Тинчлик ва осойишталик шарофати
  • 06 Январь 2015

Тинчлик ва осойишталик шарофати

Президентимизнинг Ўзбекистон халқига Янги йил табригини барчамиз катта ҳаяжон билан тингладик. Унда якунига етган йил мамлакатимиз учун самарали ва хосиятли бўлгани алоҳида таъкидланиб, эришган ютуқ ҳамда марраларимиз юксак эътироф этилди. Бундан чексиз фахр ҳиссини туйдик.

Қишлоқда яшаймиз. Касбимиз тақозосига кўра, ҳамиша оддий одамлар орасида бўламиз. Чиндан ҳам, 2014 йилнинг баракаси ҳар бир юртдошимиз ҳаётида акс этганига гувоҳмиз. Шаҳарларни-ку айтмай қўя қолайлик, бугун энг чекка қишлоқларимиз ҳам ободлик ва фаровонликка юз тутди. Аҳоли учун муносиб турмуш шароитини яратиш, ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш бўйича қабул қилинган давлат дастурлари изчиллик билан рўёбга чиқарилаётгани, қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида замонавий уй-жойлар барпо этилаётгани халқимиз турмуш даражасини тубдан ўзгартириб юборди.
Тўйтепа томонларга йўлингиз тушган бўлса, қишлоғимиз оралаб ҳам ўтгансиз. Бу ердаги ободлик ва фаровонликни, улкан бунёдкорлик ишларини кўриб, ҳавасингиз келгандир?! Бир пайтлардаги каби йўл ёқасидаги пасқам, лойшувоқ уй-жойлар йўқ энди.
Улар ўрнини пишиқ ғиштдан, янгидан барпо этилган 200 га яқин кўп қаватли иморатлар эгаллади. Кўчаларимиз ёруғ ва чароғон бўлди. Яна саф-саф бўлиб турган намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойларимизни айтмайсизми?! Қолаверса, янги бунёд этилаётган икки ва уч қаватли муҳташам иншоотлардан ўнлаб савдо ҳамда маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари, тураржойлар ўрин эгалламоқда. Бу юзлаб янги иш ўринлари дегани ҳамдир.
Дарвоқе, Янги йил байрами арафасида тадбиркорларимиздан бири қишлоғимизда маиший ва сервис хизматлари кўрсатишга ихтисослаштирилган уч қаватли мажмуани қуриб, ишга туширди. Бу ерда гўзаллик салонидан тортиб, замонавий либослар галереяси, ҳордиқ зали, тамаддихонагача бор.
Қисқаси, қишлоғимизда айтса арзигулик ижобий ўзгаришлар кўп. Уларга ҳар куни, ҳар жабҳада, ҳар қадамда рўбарў келаяпмиз. Бу, аввало, юртимиздаги тинчлик ва осойишталик шарофатидандир.
Янги йил Президентимиз таклифига биноан мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб номланди. Бунда хонадонларимизнинг файзи ва кўрки бўлган кекса авлод вакилларига ҳурмат, эҳтиром кўрсатиш, уларнинг дуосини олишдек эзгу мақсадлар мужассам. Зеро, табрикда айтилганидек, “Биз меҳрибон ота-оналаримиз, муҳтарам кексаларимиз олдидаги ана шу қарзимизни янада теран англаган ҳолда, уларга ҳар томонлама эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишдек олижаноб мақсадлар билан 2015 йилга қадам қўяр эканмиз, биз учун миллий ўзлигимиз тимсолига айланиб кетган каттага — ҳурмат, кичикка — иззат, меҳр-оқибат, шафқат ва мурувват каби эзгу фазилатларни янада мустаҳкамлаб, уларни жондан азиз фарзандларимизнинг онгу шуурига сингдиришда кириб келаётган йил муҳим, юксак бир босқич бўлишига ишонаман”.
Демак, ана шундай хайрли амаллар рўёби учун барчамиз бир тану бир жон бўлиб ҳаракат қилмоғимиз, Ватанимиз равнақи учун ўз ҳиссамизни қўшмоғимиз лозим.


Хайринисо МИРЗАЖОНОВА,
Ўрта Чирчиқ туманидаги «Қумовул» қишлоқ фуқаролар йиғини раиси, меҳнат фахрийси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn