Дориламон кунлар шукронаси
  • 08 Январь 2015

Дориламон кунлар шукронаси

Президентимизнинг 2014 йил 9 декабрдаги “Ватан ҳимоячилари кунини нишонлашга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги Фармойишига мувофиқ, жойларда турли маънавий-маърифий анжуманлар, учрашувлар уюштирилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон фахрийларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси Марказий кенгашида ташкил этилган авлодлар учрашуви тадбири ҳам мазкур санага бағишланди.
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати, Республика Маънавият тарғибот маркази ҳамкорлигида уюштирилган ушбу тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, уруш ва меҳнат фахрийлари, ҳарбий таълим муассасалари курсант ҳамда ўқувчилари қатнашди.
Таъкидланганидек, юртимизда ҳукм сураётган тинчлик ва осойишталик, миллатлараро тотувлик ҳамда ҳамжиҳатлик Ватанимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларнинг мустаҳкам пойдевори бўлиб хизмат қилаётир. Ўзбекистонимизнинг қисқа вақт ичида иқтисодий жиҳатдан барқарор давлатга айлангани, халқаро миқёсда ўзининг муносиб ўрнига эга бўлгани, барча соҳаларда улкан ютуқларга эришиб, кўпчиликнинг ҳайрат ва ҳавасини орттираётгани Юртбошимиз раҳнамолигида ҳаётга татбиқ этилган тараққиётнинг “ўзбек модели” нақадар пухта ва ишончли эканлигини яққол тасдиқламоқда.
Қўлга киритилаётган ютуқларда бугунги замон талаблари даражасида шакллантирилган Қуролли Кучларимизнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор. Чунки миллий армиямиз юртимиз мустақиллиги, унинг хавфсизлиги ва ҳудудий яхлитлиги ҳимоясининг ишончли кафолатидир.
Мамлакатимизда нишонланадиган турли байрамлар, муҳим саналар арафасида ёшларнинг кекса авлод вакиллари билан учрашуви ўтказилиши ўзига хос анъанага айланган. Бундай мулоқотларда юртимиздаги тинчлик ва осойишталикнинг аҳамияти, рўй бераётган улкан ижобий ўзгаришлар, одамларимизнинг ҳаётидаги янгиланишлар ҳақида сўз боради. Бу фарзандлар камолотида ҳам алоҳида ўрин тутади. Давлатимиз раҳбари Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида қайд этганидек, “Ватанимизнинг мусаффо осмонини асрашда, ҳар қандай офатларни остонамизга йўлатмаслик, она-юртимизни фашизм балосидан ҳимоя қилишда кекса авлод вакилларининг қандай жасорат кўрсатгани, фронт ортида меҳнат қилиб, ғалабага муносиб ҳисса қўшгани, мамлакатимизни тиклаш, унинг ҳам ҳарбий, ҳам иқтисодий, ҳам маданий-маънавий салоҳиятини оширишда нуроний кексаларимиз намоён этган фидойиликни биз ҳамиша катта миннатдорлик билан эслаймиз.
Бугун фахрийларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш, ҳар қайси кекса одамнинг юрагига етиб бориш, кўнглини кўтариш, шу билан бирга, уларнинг ҳаётини мазмунли қилиш йўлида олиб бораётган ишларимизни кучайтириш, самарасини ошириш зарур”.
Мана шундай оқилона сиёсат туфайли хонадонларимиз кўрки бўлган пири бадавлат кексаларимиз ҳар томонлама қадрланаяпти. Ўтган йилнинг ўзида уларга давлат бюджети ҳисобидан
11 триллион 618 миллиард сўмдан ортиқ пенсия, 105 миллиард сўмдан зиёд нафақалар тўлангани бунинг амалий тасдиғидир.
2015 йилнинг мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилингани, шубҳасиз, бу борадаги эзгу ишларни янги босқичга кўтаради.
— Умр дарёга ўхшайди, — дейди меҳнат фахрийси Ҳасан Зуфаров. — Баъзан тўлиб-тошиб оқса, баъзида сокин тортади. Кексаликни дарёнинг сокинлигига қиёслайман ва ёшлик дамларим ҳақида ўйлайман. Афсуски, бизнинг навқиронлик чоғимиз уруш йилларига тўғри келди. Умримизнинг баҳорини қийинчиликлар совурди. Бугун фарзандларим, набираларим даврасида ўтирганимда, дориламон кунлар учун шукроналар айтиб, уларни унинг қадрига етиш, мустақиллигимизни асраб-авайлаб, Ватанга муносиб фарзанд бўлишга чақираман.
— Ҳаётнинг турли қийинчиликларини бошидан ўтказган, уруш майдонларида жасорат кўрсатган нуронийларимизнинг ҳаёт йўли биз учун ибрат намунасидир, — дейди Ҳарбий телекоммуникация йўналишидаги Тошкент академик лицейи ўқувчиси Азизбек Тоғаев. — Бугунги учрашувда тинчлик ва осойишталикдан-да улуғроқ неъмат йўқлигига яна бир карра амин бўлдик. Мақсадим, келажакда танлаган соҳам бўйича етук кадр сифатида шаклланиб, эл-юртимиз равнақи йўлида сидқидилдан хизмат қилиш.
Санъат усталари ва ёш ижрочиларнинг Ватанни тараннум этувчи куй-қўшиқлари тадбирга янада файз бағишлади.

Фазлиддин АБИЛОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn