Қисқа сатрларда
  • 10 Январь 2015

Қисқа сатрларда

* Олмалиқ шаҳрида Тошкент вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси авария-қутқарув отряди ва шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимининг реконструкция қилинган биноси фойдаланишга топширилди.

Тез орада мазкур бинода ўқув маркази ҳам ишга тушади. Бу ерда вилоят саноат корхоналари ходимлари ва аҳолига фавқулодда вазиятлар рўй берганда қандай ҳаракатланишни ўргатиш бўйича ўқувлар ташкил қилинади.

* Бухоро ирригация ва мелиорация касб-ҳунар коллежида ўқувчи-ёшларнинг Тошкент ахборот технологиялари университетининг махсус факультети, Бухоро шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм офицер, сержант ва аскарлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

* Наманган вилоятининг Янгиқўрғон туманида мева-сабзавотни қайта ишлашга ихтисослаштирилган “Натурал жус” масъулияти чекланган жамиятининг яна бир филиали иш бошлади. Пировардида 40 дан зиёд ёшнинг бандлиги таъминланди. Жорий йилда бу ерда янги ишлаб чиқариш биноси қурилиши режалаштирилган. Бу лойиҳа амалга оширилгач, яна йигирмадан ортиқ иш ўрни очилади ҳамда маҳсулотнинг бир қисмини экспорт қилиш имконияти яратилади.

* Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Нукус филиалида академик В. Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган жарроҳлик маркази мутахассислари томонидан аҳоли, жумладан, бир гуруҳ фахрийлар тиббий кўрикдан ўтказилди. Шу ернинг ўзида малакали шифокорлар кўкрак қафаси ва қорин бўшлиғи, юрак-қон томир хасталиклари, ўпка ва нафас йўллари касалликларига чалинган ўндан ортиқ беморни жарроҳлик йўли билан даволади.

* Андижон машинасозлик институти машинасозлик факультетининг 900 ўринга мўлжалланган янги ўқув биноси қуриб битказилди. Мазкур иншоотнинг бунёдкорлик ишлари “Rich trade” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилди. 5 миллиард 961 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилган бинонинг атрофи ободонлаштирилди.

«Халқ сўзи» мухбирлари
хабарлари асосида тайёрланди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Жасур, мард ва фидойи Ибрат мактаби »