Баркамоллик, соғлом турмуш тарзи — пировард мақсад
  • 08 Январь 2015

Баркамоллик, соғлом турмуш тарзи — пировард мақсад

Соғлом бола йили жамиятнинг барча жабҳалари қатори болалар спорти соҳасида амалга оширилган кенг кўламли чора-тадбирлар, уни умумхалқ ҳаракатига айлантириш борасида олиб борилаётган ишларнинг ёрқин самаралари билан ҳаётимизда чуқур из қолдирди.

Бунда Президентимиз ташаббуси билан қабул қилинган “Соғлом бола йили” Давлат дастурининг изчил ижроси муҳим аҳамият касб этди, албатта.
“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган “Болалар спорти: фикрлар, омиллар, муаммолар ва ривожланиш истиқболлари” мавзуидаги ижтимоий сўров натижалари ҳам буни тўлиқ тасдиқлайди.
Сўровда шаҳару қишлоқлардаги ҳамюртларимиз, эркаклар ва аёллар, турли ёш, миллат, эътиқод вакиллари иштирок этишди.
Унга кўра, юртдошларимиз спортни саломатлик, фаровон ҳаёт, соғлом турмуш тарзи, ҳар томонлама етукликка эришишнинг муҳим мезони, деб билади. Респондентлар фикрича, спорт навқирон авлоднинг баркамол вояга етишига ижобий таъсир кўрсатмоқда. Улар спортчиларимиз қўлга киритаётган ютуқлардан чексиз фахрланиши, қалблари ғурурга тўлишини таъкидлаб, бу фуқароларда мамлакат бугуни ва эртасига бўлган дахлдорлик ҳисси янада юксалишига хизмат қилаётганлигини алоҳида қайд этганлар. 
Социологик тадқиқотдан аён бўлдики, диёримиз аҳолисининг кўпчилик қисми футбол, яккакурашлар, енгил ва оғир атлетика, гимнастика, теннис, сузиш, ўқ отиш каби спорт турлари билан шуғулланаяпти. Бу борада, айниқса, ёш авлод вакиллари фаол. Сўровда қатнашганларнинг 60,6 фоизи спорт билан мунтазам ошно тутинган бўлса, 23,4 фоизи машғулотларда ҳар куни иштирок этади.
 Ватандошларимизнинг 96,7 фоизи республикамизда спорт билан шуғулланиш учун барча шарт-шароит яратилган, деб ҳисоблайди. Замонавий спорт мажмуалари ва заллари, стадион ҳамда сузиш ҳавзаларининг мустаҳкам инфратузилмаси, улардан самарали фойдаланиш имкониятларини ўзида уйғунлаштирган қулайликлар аҳоли, айниқса, ота-оналар томонидан катта мамнуният билан кутиб олинмоқда. Респондентларнинг фикрича, оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, жумладан, спортни янада оммалаштириш, навқирон авлоднинг бу борадаги қизиқишлари ва истеъдодини рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларни изчил давом эттириш лозим.
Фуқаролар юртимизда қизларни спортга жалб қилиш, барча ҳудудлар, хусусан, қишлоқларда бунинг учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш йўлида олиб борилаётган ишларга камарбаста эканлигини билдирган. Бинобарин, болаларни спортга ошуфта этиш уларнинг саломатлигини мустаҳкамлаш, иродасини тоблаш, қобилиятини намоён қилишида айни муддаодир. Бундан ташқари, спортсевар ўғил-қизлар ўқишда фаол бўлади, касалликка кам чалинади. Ўз навбатида, спорт ёш авлодни турли зарарли иллатлар ва таъсирлар, хусусан, гиёҳвандликдан асрайди.
Сўровда қатнашганлар қайд этдиларки, Президентимиз ташаббуси билан йўлга қўйилган уч босқичли спорт ўйинларининг узлуксиз тизими — “Умид ниҳоллари”, “Баркамол авлод” ва Универсиада мусобақалари ёшларни спорт оламига олиб киришда муҳим ўрин тутиб, болалар ва ўсмирларни жисмоний тарбия билан шуғулланишга кенг жалб этишдек эзгу вазифага тўлиқ жавоб беради. Бу эса, ўз навбатида, спортчи ўқувчилар сони мунтазам кўпайиб боришига хизмат қилади.
Мамлакатимиз аҳолисининг давлатимиз раҳбари томонидан ташкил этилган Ўзбекистон Болалар спортини ривожлантириш жамғармаси, унинг Ҳомийлик кенгаши фаолияти тўғрисидаги хабардорлик даражаси юқори. Буни сўров натижалари яна бир бор яққол кўрсатди. Респондентларнинг катта қисми (95,1 фоизи) мазкур Жамғарма болалар ва ўсмирлар ўртасида спортни оммалаштириш, жамият ҳамда оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш ва баркамол авлодни улғайтиришга хизмат қилаётганини билдирди.
Тадқиқот иштирокчилари истиқлол йилларида мазкур соҳада рўёбга чиқарилаётган чора-тадбирлар спортни ёшлар ҳаётининг муҳим қисмига айлантириш, спортчиларимизнинг халқаро майдонларда катта ютуқларга эришишларида асосий омил бўлаётганини қайд этдилар. Уларнинг 95 фоизи юртимизда болалар спорти оммавий тус олганига амин.
Респондентларнинг 98,7 фоизи Президентимизнинг ушбу соҳадаги стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирган. Бу эса мамлакатимизда болалар спортини ҳар томонлама ривожлантиришга йўналтирилган ташаббуслар аҳоли томонидан катта қувонч билан қарши олинаётганининг яна бир тасдиғидир.

«Ижтимоий фикр» маркази
материаллари асосида Саиджон МАХСУМОВ тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn