Соғлом бола йилининг муҳим воқеалари
  • 01 Январь 2015

Соғлом бола йилининг муҳим воқеалари

* Юртимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидор  ва истеъдодини юзага чиқариш мақсадида 2014 йилнинг 6 февралида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

* Пойтахтимизда “Таълим ва мутахассислик” халқаро кўргазмаси ташкил этилди. 2005 йилдан бери ўтказиб келинаётган ушбу лойиҳада жами қатнашган йигит-қизлар сони 90 мингдан ошди.

* Бутун юртимиз бўйлаб “Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмасин!” шиори остида саломатлик ҳафталиклари ўтказилди. Унда республикамиздаги мавжуд 3200 та қишлоқ врачлик пункти, туман ва шаҳарлардаги марказий кўп тармоқли ва оилавий ҳамда аралаш қабулга мўлжалланган поликлиника шифокорлари хонадонларда бўлиб, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишди, тиббий маданиятни ошириш юзасидан ўз тавсияларини беришди.

* “Туркистон” санъат саройида Ўзбекистон Республикаси Президенти соврини учун тадбиркорлар, фермерлар ва ҳунармандлар ўртасида ўтказилган “Ташаббус — 2014” кўрик-танлови ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

* Давлатимиз раҳбарининг “Тошкент шаҳрида Инҳа университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, мамлакатимизда халқаро стандартлар асосида ахборот-коммуникация технологиялари соҳаси учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, жаҳоннинг нуфузли олий таълим муассасалари билан яқиндан ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қиладиган таълим даргоҳи ташкил этилди.

* “Туркистон” саройида Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллудининг 60 йиллигига бағишланган ижодий кеча бўлиб ўтди.

* 1 май куни Тошкент шаҳрида ўтказилган “Фавворалар сайли” деб номланган ёшлар оммавий-маданий тадбирлари барчага унутилмас онларни бахш этди.

* Самарқанд шаҳрида Президентимиз Ислом Каримов ташаббуси билан “Ўрта асрлар Шарқ алломалари ва мутафаккирларининг тарихий мероси, унинг замонавий цивилизация ривожидаги роли ва аҳамияти” мавзусида халқаро конференция ўтказилди. Унда АҚШ, Буюк Британия, Германия, Франция, Италия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Сингапур, Малайзия, Кувайт, Миср, Саудия Арабистони, Россия, Озарбайжон каби элликка яқин давлатдан нуфузли ташкилотлар ҳамда таълим тизими раҳбарлари, олимлар, мутахассислар, экспертлар қатнашди.

* Мамлакатимизда “Адабиётга эътибор — маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида анъанавий республика Китоб байрами тадбирлари бўлиб ўтди.

* Тошкентда бир йўла икки нуфузли халқаро мусобақа — таэквондо (WTF) бўйича XXI ва таэквондо “Пумсе” бўйича III Осиё чемпионатлари ўтказилди.

* Наманган шаҳрида ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими ўқувчиларининг “Баркамол авлод — 2014” спорт мусобақалари республика босқичи бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари  “Баркамол авлод” спорт ўйинлари қатнашчиларига табрик йўллади.

* Тошкент шаҳрида “Ўзбекистонда озиқ-овқат дастурини амалга оширишнинг муҳим захиралари” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Унинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов нутқ сўзлади.

* Гулистон шаҳрида анъанавий “Ҳамшира — 2014” республика кўрик-танлови ўтказилди. Унда танловнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар босқичларида ғолибликни қўлга киритган 14 нафар ҳамшира қатнашди.

* Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма уч йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Байрам тадбирлари “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” деган эзгу ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий, маданий-маънавий ҳамда тарғибот-ташвиқот ишлари дастури асосида ташкил қилинди.

* Мамлакатимиз ғаллакорлари 2014 йилги мавсумда 8 миллион 50 минг тонна сара дон йиғиштириб олиб, зиммаларидаги шартнома мажбуриятини шараф билан адо этдилар.

* Давлатимиз раҳбарининг “Тошкент давлат стоматология институтини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

* Бразилияда футбол бўйича бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида ҳамюртимиз, ФИФА рефериси Равшан Ирматов муносиб иштирок этиб, жаҳон чемпионатларининг финал босқичида энг кўп — тўққизта ўйинни бошқарган ҳакам сифатида рекорд ўрнатди. Президентимизнинг 2014 йил 25 июлдаги Фармонига мувофиқ, Равшан Ирматов “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан мукофотланди.

* Вьетнамда кимё фани бўйича Бутунжаҳон олимпиадаси бўлиб ўтди. 75 давлатдан қарийб 300 нафар билимдонлар иштирок этган ушбу тадбирда Ўзбекистон вакиллари битта олтин, битта кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

* Қашқадарё вилоятидаги “Лочин” оромгоҳида “Юрт келажаги — 2014” республика иқтидорли ёшлар танловининг якуний босқичи бўлиб ўтди. Унда 606 нафар ўғил-қиз орасидан 48 нафар ғолиб саралаб олинди.

* Хитойнинг Нанкин шаҳрида ўтказилган ўсмирлар ўртасидаги II Олимпия ўйинларида 28 нафар ёш спортчимиз Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, 4 олтин, 3 кумуш ва 3 бронза медалга сазовор бўлди.

* Тошкент, Урганч ва Гулистон шаҳарларида “ICTExpo — 2014” ахборот-коммуникация технологиялари ҳафталиги уюштирилди.

* Самарқанд шаҳридаги “Форумлар мажмуаси”да БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгашининг 99-сессияси бўлиб ўтди. Ушбу халқаро форумда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотига аъзо давлатлар вакиллари, шунингдек, АҚШ, Франция, Испания, Германия, Греция, Хорватия, Хитой, Жанубий Корея, Япония, Ҳиндистон, Миср, Индонезия, Сингапур, Таиланд каби ўнлаб мамлакатлардан мутахассислар, халқаро туризм ташкилотлари раҳбарлари, экспертлар иштирок этди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов сессиянинг очилиш маросимида нутқ сўзлади.

* Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида XVII Осиё ўйинлари ўтказилди. Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари ушбу мусобақаларда спортнинг 31 турида иштирок этиб, 44 медаль, яъни 9 олтин, 14 кумуш ва 21 бронза медални қўлга киритди. Жамоавий баҳслар ҳисобга олинганда, мамлакатимиз спортчилари жами 61 медалга (12 олтин, 14 кумуш ва 35 бронза медаль) сазовор бўлди.

* Мамлакатимиз пахтакорлари 3400000 тоннадан ортиқ муҳим саноат хом ашёси етиштириб, зиммаларига олган йиллик шартнома мажбуриятини шараф билан бажардилар.

* II Параосиё ўйинларида ўзбекистонлик 27 нафар спортчи 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза, жами 31 медални қўлга киритиб, қирқдан зиёд давлат орасида бешинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади.

* Урганч шаҳрида “Орол денгизи минтақасидаги экологик офат оқибатларини юмшатиш бўйича ҳамкорликни ривожлантириш” мавзуида халқаро конференция бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти, Оролни қутқариш халқаро жамғармаси раиси Ислом Каримов конференция иштирокчиларига табрик йўллади.

* “Туркистон” санъат саройида “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси ташкил этилганига йигирма йил тўлиши муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Давлатимиз раҳбари “Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компанияси жамоасига табрик йўллади.

* Тошкентда “Competizione dell‘Opera” ёш опера ижрочиларининг XIV халқаро танлови ўтказилди. Нуфузли ҳакамлар ҳайъати хулосасига кўра, юртдошимиз Барно Исматуллаева танлов ғолиби, деб топилди.

* Президентимиз Ислом Каримовнинг 2014 йил 22 августдаги Фармонига мувофиқ, Термиз шаҳри Амир Темур ордени билан мукофотланган эди. 28 ноябрь куни Термиз шаҳрида ушбу юксак мукофотни топширишга бағишланган тантанали маросим бўлди.

* Пойтахтимизда Ўзбек Миллий академик драма театри ташкил топганининг 100 йиллиги муносабати билан адабий-бадиий тадбир бўлиб ўтди.

* “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг йигирма икки йиллигига бағишланган тантанали йиғилиш бўлиб ўтди. Президентимиз Ислом Каримов таклифи билан 2015 йил мамлакатимизда Кексаларни эъзозлаш йили деб эълон қилинди.

* 2014 йил 21 декабрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловлар бўлиб ўтди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn