Эзгу ишларга мустаҳкам пойдевор
  • 07 Январь 2015

Эзгу ишларга мустаҳкам пойдевор

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига йўллаган Янги йил табригини бутун оила аъзоларимиз билан файзли дастурхон атрофида жам бўлиб тингладик. Унда келтирилган далиллар, айтилган фикр-мулоҳазалар ва устувор вазифаларни эшитиб, очиғи, кўнглимиз осмон қадар кўтарилди, эртанги кунга бўлган ишончимиз янада ортди.

Зотан, табрикда алоҳида таъкидланганидек, йил давомида босиб ўтган йўлимизни ва рўй берган воқеаларни, қўлга киритган марра ва ютуқларни шукроналик билан кўз ўнгимиздан ўтказар эканмиз, 2014 йил биз учун самарали ва хосиятли бўлди, деб айтишга тўлиқ асосларимиз бор.
Дарҳақиқат, ўтган йил мамлакатимиз ҳаётининг барча жабҳаларида жадал ривожланиш даври бўлди. Буни биргина иқтисодиёт соҳасида эришилган ютуқлар мисолида ҳам яққол кўриш мумкин. Негаки, 2014 йилда ҳам жаҳон миқёсида молиявий-иқтисодий инқироз давом этаётганига қарамасдан, ялпи ички маҳсулот ҳажмининг ўсиши 8 фоиздан кам бўлмади. Ушбу рақам моҳиятини теранроқ англаш учун Ўзбекистонимиз дунёнинг саноқли давлатлари қаторида шундай юқори натижага эришгани, бу кўрсаткич охирги 10 йил давомида узлуксиз таъминланиб келинаётганини айтиш кифоя, назаримда.
Қувонарли томони шундаки, 2015 йилда ҳам мамлакатимизда тараққиёт кўрсаткичлари бундан кам бўлмаслиги кутилмоқда. Мана шундай паллада барқарор ўсиш суръатларини таъминлашда фаол иштирок этаётган тадбиркорлардан бири эканлигимдан фахрланаман.
Албатта, юртимизнинг иқтисодий салоҳияти юксалиб, халқимиз турмуш фаровонлигини таъминлашда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаси тобора ҳал қилувчи аҳамият касб этмоқда. Буни биргина Наманган вилоятида 15 мингдан ортиқ ана шундай субъектлар фаолият кўрсатиб, ялпи ҳудудий маҳсулотнинг 75  фоиздан ортиғини ишлаб чиқараётгани яққол тасдиқлаб турибди. Буларнинг барчаси давлатимиз томонидан тадбиркорлик ҳаракати доимо қўллаб-қувватланаётгани, соҳага қўшимча имтиёз ва преференциялар берилаётгани самарасидир.
Биз ҳам яратиб берилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланиб, тадбиркорлик фаолиятимизни барқарор йўлга қўйиб олдик.  Айни чоғда ишлаб чиқаришни йил сайин ривожлантириб бораяпмиз. Масалан, банкнинг бир миллиард сўм миқдоридаги кредити ёрдамида Фарғона водийсида биринчи бўлиб мода ва дизайн марказини ишга туширдик.
Бугунги кунда корхонамизда элликдан ортиқ турдаги либослар тайёрланаяпти. Уларнинг сифати юқори, бичими замон талабларига мос. Шу боис ташқи бозорда ҳам талаб ортиб бораяпти. Натижада якунланган йилнинг ўзида МДҲнинг бир қатор давлатларига 280 минг АҚШ долларилик маҳсулотлар етказиб берилди. 
2015 йилда амалга оширишни мўлжаллаган режаларимиз бисёр. Жумладан, аёллар костюми ва курткаси тикишни ўзлаштириш ҳаракатини бошладик. Ушбу лойиҳа амалга оширилиши билан 35 та иш ўрни яратилиб, қўшимча равишда 600 миллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш имконияти юзага келади.
Мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектларининг деярли барчаси шундай истиқболли лойиҳалар устида ишлаяпти, десак, хато бўлмайди. Чунки жорий йилда кичик бизнес ва фермер хўжаликлари учун ягона ижтимоий тўловлар ставкаси 25 фоиздан 15 фоизга туширилиши кутилаяпти. Бу 440 миллиард сўмдан кўпроқ маблағ тадбиркор ва фермерларнинг ихтиёрида қолдирилади, деганидир.
Тадбиркорларга кўрсатилаётган бундай ғамхўрликлар эзгу ишларга мустаҳкам пойдевор бўлиб, пировардида кўп тармоқли иқтисодиётимизнинг етакчи соҳасини янада ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва ҳаёт даражасини оширишга хизмат қилади.

Бахтиёр УМАРОВ,
Наманган шаҳридаги «Истиқлол текстиль дизайн»
масъулияти чекланган жамияти раҳбари.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn