Юрт посбонлари эл ардоғида
  • 06 Январь 2015

Юрт посбонлари эл ардоғида

Мустақиллик йилларида мамлакатимиз хавфсизлиги ва барқарорлиги, сарҳадларимиз дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилишга қодир бўлган, ихчам, тезкор, замонавий қурол-яроғ ҳамда ҳарбий техника билан таъминланган, юксак тайёргарликка эга Қуролли Кучларимизни барпо этиш баробарида, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг самарали тизими ҳам йўлга қўйилди.

Хусусан, ҳарбий хизматчиларни уй-жой билан таъминлаш, замонавий ҳарбий шаҳарчалар қуриш ва мавжудларини реконструкция қилиш, бу объектларда бугунги кун талабларига ҳамда ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёжларига жавоб берадиган қулай ижтимоий-маиший шароит яратиш бўйича махсус давлат дастурлари қабул қилингани бунинг яққол тасдиғидир. Ана шу ҳужжатларнинг изчил ижроси туфайли ҳозирги пайтга қадар кўплаб ҳарбий хизматчилар шинам уй-жойлар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари билан таъминланди. Масалан, Наманган вилоятида ҳам Ватан ҳимоячиларидан бир гуруҳи давлатимизнинг юксак эътиборидан баҳраманд бўлиб, ўз бурчларини сидқидилдан адо этишаяпти.
Соғлом бола йилида кичик сержант Асрорбек Меҳмонов оиласи янги уйнинг калитини қабул қилиб олди. Ўз ҳаётини шарафли ишга бағишлаган ҳарбий хизматчи давлатимизнинг эътиборидан миннатдор.
— Мен ўзимни дунёдаги энг бахтли инсонлардан бири деб биламан, — дейди Асрорбек. — Қадрдон оилам, севимли касбим бор. Катта орзу-умидлар билан уч фарзандни вояга етказаяпмиз. Мана, энди кўркам уйга эга бўлдик. Хонадонимиздаги шароитга ҳавас қилса арзийди. Ҳаёт завқидан баҳраманд бўлиш учун булардан ортиқ яна нима керак? Президентимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрлик биз, ҳарбийларни халқимизга, Ватанимизга садоқат билан хизмат қилишга ундайди.
Дарҳақиқат, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун уй-жойлар бунёд қилишда меъморчиликнинг энг замонавий услублари жорий этилмоқда. Тураржойлар атрофида яратилаётган инфратузилма объектлари эса бу ерда яшовчиларнинг янада мазмунли ҳаёт кечиришига хизмат қилаяпти.
Ўтган йили Поп туманида ҳар бири 32 хонадондан иборат иккита кўп қаватли тураржой биноси ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ихтиёрига топширилди.
— Давлатимиз раҳбари бошчилигида миллий армиямизни модернизациялаш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш баробарида, ҳарбий хизматчилар учун намунали шарт-шароитлар яратиш, ижтимоий муҳофаза этиш масалаларига юксак даражада эътибор қаратилмоқдаки, буни ҳар қадамда ҳис қилиб турибмиз, — дейди ана шундай хонадон соҳибларидан яна бири, катта лейтенант Фаррух Обрўев. — Янги уй бизга жуда ёқди. Хоналардан бирини фарзандларимизга жиҳозлаб бердик. Унда ўқув қуролларидан тортиб, компьютергача бор. Рафиқам Луизанинг хурсанд бўлганини айтмайсизми?! Оилада шундай фаровонлик, хотиржамлик, тинчлик-омонлик ҳукм сурса, ишимизда ҳам самара бўлади. Албатта, бундай ажойиб имкониятларга жавобан бурчимизни шараф билан адо этишимиз, юртимиз тинчлиги ва равнақи учун боримизни аямаслигимиз, қисқача айтганда, ишончни оқлашимиз зарур.
Бундай самимий фикрлар, дил сўзларини миллий армиямиз сафларида хизмат бурчини ўтаётган ҳар бир ҳарбий хизматчидан эшитиш мумкин. Улар мустақиллигимизнинг муносиб қалқонлари, Ватанимизнинг фидойи ўғлонларидир.
Шу ўринда айтиш жоизки, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан боғлиқ тадбирлар нафақат ҳарбий қисмлар, балки мудофаа ишлари билан боғлиқ барча тизимларда изчил олиб борилаётир.
— 2014 йилда бошқармамизнинг бир гуруҳ ҳарбий хизматчилари тураржой билан таъминлангани бунинг амалий тасдиғидир, — дейди Наманган вилояти мудофаа ишлари бошқармаси бўлим бошлиғи, подполковник Дилмурод Турсунматов. — Бундан ташқари, барча ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бепул тиббий кўрикдан ўтказилди. Қолаверса, ҳарбий хизматчиларимиздан бир қанчаси меҳнат таътилини энг замонавий соғломлаштириш масканларида ўтказиб қайтишди. Яна бир жиҳат: давлатимизнинг ғамхўрлигидан фахрийлар, хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган сафдошларимизнинг оила аъзолари ҳам бирдек баҳраманддирлар. Масалан, Қуролли Кучлар сафидан нафақага чиққан Мухторхон Нишонов яқинда янги уйга кўчиб ўтди. Хизмат бурчини ўташ чоғида ҳалок бўлган шартнома бўйича ҳарбий хизматчи, оддий аскар Аҳрор Пардаевнинг беваси Жумагул Машариповага ҳам Мудофаа вазирлиги томонидан икки хонали хонадоннинг калити топширилди. Унинг фарзандларига эса байрамларда совғалар бериб борилади. Буларнинг барчаси мамлакатимизда олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг ҳаётий ифодаларидир.
Шубҳасиз, ҳарбий хизматчиларни ижтимоий ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ишлар бундан кейин ҳам изчил давом эттирилади. Бинобарин, Президентимиз таъкидлаганларидек, “Бугунги замонда фақат ижтимоий жиҳатдан яхши таъминланган ҳарбий хизматчилар, шу билан бирга, пухта тайёргарликка эга бўлган, кучли, ҳар томонлама таъминланган Қуролли Кучларгина давлатимиз хавфсизлигини таъминлашга қодир бўлади”.


Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn