Ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули
  • 08 Январь 2015

Ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули

Онани улуғлаш, хотин-қизларни қадрлаш туйғулари халқимизнинг қон-қонига сингиб кетган. Зеро, ҳаёт давомийлиги, энг юксак инсоний фазилатлар, ботиний гўзаллик тимсолига айланган аёллар хонадонларимиз чароғбони, рўзғоримиз фариштасидир.

Улардаги меҳр-оқибат, сабр-бардош, жонкуярлик, шукроналик фазилатларини ҳар қанча эъзозласак арзийди.
— Президентимиз ҳар бир чиқишларида хотин-қизларга ҳурмат ва эҳтиром билдириб, уларнинг оилани тебратиш, турмушимизни янада обод ва фаровон қилишдаги хизматларини алоҳида эътироф этадилар, — дейди Бухоро шаҳридаги қурилиш ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи махсус фан ўқитувчиси, “Шуҳрат” медали соҳибаси Шабон Халилова. — Аёлларимизнинг яшаш шароитларини янада яхшилаш, уларнинг ҳаётдан рози бўлиб умргузаронлик қилишлари масаласига эътибор қаратадилар. Чунончи, давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг
22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида ҳам хотин-қизлар учун маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларини кўпайтириш борасидаги ишлар ҳақида куюнчаклик билан сўз юритдилар. Бу қалбимизда фахр-ифтихор туйғуларини уйғотади, албатта. Шу билан бирга, ушбу сўзлар қайси соҳада фаолият юритмайлик, ғамхўрликка муносиб бўлишга ундайди. Биз замон талабларидан келиб чиққан ҳолда, коллежимиз ўқувчи қизларига тикувчилик, зардўзлик, сартарошлик каби ҳунар сирларини чуқур ўргатиш саъй-ҳаракатидамиз.
Юртимизда хотин-қизларни муносиб иш ўринлари билан таъминлаш, уларнинг турмуш шарт-шароитларини янада яхшилашга устувор аҳамият қаратилаётгани эса бежиз эмас.
— Айтиш жоизки, ҳам давлат хизматини, ҳам жамоатчилик юмушларини, ҳам рўзғор ишларини рисоладагидек адо этиб келаётган аёлларимизнинг оғирини енгил қилиш, уларга қулайликлар яратиш оила пойдеворини янада мустаҳкамлайди, — дея мулоҳаза юритади “Тадбиркор аёл” уюшмаси Бухоро вилояти бўлими раҳбари Дилбар Аҳмедова. — Ўзига тинч, турмуши фаровон хонадонлар сафини кенгайтиради. Биз шуни инобатга олиб, вилоят хотин-қизлар қўмитаси билан ҳамкорликда коллеж битирувчилари, қўлида ҳунари бўлмаган ёшлар учун яқинда Аёллар касб-ҳунар марказини ишга туширдик.
Бу ерда улар сартарошлик, пазандалик, тикувчилик каби жами бешта йўналишда сабоқ олишмоқда. Марказимиз замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланган. Яқинда коллеж битирувчиларининг 60 нафари маҳорат сабоқларидан кейин тегишли сертификатларга эга бўлишди.
Ҳозир уюшманинг 28 нафар тренер-мураббийи бор. 2014 йилда улар салкам икки минг нафар бошловчи тадбиркор аёллар ва қизлар учун бизнес сабоқлари ташкил этишди. Икки нафар мутахассис Англияда бўлиб, малака ошириб қайтди. Ўз навбатида, хориждан таклиф этилган соҳа ходимлари иштирокида ишбилармон аёллар учун семинар-тренинглар уюштирилди. Жондорлик Нодира Жўраева ҳам ана шундай маҳорат дарсларида фаол қатнашиб, ўз бизнесини йўлга қўйган тадбиркорлардан.
— “Жаҳонгир — Муҳриддин” кўп тармоқли фермер хўжалиги раҳбариман, — дейди у. — Қишлоғимиз — Оқработ туман марказидан анча олисда жойлашган, Варахша чўлига туташиб кетган. Шукр, деярли ҳар куни тўю тантана бор. Ўйлаб қарасам, хотин-қизларимизнинг ана шундай маросимларга чиройли, ораста бўлиб боришлари учун “Гўзаллик салони” керак. Қишлоғимизда мазкур хизмат турини йўлга қўйдик. Бундан барча хурсанд. Энди эса йўловчиларга транспорт хизмати  кўрсатишни режалаштириб турибмиз.
Дарҳақиқат, бугунги кунда вилоятнинг қай бир ҳудудини олиб қараманг, тикувчилик, қандолатчилик, зардўзлик, патдўзлик цехлари ишлаб турганига гувоҳ бўласиз. Энг чекка қишлоқларда ҳам “Гўзаллик салони”, “Элита пардалари тикиш”, “Бахт либослари”, “Тўй-маросимлар зали” деган ёзувларга кўзингиз тушади. Шофирконнинг Пашмон, Учён, Жондорнинг Бўрибоғи, ўиждувоннинг Саврак каби қишлоқларида Дилдора Темирова, Хонзода Мирзаева, Нигора Бозорова, Гулмира Муллахолова сингари тадбиркор аёллар томонидан очилган “Гўзаллик салони”, тикувчилик цехлари аҳолига сифатли хизмат кўрсатмоқда. Муҳими, ишбилармон хотин-қизларнинг бизнес-режалари молия муассасалари томонидан қўллаб-қувватланмоқда. Хусусан, 2014 йилда вилоят бўйича тадбиркор аёлларга қарийб 40 миллиард сўмлик кредит маблағлари ажратилди.
— Буларнинг барчаси турмушимиз фаровонлиги, оғиримизни енгил қилиш йўлида амалга оширилаётган хайрли ишлардир, — дейди яна бир суҳбатдошимиз, “Меҳнат шуҳрати” ордени соҳибаси Раъно Раҳимова. — Юртбошимиз таъкидлаганларидек, аёлларни қанча улуғласак, ҳаётимизнинг чироғи, умримизнинг гули, деб эъзозласак, демакки, оиламизни, Ватанимизни эъзозлаган бўламиз. Бинобарин, жамият ва эл-юрт эътиборини хотин-қизларга ғамхўрлик масаласига қаратишнинг мазмун-моҳияти бениҳоя катта. У мамлакатимизнинг бугуни ва мунаввар эртаси билан чамбарчас боғлиқдир. Шу боисдан биз бу эътибор ва эъзозга меҳнатимиз, тиришқоқлигимиз, интеллектуал салоҳиятимиз билан муносиб жавоб беришимиз даркор.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn