Электрон қўриқчи
  • 06 Январь 2015

Электрон қўриқчи

Қарши давлат университети қошидаги 2-академик лицей битирувчиси Моҳигул Шукурова кам кучланишли электр қуввати юбориш орқали олма қуртини зарарсизлантириш ҳамда оддий тўрдан ясалган тутқич-мослама билан ҳашаротларга қарши курашиш йўлини топди.

Мазкур илмий тадқиқот олмазорларда синаб кўрилиб, юқори ҳосил олишда қўл келиши аниқланди. Мутахассислар ва боғбонлар ҳам бу усулга юқори баҳо беришмоқда.
— Олма қурти ривожланиш даврида оддий аккумулятор ёрдамида зарарсизлантирилади, — дейди Қарши давлат университетининг биология кафедраси доценти, лойиҳа илмий маслаҳатчиси Жўра Бердиев. — Дарахтнинг юқори ва ўрта қисмига жойлаштириладиган сим тутқичлар қуртнинг ғумбакка кириши учун шароит яратиб, ундан пайдо бўлган капалаклар уруғ қўйиш даврида тўрдан чиқиб кета олмайди. Айтиш керакки, вилоятда, хусусан, тоғ ва тоғолди ҳудудларда кўп тарқалган бундай ҳашаротлар ҳосилдорликка жиддий хавф туғдиради. Олимлар томонидан ушбу зараркунандадан ҳимояланишнинг бир қатор кимёвий ва биологик йўллари аниқланган. Эътиборлиси, янги усул турли кимёвий препаратларга нисбатан арзон ҳамда атроф-муҳит учун зарарсиздир.


Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn