Энг улуғ мақсад юрт тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшиш
  • 07 Январь 2015

Энг улуғ мақсад юрт тинчлиги ва равнақига ҳисса қўшиш

Бугунги кунда фарзандининг миллий армиямиз сафида хизмат қилиши ҳар бир ота-онанинг орзусидир. Қоракўллик Зокир Рўзиев ҳам қалбига ана шундай эзгу ниятни туккан минглаб юртдошларимиздан бири. Давлат ва жамоат ишларида фаол бу инсоннинг орзуси ушаладиган бўлди.

Чунки унинг ўғли Суҳробжон муддатли ҳарбий хизматга чақирилди.
— Ўтган йили туман чақирув пунктига бордим, — дейди З. Рўзиев. — У ерда ҳарбий хизматчилар, чақирув ёшидаги йигитлар, тиббиёт ходимлари учун яратилган шарт-шароитларни кўриб, очиғи, ҳавасим келди. Беихтиёр ёшлигим эсимга тушди. Бундан йигирма беш-ўттиз йил аввалги чақирув пункти билан ҳозиргиси ўртасида ер билан осмонча фарқ бор. Замонавий бино, кенг ва ёруғ хоналар, алоқа воситалари, энг сўнгги русумдаги тиббий асбоб-ускуналар — буларнинг барчаси Қуролли Кучларимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётий самарасига бир мисолдир.
Зокир аканинг тўлқинланиб сўзлаганича бор. Барча шаҳар ва туманлардаги чақирув пунктлари каби Қоракўлдаги бу маскан ҳам капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этди. Йигитлар бу ерда тест синовларидан, тиббий кўрикдан ўтишаяпти. Соғлом, жисмонан бақувват, билимли, дунёқараши кенг, умуман, ҳар томонлама энг муносиб, деб топилган ва юқори балл тўплаган чақирилувчилар муддатли ҳарбий хизматга йўл оладилар.
— Бугун вилоятимиздаги қайси бир чақирув пунктини олиб қараманг, у кўркам бинода жойлашганини кўрасиз, — дейди вилоят мудофаа ишлари бошқармасининг чақирилувчиларни ҳарбий хизматга тайёрлаш бўлими мутахассиси Дониёр Бақоев. — Бунинг учун жойлардаги ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бажарилди. Бу ерда чақирилувчиларнинг тест синовлари ҳамда тиббий кўрикдан ўтишлари учун барча шарт-шароит яратилган. Айни пайтда Президентимизнинг 2014 йил 26 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини муддатли ҳарбий хизматга навбатдаги чақируви ҳамда белгиланган хизмат муддатларини ўтаб бўлган ҳарбий хизматчиларни Қуролли Кучлар резервига бўшатиш тўғрисида”ги қарори асосида чақирув мавсуми бошланди.
Эътироф этиш жоизки, мустақиллик йилларида ҳарбий касбга қизиқиш ва интилиш ортди. Ўз тақдирини армия билан боғлаш иштиёқидаги йигитлар сони йил сайин кўпаймоқда. Бунда жойлардаги чақирув пунктлари фаолияти муҳим аҳамият касб этаётир. Хусусан, Вобкент тумани мудофаа ишлари бўлимида амалга оширилаётган ишлар ҳам диққатга сазовор. Бу ерда таълим муассасалари, меҳнат жамоалари ва маҳаллалар билан яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Ҳар бир чақирилувчининг оилавий аҳволи, қизиқиши, дунёқараши ўрганиб борилаяпти. Армияда ўз бурчини намунали ўтаётган, ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олаётган вобкентлик йигитлар фаолияти ёшларга ибрат қилиб кўрсатилмоқда. 2013 йилда  мазкур туман мудофаа ишлари бўлими “Энг яхши чақирув пункти” деб эътироф этилгани ҳам бежиз эмас. 
Дарвоқе, Зокир аканинг ўғли Суҳробжон Каримов ҳақида. Бу йигит Ўзбекистон мудофаасига кўмаклашувчи “Ватанпарвар” ташкилоти вилоят кенгашига қарашли Бухоро автомобиль мактабида ўқиди. Ҳадемай, у муддатли ҳарбий хизматга отланади. Ҳайдовчилик касбини эгаллаб, армияга тайёр кадр сифатида бораётган Суҳробжоннинг ўзига ишончи ортган. Ишонч ва иштиёқ уйғунлашганда эса ҳарбий хизмат йигит учун Ватан олдидаги  шон-шараф ишига айланади.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn