Омад ва шодлик келтиради
  • 01 Январь 2015

Омад ва шодлик келтиради

Кундалик ҳаётимизни тақвимларсиз тасаввур қилиш қийин. Зеро, кун, ҳафта, ой, йил ҳисобини юритиш қадим-қадимдан удум бўлиб, у Қуёш, Ой ва сайёраларнинг кўринма ҳаракати, кун билан тун алмашинуви, йил фаслларининг даврий такрорланишига асосланган.

Ҳатто илгари муҳим воқеа-ҳодисаларни бир ипга кетма-кет тизиб чиқишда асқатадиган тақвимлар ва тақвимбошилар ҳам бўлган.
Туркий халқлар фойдаланган тақвимлар қарийб уч минг йиллик тарихга эга бўлиб, улар орасида мучал ҳисоби алоҳида ажралиб туради. Абу Райҳон Берунийнинг “Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”, Маҳмуд Кошғарийнинг “Девони луғатит-турк” асарларида келтирилишича, ушбу даврий йил ҳисобига 12 та жонивор номи киритилган. Булар — сичқон, сигир, йўлбарс, қуён, балиқ, илон, от, қўй, маймун, товуқ, ит ва тўнғиз.
Унга кўра, 2015 йил қўй йилидир.
Тарихий манбаларда қайд этилишича, мазкур 12 йиллик ҳисоб туркий халқларнинг асл йил тақвими саналади.
Ушбу тақвим мукаммал ишлаб чиқилган бўлиб, кўп йиллар давомида қайси йилда қандай об-ҳаво кузатилишигача пухта ўрганилган. Қадимий ривоятлар ҳам шунга ҳамоҳанг эканлиги эътиборга моликдир.
Гап шундаки, Янги йилнинг қандай келиши мучал ҳисобидаги ҳайвонларга ҳам боғлиқ, деб қаралган ва бунга қаттиқ ишонилган. Масалан, тўнғиз йилида ёғингарчилик кўп бўлса, сигир йили жуда қут-баракали келар эмиш. Шу ўринда табиий савол туғилади: хўш, қўй йилининг хосияти қандай?
Маълумки, қўй азал-азалдан фаровонлик, тўкинлик, барқарорлик ва хотиржамлик рамзи ҳисобланади. Вазминлик, босиқлик, муроса йўлидан бориш унга хосдир. Қирғинбарот урушлар айнан қўй йилида тўхтатилганига тарихдан мисоллар кўп.
Одатда, ушбу йилда жуда қулай об-ҳаво кузатилиб, деҳқончилик ва чорвачиликнинг барорини берган. Айниқса, озиқ-овқат экинларидан баракали ҳосил олинган. Бошқа соҳа вакилларининг ҳам узоқ йиллар давомида қилган фидокорона меҳнатлари қўй йилида ўзининг ёрқин самарасини бериши, атрофдагиларнинг эътирофига сазовор бўлиши эса айни ҳақиқат.
Қўй қулайликни ёқтиргани боис жорий йилда бунёдкорлик ва ободонлаштириш, шу жумладан, шинам ва кўркам уй-жойлар қуриш ишлари авж олиши, тадбиркорлик янада равнақ топиши, шубҳасиз. Мода оламида ҳам янгидан-янги натижалар қўлга киритилиши, ёрқин бўлмаган ранглар урфга кириши мумкин.
Умуман, юртдошларимизнинг қўй йилидан умидлари катта, режалари эса бисёр. Ниятимиз, Янги йил қувонч ва омадларга бой бўлсин!

С. ИБОДУЛЛАЕВ
тайёрлади.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn