2014 йил ҳаётингизда қандай из қолдирди?
  • 01 Январь 2015

2014 йил ҳаётингизда қандай из қолдирди?

Янги йил остонасида ортга бир назар ташлаб, ўтган йилни сарҳисоб қилиш халқимизга хос хислат. Негаки, бу келгусида бажармоқчи бўлган ишлар режасини тузиш, галдаги муҳим вазифаларни белгилаб олиш учун айни муддаодир.

Шу боис мухбирларимиз айрим юртдошларимизга “2014 йил ҳаётингизда қандай из қолдирди? Янги йилдан нималар кутаяпсиз?” деган саволлар билан мурожаат қилди.

Баҳодир КЕНЖАЕВ,
“Аҳмадий” фермер хўжалиги раҳбари (Сирдарё вилояти):
— Мен учун жудаям қувончли ва омадли йил бўлди. Бунга арзигулик сабаблар кўп. Хусусан, Мустақиллигимизнинг 23 йиллиги арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган бўлсам, “Ташаббус — 2014” республика кўрик-танловининг “Энг яхши фермер” йўналишида биринчи ўринни эгалладим. Бу ҳаётимдаги энг унутилмас воқеалардир.
Деҳқончиликдаги натижаларимиз ҳам чакки бўлмади. 105 гектар майдонда пахта етиштириб, гектаридан ўртача 40 центнердан, 60 гектар ғалладан эса 62 центнердан ошириб ҳосил олдик.
Жорий йилда чорвачиликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқчимиз. Шу мақсадда яқинда 1 миллиард 810 миллион сўм миқдорида инвестиция киритиш шарти билан қаровсиз бинони сотиб олдик. Уни қайта таъмирлаб, 200 бош қорамолга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплексини ишга туширмоқчимиз. Ана шунда чорвамиз сони 365 бошга етиб, юртимиз аҳолисига сут ва гўшт маҳсулотлари етказиб бериш ҳажми янада ошади.

Саломат КОМИЛОВА,
“Қаршимебель” масъулияти чекланган жамияти раҳбари (Қашқадарё вилояти):
— 2014 йилда бизнес фаолиятимиз янада ривожланди. Бунинг самараси ўлароқ, Янги йил байрами арафасида тадбиркор аёллар ўртасида ташкил этилган “2014 йилнинг энг яхши лойиҳаси” кўрик-танловида ғолибликни қўлга киритдим ва банк томонидан имтиёзли кредит олиш имкониятига эга бўлдим.
Соғлом бола йили давомида мебелсозликдан ташқари, тикувчилик ва пайвандлаш цехлари фаолиятини ривожлантирганимиз туфайли ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури 100 дан ошди. Энг муҳими, 5 та қўшимча иш ўрни яратилиб, уларга касб-ҳунар коллежи битирувчиларини жалб қилдик.
2015 йилда “Мебеллар уйи”ни фойдаланишга топширмоқчимиз. Бунинг натижасида яна 18 нафар ёшнинг бандлиги таъминланади. 

Ҳикматилла САЛИЕВ,
“Ўзбекистон темир йўллари” давлат акциядорлик компаниясининг алоқа ва сигналлаштириш маркази бош муҳандиси:
— Истиқлол йилларида юртимиз темир йўллари жадал ривожланиб, қудратли тизимга айланди. Ўтган йиллар мобайнида барпо этилган янги темир йўллар, қурилаётган замонавий вокзаллар, юк қабул қилиш ва жўнатиш терминаллари бунга яққол мисол бўла олади.
Якунланган йилда компаниямизнинг йигирма йиллик тўйини нишонладик. Бу байрам ҳаётимда ўчмас из қолдирди, десам, айни ҳақиқатни айтган бўламан. Чунки ушбу сана муносабати билан Президентимиз Фармонига асосан, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган транспорт ходими” унвони билан тақдирландим. Албатта, бундан жуда хурсанд бўлдим. Ўз навбатида, бу мукофот зиммамга катта масъулият ҳам юклайди.
2015 йилда ҳам тизимда жуда кўплаб истиқболли лойиҳалар рўёбга чиқарилиши режалаштирилган. Айни пайтда барчамиз улар ижросини таъминлашга қатъий бел боғлаганмиз.  Бундан кўзлаган мақсадимиз битта — юртимиз тараққиётини юксалтириш ва халқимиз турмушини янада фаровонлаштиришга муносиб ҳисса қўшиш.

Фарида ҚУРБОНОВА,
ёш тадбиркор (Сурхондарё вилояти):
— Бугун юртимизда ёшларни, айниқса, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор барчамизни янги марралар сари ундамоқда. Қаранг, биргина 2014 йилда ўз бизнесини бошлаш истагида бўлган тенгдошларим учун 170 миллиард 700 миллион сўм миқдорида кредитлар ажратилибди. Мен ҳам бундан оқилона фойдаландим: 2014 йилда Ангор туманидаги қишлоқ хўжалиги ва ўрмончилик касб-ҳунар коллежини тамомлагач, 4 миллион 800 минг сўмлик имтиёзли кредит олиб, маҳалламизда кичик тикувчилик цехи ташкил этдим. Айни пайтда бу ерда 4 нафар чевар меҳнат қилаётган бўлиб, буюртма асосида ёстиқ жилдлари, чойшаблар тикишмоқда.
Янги йилда яна 6 та замонавий тикув дастгоҳи харид қилиб, қўшимча иш ўринлари яратиш ниятидамиз. Бу орқали эл-юртга, оз бўлса-да, наф келтиришдан хурсанд бўламиз, албатта.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn