Қўшалоқ шодиёна
  • 01 Январь 2015

Қўшалоқ шодиёна

Қорақалпоғистон Республикаси. Янги йил байрами арафасида Амударё туманилик Ҳайтимбетовлар оиласида қувончли воқеа юз берди. Гап шундаки, 2014 йилда туманда намунавий лойиҳалар асосида қурилиб, фойдаланишга топширилган 70 та замонавий уйдан бири ушбу оилага насиб этди.

— Бундан хурсандмиз, — дейди Ҳамза Ҳайтимбетов. — Хонадонимизда барча қулайлик муҳайё. Очиғи, қишлоқ жойда шаҳардагидек шарт-шароитлар яратилишини хаёлимизга ҳам келтирмаган эдик. Мана, бугун барчамизнинг қувончимиз чексиз.
Айтиш жоизки, якунланган йилда Қорақалпоғистон Республикасида намунавий лойиҳалар асосида 627 та уй-жой бунёд этилиб, ўз эгаларига топширилди.

Ҳидоят АҲМЕДОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Юксалиш кафолати
Андижон. 2014 йилда Хўжаобод шаҳридаги “Ролтом” масъулияти чекланган жамиятида Маҳаллийлаштириш дастури доирасида янги лойиҳа рўёбга чиқарилди. Пировардида бу ерда тайёрланаётган маҳсулотлар тури 23 тага етди.
Мазкур кичик бизнес субъекти 2006 йилда 5 нафар мутахассис билан фаолият бошлаган эди. Ўшанда бу ерда атиги 2 турдаги маҳсулотлар тайёрланарди. Айни пайтга келиб эса жамиятнинг 25 нафар малакали ишчи-мутахассиси томонидан “GM-Uzbekistan” қўшма корхонасига “Нексия”, “Матиз” ҳамда “Дамас” автомобиллари учун бутловчи қисмлар етказиб берилаяпти.
Яна бир эътиборли жиҳати, корхона жамоаси жорий йилда “Спарк” русумидаги автомобиллар учун яна 5 турдаги эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқаришни режалаштирмоқда.

Саидаҳмад ШУКУРОВ.

Орзулар рўёби
Бухоро. Ромитан туманидаги 1-умумтаълим мактаби ўқувчиси Шерзод Ҳусаинов анчадан буён компьютер дастурлари яратиш сирларини пухта ўрганиш истагида юрарди. Энди унинг бу орзуси ушаладиган бўлди.
Янги йил арафасида туман  “Баркамол авлод” болалар марказининг янги биноси ишга туширилиши билан маскан фаолияти кенгайиб, “Ёш дастурчи” тўгараги ҳам иш бошлади. Эндиликда Шерзод сингари компьютерлар учун дастурлар тузишга иштиёқманд ўғил-қизлар дарсдан бўш вақтларини мазмунли ўтказиш имкониятига эга. Бу ердаги қурилиш-таъмирлаш ҳамда жиҳозлаш ишлари учун давлатимиз томонидан  630 миллион сўм маблағ сарфланди.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Ғаллаоролда  замонавий  корхона
Жиззах. Fаллаорол туманида енгил саноат йўналишида йирик корхона иш бошлади. Бунинг учун 4 миллиард сўмлик сармоя йўналтирилиб, Япония, Хитой ва Европа давлатларидан илғор технологиялар келтириб, ўрнатилди.
Ҳозир бу ерда бир кеча-кундузда 6 турдаги, 6 минг дона болалар кийимлари, шунингдек, эркак ва аёллар учун трикотаж маҳсулотлари тикилаяпти. Эътиборлиси, уларнинг 80 фоизи дастлабки кунларданоқ хорижга экспорт қилинаётир. Янги тикувчилик корхонаси ишга туширилиши натижасида 170 нафар ёш иш билан таъминланди.

Тожиддин ҚАМАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Спортчилар муваффақияти
Навоий. Осиё чемпионатининг кумуш медали совриндори Зарина Қурбонова бадиий гимнастика бўйича илк сабоқларни Навоий шаҳридаги “Сўғдиёна” спорт мажмуасида ўзлаштирган. У ҳозир республика терма жамоаси аъзоси сифатида мусобақаларга пухта тайёргарлик кўрмоқда.
Зарина учун 2014 йил омадли келди. У Хитойнинг Нанкин шаҳрида бўлиб ўтган ўсмирлар ўртасидаги Олимпия ўйинларида совриндорлар сафидан жой олди. Ёш спортчининг мазкур нуфузли мусобақадаги муваффақияти мамлакатимизда бадиий гимнастика жадал ривожланаётганини яна бир карра тасдиқлади.
Фахр билан таъкидлаш жоизки, якунланган йилда халқаро мусобақа ва жаҳон чемпионатларида иштирок этган 118 нафар навоийлик ёш спортчи томонидан 20 та олтин, 11 кумуш ва 17 та бронза медаль қўлга киритилди.

Азамат ЗАРИПОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Хорижлик ҳамкорлар билан келишув
Наманган шаҳридаги “Дўстлик А” масъулияти чекланган жамияти жамоаси шу пайтга қадар бўз матоси тўқиш билан шуғулланиб келаётганди. Яқинда бу ерда 600 минг АҚШ доллари ва 300 миллион сўмлик сармоя эвазига модернизациялаш тадбирлари амалга оширилиб, ип йигириш технологияси ишга туширилди. Янги қувватлар ёрдамида йилига 800 тоннагача ип калава тайёрлаш мумкин.
— Анчадан буён экспорт амалиётини йўлга қўйишни мўлжаллаб юрган эдик, эндиликда бу режамиз  ҳам амалга ошадиган бўлди, — дейди МЧЖ раҳбари Равшанбек Усмонов. — Жумладан,  хорижлик ҳамкорлар билан 840 минг АҚШ долларига тенг маҳсулот етказиб бериш юзасидан шартнома имзоладик. Айни кунларда унинг ижросига киришганмиз.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркаси
Самарқанд вилоятининг барча туман ва шаҳарларида Янги йил байрами муносабати билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ярмаркалари ташкил этилди. Унда воҳадаги фермер хўжаликлари, соҳибкорлар томонидан тайёрланган замин неъматлари аҳолига нисбатан арзон нархларда етказиб берилаяпти.
— Маҳсулотлар сифати истеъмолчилар талабига тўлиқ жавоб беради, — дейди харидор Юсуф Солиев. — Яна бир қулайлиги уларни банк пластик карточкалари орқали ҳам харид қилиш имконияти яратилган.
Байрам ярмаркалари 5 январга қадар давом этади.

Мамадиёр ЗИЁДИНОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Электростанция модернизация қилинди
Сирдарё иссиқлик электр станциясининг иккинчи энергоблоки юқори қувват билан ишлай бошлади. Ҳозир бу ерда аввалгига нисбатан соатига 25 мегаватт кўп электр энергияси ҳосил қилинмоқда. Бундай кўрсаткичга технологик янгиланишлар туфайли эришилди. Айтиш лозимки, энергоблокка ўрнатилган барча эҳтиёт қисмлар хориждан махсус буюртма асосида келтирилди.
Айни чоғда тўққизта энергоблокда жами 2200 мегаватт-соатдан зиёд электр қуввати ишлаб чиқарилмоқда. Станциянинг биринчи энергоблокида олиб борилаётган модернизация ишлари ниҳоясига етгач, бу кўрсаткич янада ортади.
Умуман, ИЭСнинг икки энергоблокини модернизациялашга йўналтирилган маблағ миқдори 60 миллион АҚШ долларини ташкил этади.

Аҳмадали ШЕРНАЗАРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Тритон ҳайкаллари топилди
Сурхондарёда археолог олимлар томонидан ноёб тритон ҳайкаллари топилди. Термиз шаҳрига яқин дарё ўзанида жойлашган “Талитоғора” ёдгорлигида олиб борилган изланишлар жараёнида қўлга киритилган ушбу ноёб  топилма тошга ўйиб ишланган ярим одам, ярим от ва ярим балиқ шаклида бўлиб, айни пайтда у қайси даврга тегишли эканлиги ўрганилмоқда.
— Экспедициямиз Термиз давлат университети ва Термиз археология музейи ходимларидан иборат бўлди, — дейди Ўзбекистон Фанлар академияси Яҳё Fуломов номидаги Археология институти илмий ходими Тўхташ Аннаев. —  Сурхондарёнинг Амударёга қуйилиш жойидан топилган “Талитоғора” ёдгорлиги қадимда ибодатхона бўлганлиги тахмин қилинмоқда. У дарё бўйида қурилгани, шунингдек, бу ерда топилган кўплаб тарихий ашёлар ва тасвирлар хулосаларимизга мос келаяпти.

Нормурод ТЕМИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Қўғирчоқ ўзбекча “сўзлайди”
Тошкент вилояти. Янги йил байрамида болажонларни фақат ширинлик улашиб эмас, ранг-баранг ўйинчоқлар билан ҳам мамнун этиш мумкин. Зангиота туманидаги “Man Joy Toys” масъулияти чекланган жамияти жамоаси байрамга атаб болалар ўйинчоқларининг янги туркумларини ишлаб чиқара бошлади.
Спорт анжомлари, уй-рўзғор буюмлари, қурилиш асбоблари кўринишидаги ҳамда йиғма конструкцияли ўйинчоқлари билан аллақачон юртимизда ном қозонган корхонада эндиликда миллий автомобилларимизнинг митти нусхалари ҳам тайёрланаётир. Эътиборлиси, жамоа болажонларнинг интеллектуал ривожланишига кўмаклашувчи янги маҳсулотлар — ўзбек, рус ва инглиз тилларида “сўзловчи” қўғирчоқлар ва электрон алифбо қўлланмаларини ҳам кенг турда тайёрлашга киришди.
Бу изланишлар натижасида корхонада тайёрланаётган ўйинчоқлар тури 70 дан ошди. 

Ғайрат ШЕРАЛИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Кичкинтойлар қувончи
Фарғоналик кичкинтойлар Янги йил байрамини яқинда вилоят марказида фойдаланишга топширилган муҳташам Санъат саройида нишонлашди. “Насриддиннинг Янги йил саргузаштлари” деб номланган томоша дастурида асосан эзгулик ва ёмонлик ўртасидаги кураш турли эртак қаҳрамонлари образлари орқали очиб берилди.
Шунингдек, Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги вилоят мусиқали драма театри жамоаси ҳам болалар учун Янги йил томошаларини тақдим этмоқда. Театрда “Олтин жўжа саргузаштлари” эртак-драматик асари намойиш қилинаяпти. Шу билан бирга, “Янги йил қўшиғи” деб номланган болалар шоу-концерти ҳам бўлиб ўтмоқда.

Набижон СОБИРОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Урганчда муҳташам гипермаркет
Хоразм. Тадбиркор Нураддин Бекжанов саъй-ҳаракати билан Урганчда замонавий гипермаркет фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун 17 миллиард сўмлик банк кредити йўналтирилди. Бу ерга ташриф буюрган киши бир пайтнинг ўзида савдо ва сервис хизматидан фойдаланиш баробарида, ҳордиқ чиқариши ҳам мумкин. 
Шаҳардаги марказий деҳқон бозори ёнида жойлашган  гипермаркет атрофи ободонлаштирилиб, кўркам қиёфага келтирилди. 

Ойбек РАҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Бозор талабига мос
Қашқадарё вилояти марказидаги “Насаф тоза сифат” масъулияти чекланган жамиятида гигиена воситалари тайёрлаш ўзлаштирилди.
Банкнинг 249 миллион сўмлик кредити ҳисобига харид қилинган замонавий технологик линия ёрдамида айни пайтда уч турдаги кир ювиш кукунлари ишлаб чиқарилиб, бежирим идишларга қадоқланмоқда.
— Бизнес-лойиҳамизни рўёбга чиқаришда бозордаги талаб ва эҳтиёжни пухта ўргандик, — дейди жамият раҳбари Феруз Суюнов.  — Ҳозир ойига 30 тоннадан ортиқ маҳсулот тайёрлаб, харидорларга етказиб бераяпмиз.
Корхонада янги ишлаб чиқариш линиясининг ишга туширилиши эвазига ўнга яқин иш ўрни яратилди.

Аҳад МУҲАММАДИЕВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn