиришди. Музей ходимлари ёшларга аждодлар жасорати, шонли анъаналар ҳақида мароқли ҳикоялардан сўзлаб беришди.
— Ушбу музейга тез-тез келиб тураман, — дейди пойтахтимиздаги 8-умумтаълим мактабининг 9-синф ўқувчиси Муҳаммад Обидов. — Бу ердаги қадимий қурол-аслаҳа ва совутлар, қилич ҳамда найзалар аждодларимизнинг ҳарбий салоҳиятидан ҳикоя қилади. Миллий армиямизнинг бугунги куч-қудратини акс эттирган экспонатлар эса кишида алоҳида фахр-ифтихор туйғусини уйғотади.
Ўқувчилар ўртасида ўтказилган “Аждодлар қаҳрамонлиги — ёшларга ибрат” мавзуидаги ижодий ишлар танлови ҳам кўплаб иқтидорли, ҳарбий бўлишга иштиёқманд ёшларни аниқлаб берди. Қолаверса, мактабларда “Ватанимиз келажагини қуришга барчамиз масъулмиз”, “Миллий армиямиз — ғуруримиз, ифтихоримиз”, “Ўзбек йигити — мустақиллик посбони”, “Армияда хизмат — шарафлидир”, “Офицерлик — мардлар касби” каби мавзуларда кенг тушунтириш ишлари олиб борилди. Республикамиздаги мавжуд болалар мусиқа ва санъат мактабларидаги ижодий гуруҳлар ўртасида эса “Мардлар қўриқлайди Ватанни!” шиори остида ҳарбий-ватанпарварлик руҳидаги қўшиқлар танлови ўтказилди.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Қисқа сатрларда Имтиёз, имконият, истиқбол »