Имконият ва ташаббус ишбилармон аёллар фаолияти ривожида муҳим омил бўлаяпти
  • 07 Январь 2015

Имконият ва ташаббус ишбилармон аёллар фаолияти ривожида муҳим омил бўлаяпти

Аёллар тадбиркорлигини кенгайтириш орқали уларнинг бандлигини таъминлаш ва жамиятдаги фаоллигини юксалтириш мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан биридир.

Бинобарин, тикувчилик, пазандалик сингари аёлларга хос меҳнат турларини ривожлантириш ва  қўллаб-қувватлаш бугунги кунда юқори даражага кўтарилди.
Ана шундай имконият ва ғамхўрлик туфайли Сурхондарё вилоятида ҳам фермерлик ҳаракати, ҳунармандчилик ва касаначиликка жалб этилган аёллар сони тобора ортмоқда. Масалан, Узун туманидаги “Тўмарис — Истиқлол текстиль” хусусий корхонаси раҳбари Дилафруз Тўхтасинова ўз тадбиркорлигини дастлаб 4 нафар чевар хотин-қиз билан бошлаган эди. Бугунги кунга келиб, 12 кишига етган жамоа тикаётган маҳсулотларни воҳадаги кўплаб савдо дўконларида учратиш мумкин.
Шунингдек, деновлик Райҳона Қурбонова раҳбарлик қилаётган “Зулайҳобону Иброҳимовна” хусусий корхонасида тайёрланаётган ширинликлар, Термиз туманидаги “Сафар бунёдкор” оилавий корхонасининг қурилишбоп материалларига ҳам ички бозорда талаб юқори.
— Оилавий корхонани ташкил этганимизга кўп бўлмаса-да, ўтган вақт ичида ички бозорда ўрнимизни мустаҳкамлаб олдик,  — дейди “Сафар бунёдкор” оилавий корхонаси раҳбари Ҳадича Йўлдошева. — Гап шундаки, корхонамизда ишлаб чиқарилаётган пишиқ ғиштга талаб тобора кўпаймоқда. Бунда иш жараёнида сифатни яхшилаган ҳолда, маҳсулот нархини бошқа субъектлардагига  нисбатан арзон белгилаганимиз қўл келаяпти.
Яна бир гап. “Тадбиркор аёл” уюшмасининг вилоят бўлими ташаббуси билан ташкил этилаётган турли тадбирлар ҳам биз учун айни муддао бўлаётир. Чунки унда, аввало, янги ҳамкорлар билан келишувларга эришдик, қолаверса, мамлакатимизда биз, хотин-қизларга берилаётган имкониятлар ҳақида батафсил маълумот олиш  баробарида, ҳуқуқий билимларимизни ҳам тобора ошириб бораяпмиз.
Мухтасар айтганда, воҳада халқ хўжалигининг турли жабҳаларида ўз фаоллигини намойиш этиб, иқтисодиётимиз тараққиётига муносиб улуш қўшаётган хотин-қизлар жуда кўп. Муҳими, уларнинг меҳнати эъзозу қадр топмоқда.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn