Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда
  • 06 Январь 2015

Ҳар бир инсон меҳр ва эътиборда

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан юртимиз бўйлаб ўтказилаётган “Маҳорат дарслари” ана шу эзгу мақсадга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.

Истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар бугун ҳар бир соҳада ўзининг юксак самараларини бермоқда. Илгари тушимизга ҳам кирмаган қулайликлар, кўнгилдагидек умргузаронлик қилиш қўлетмас орзу бўлиб кўринган шарт-шароит эндиликда одатий ҳолдек туюлаяпти. Оддий мисол, ҳозир юртимизнинг энг олис ва чекка қишлоқларига борсак ҳам, у ерда марказий жойлардан қолишмайдиган даражадаги кўркам ва замонавий тураржойлар, маиший ва сервис хизматлари кўрсатиш шохобчалари қад ростлаётганини кўрамиз. Одамларнинг ҳаётга муносабати тубдан ўзгараётганига, ҳар бир фуқаро элим деб, юртим деб, ёниб яшаётганлигига амин бўламиз.
Энг муҳими, бундай ислоҳотлар бардавом эканлиги билан юртдошларимиз қувончига қувонч қўшиб, эртанги кунга бўлган ишончини янада мустаҳкамламоқда. Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригида таъкидланганидек: “Бир муҳим масалани эсимиздан, хаёлимиздан асло чиқармаслигимиз керак. Ҳаёт ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Айниқса, биз XXI асрда, глобаллашув, интеллектуал тараққиёт ва интернет замонида яшаётганимизни инобатга оладиган бўлсак, эришган марра ва ютуқлар билан чегараланмасдан, ҳаволаниш кайфиятига берилмасдан, аксинча, доим янгиликка интилишимиз, эртанги кунимизни, олдимизда турган муаммо ва қийинчиликларни ўзимизга яққол тасаввур қилиб яшашимиз лозим. Фақат шундай жамият, қолаверса, давлатгина жадал суръатлар билан ўзгариб бораётган замон билан ҳамқадам бўлиб яшаши мумкин”.
Жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасида кузатилаётган доимий янгиланишлар аҳолининг сифатли тиббий ёрдамдан фойдаланиши учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Бинобарин, инсон борки, бахтиёр яшашни истайди. Бундай юксак орзуга эришишнинг энг муҳим омилларидан бири эса, шак-шубҳасиз, саломатликдир. Истиқлол бизга ана шундай бебаҳо неъматдан баҳраманд бўлиш имконини берди. Хусусан, тиббиёт тизимида амалга оширилаётган туб бурилишлар туфайли малакали тиббий хизмат кўрсатиш сифати юксалди, оналик ва болаликни муҳофаза қилишнинг ўзига хос миллий модели шаклланди.
Бугун нафақат аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва самарадорлигини ошириш, балки илғор даволаш усуллари ҳамда фан ютуқларини амалиётга жорий этиш борасида ҳам ниҳоятда улкан ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Бунинг натижасини кейинги йилларда нафақат пойтахтимиз, балки вилоятларда ҳам турли мураккаб жарроҳлик операциялари муваффақиятли ўтказилаётганлиги мисолида яққол кўриш мумкин. Шу маънода, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигининг эзгу ташаббуси соҳа ривожида ўзига хос мазмун ва моҳият касб этади. Бунга кўра, қатор нуфузли тиббиёт марказлари, хусусан, хирург, акушер-гинеколог, терапевт, педиатр, невропатолог, кардиолог, эндокринолог, офтальмолог, оториноларинголог, уролог, ортопед-травматолог, нейрохирург, онколог, дерматолог, фтизиатр  ва пульмонолог каби ўнлаб мутахассислар мамлакатимиз бўйлаб “Маҳорат дарслари”ни ўтказишни бошлашди.
Мақсад ҳудудий соғлиқни сақлаш тизимида фаолият кўрсатаётган тиббиёт ходимларининг савиясини ошириш ҳамда олис ҳудудларда истиқомат қилувчи аҳолига ихтисослаштирилган малакали тиббий ёрдам кўрсатишдир. Ушбу йирик ижтимоий акция доирасида ихтисослаштирилган тиббиёт  марказлари ҳамда илмий текшириш институтларининг етук олим ва мутахассислари маҳаллий ҳамкасблари билан ҳамкорликда мураккаб ҳамда нозик операцияларни ҳудудий даволаш муассасаларининг ўзида амалга ошираяптилар.
Табиийки, пойтахтдан малакали шифокорларнинг чекка ҳудудларга бориб, у ерда яшовчи кишиларнинг аҳволидан хабар олиши, саломатлиги билан қизиқиши ҳеч кимни бефарқ қолдирмаяпти. Шунинг учун бўлса керак, бу галги “Маҳорат дарслари”нинг қамрови янада кенгайиб, тиббиётнинг 20 га яқин йўналишида 300 нафардан зиёд малакали шифокор жалб этилди.
Кеча Тошкент вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида уюштирилган “Маҳорат дарслари”да пойтахтдан ташриф буюрган мутахассисларнинг иштироки ҳудуддаги шифокорлар ҳамда каттаю кичикда яхши таассурот қолдирди.
— Тўрт ойлик фарзандим Жаҳонгирнинг икки кундан бери безовталанишидан хавотирланиб, Тошкент вилояти кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига олиб келгандим, — дейди Чирчиқ шаҳрида истиқомат қилувчи Луиза Авезова. — Бу ерда фарзандимга тезда ташхис қўйишди ва айни пайтда унинг аҳволи яхши. Пойтахтдан ташриф буюрган мутахассислар ўғлимнинг ранг-рўйига қараб, меъёрий ҳолатда ривожланаётганлигини айтишди. Бундан кўнглим анча кўтарилди. Шифокорларнинг биз яшаётган жойга келиб, дилбандларимизнинг ҳолидан хабар олиши қалбимизга олам-олам қувонч бағишлади. Бунинг учун шундай шароитларни яратиб бераётган, эзгу ташаббусларга бош-қош бўлаётган Президентимиздан беҳад миннатдормиз.
Қайд этиш жоиз, юртимиз тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар боис вилоятлардаги соғлиқни сақлаш муассасалари, чекка туманлар шифохоналари ҳам замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозланаётгани чуқурлаштирилган тиббий кўрик ва “Маҳорат дарслари”ни самарали ўтказишда қўл келмоқда. Юксак малакали шифокорлар ҳар бир туман тиббиёт бирлашмаси, кўп тармоқли оилавий поликлиникалар ҳамда қишлоқ врачлик пунктларининг ўзидаги замонавий тиббий технологиялар ёрдамида беморларга аниқ ташхис қўйишмоқда. Қишлоқлар аҳолиси, диспансер ҳисобида турадиган беморлар, ногиронлар, ёшлар ва хотин-қизларга зарур кўмак ҳамда тавсиялар берилаётир.
— Истиқлолнинг илк йиллариданоқ соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш масаласига энг муҳим устувор вазифалардан бири сифатида эътибор қаратилмоқда, — дейди Республика ихтисослаштирилган педиатрия илмий-амалий тиббиёт маркази директори Дилором Аҳмедова. — Ана шундай беқиёс ғамхўрлик туфайли Ўзбекистон тиббиётида эришилаётган ютуқлар бугун халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилаяпти. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки ўтган йиллар давомида соҳада илғор шакл ва услублар амалиётга жорий қилинди. Жойларда бирламчи бўғиннинг янги, ихчам ва замонавий тизими — қишлоқ врачлик пунктлари, шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари фаолияти йўлга қўйилди. Ихтисослаштирилган тиббиёт  марказларининг ташкил этилгани эса соҳага замонавий технологияларни татбиқ қилиш, тиббий хизмат  кўламини янада кенгайтириш, кадрлар салоҳиятини ошириш имконини бермоқда. Анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Маҳорат  дарслари” ҳам бунга бир мисолдир. Ушбу ижтимоий акцияда марказимизнинг энг тажрибали мутахассислари билан иштирок этиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш баробарида, ҳудуддаги ҳамкасбларимизнинг соҳалар бўйича билимини янада оширишга ўзимизнинг ҳиссамизни қўшаяпмиз.
Халқимизда “Бойликнинг боши — соғлиқ”, деган нақл бор. Чиндан ҳам, инсоннинг тўрт мучаси соғ-саломат бўлса, қалбида эзгу орзу-умидлар жўш уриб, эл-юртга хизмат қилишга чоғланади. Мамлакатимиз миқёсида ўтказилиши яхши анъанага айланган мана шундай ижтимоий акциялар эса соғлиқни сақлаш соҳасининг жадал ривожланаётганини кўрсатиши билан бир қаторда, одамларнинг кайфиятига ижобий таъсир қилаётгани  алоҳида аҳамиятлидир. Зотан, поёнига етган йилда соғлом ва  мустаҳкам оилаларни барпо этиш мақсадида ёшларнинг никоҳдан олдин тиббий кўрикдан тўлиқ ўтишларини таъминлаш, шу асосда ирсий ва туғма касалликларнинг олдини олиш бўйича ибратли ишлар қилинди. Жумладан, “Соғлом она — соғлом бола” лойиҳаси доирасида жами
13 миллион 600 минг нафардан зиёд аёллар ва болалар тиббий кўрикдан ўтказилди. Бунинг натижасида 2 миллион 800 минг нафар  аёл ва 2 миллион 500 минг нафар бола соғломлаштирилди.
Энг муҳими, 2015 йил — Кексаларни эъзозлаш йилида ҳам бундай кенг қамровли тадбирларни давом эттириш кўзда тутилган. Бу эса халқимиз саломатлигини янада мустаҳкамлашда асосий омил бўлиб хизмат  қилиши муқаррар.


Мақсуд ЖОНИХОНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.
Ҳасан ПАЙДОЕВ
олган суратлар.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn