Обод қишлоқлар файзу таровати
  • 15 Февраль 2014

Обод қишлоқлар файзу таровати

Қишлоқ ва шаҳарларимизни янада обод қилиш  мамлакатимизда изчил амалга оширилаётган ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.

Мана, бир неча йилдирки, шу эзгу ниятда юртимизда янги уй-жойлар қурилиши жадал давом эттирилмоқда.  Миллий анъана ва замонавий бинокорлик тамойиллари асосида қад ростлаётган  бу уйлар  қишлоқларимиз кўркига кўрк, чиройига чирой қўшиш баробарида, ўзининг шинам ва қулайлиги билан хонадон соҳибларига манзур бўлаётгани, айниқса, қувончлидир.
Таъкидлаш керакки, Президентимизнинг 2009 йил 3 августдаги “Қишлоқ жойларда уй-жой қурилиши кўламини кенгайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига биноан  бошланган ва бугунги кунга  келиб, қизғин тус олган мазкур жараён маҳаллий аҳолига ҳеч кимдан кам бўлмай, шаҳарликларга хос ҳаёт кечириш имконини берди.
Ўтган йили биргина Андижон вилоятида намунавий лойиҳалар асосида 900 та янги уй-жой қурилиб, фойдаланишга топширилгани фикримиз далилидир. Бинобарин, уларни барпо этиш учун ниҳоятда кўламли ишлар амалга оширилгани алоҳида диққатга сазовор. Хусусан, уй-жойларни транспорт-коммуникация тармоқлари билан таъминлаш учун 28,1 километрлик ичимлик суви, 24,4 километрлик электр энергияси ва 19 километрлик газ тармоқлари тортилиб, 27,3 километр масофадаги ички йўлларга шағал ҳамда асфальт-бетон қопламаси ётқизилди. Янги массивларда кўркам гузарлар, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, спорт майдончалари қуриб битказилди.
Ана шундай тарзда барпо этилган янги уйларга  Олтинкўл туманининг Чўнтак маҳалласидан 58 та оила кўчиб ўтди. 
— Бундан нақадар хурсанд эканимизни сўз билан таърифлаш қийин, — дейди ушбу маҳалла фуқаролар йиғини раиси Гулшаной Мамадалиева. — Чунки хонадон соҳиблари “уй кўрди”лари қиз чиқариш, фарзанд уйлантириш, суннат тўйлари сингари удумларимизга уланиб кетди-да. Буларнинг бари, албатта, истиқлол туфайли. Шу боис улар мазкур иш ташаббускорию бунёдкорларига миннатдорлик билдирмоқдалар.
— Сўнгги йилларда бизда замонавий уй-жой қуришга ихтисослаштирилган юздан ортиқ корхоналар фаолияти йўлга қўйилди, — дейди вилоят ҳокимлигининг етакчи мутахассиси Азаматжон Шокиров. — Айниқса, улар орасида “Камолот ишонч-Анд”, “Андижон-КМК”, “Элитастрой”, “Марҳамат-112”, “Такомил қурилиш сервис”, “Ихтисослашган Шаҳрихон Қурилиш” масъулияти чекланган жамиятларининг жамоалари ғайрат-шижоатини эътироф этсак арзийди.
Жорий йилда вилоятнинг 32 массивида намунавий лойиҳалар асосида 977 та тураржойни бунёд этиш кўзда тутилган. Бу ҳудудда аҳолининг, шу жумладан, қишлоқ одамларининг фаровон турмуш кечиришини таъминлашга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этишидан далолатдир.

Саидаҳмад ШУКУРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn