Болажонларга таътил туҳфаси
  • 01 Январь 2015

Болажонларга таътил туҳфаси

Юртимизда Янги йил шукуҳи ҳукмрон. Унинг завқ-шавқи нафақат маданият ва истироҳат боғлари, хиёбонлар, балки театр саҳналарига ҳам ўзига хос ранг-баранглик, сурур бахш этаяпти. Хусусан, пойтахтимиздаги Республика ёш томошабинлар театри жамоаси байрам тантаналарига алоҳида тайёргарлик кўрди.

Театр саҳнасининг замонавий кўриниши, унинг шодиёнага хос безатилгани ёш томошабинлар қизиқишини оширмоқда. Шу боис аксарият мактаб ўқувчилари, Меҳрибонлик уйлари тарбияланувчилари мазкур ибратхона томон ошиқмоқдалар.
Таъкидлаш жоизки, болажонларнинг қишки таътил кунларини мароқли ва эсда қоларли қилиб ўтказиш мақсадида театр репертуари қамрови кенгайтирилди. Эртаклар асосида яратилган қатор спектакллар намойиш этилмоқда. Эртак қаҳрамонларининг жонли ҳаракатлари, эзгулик йўлидаги курашлари болажонларда катта таассурот уйғотмоқда.
— Менга, айниқса, “Қор маликаси” спектакли жудаям ёқди, — дейди пойтахтимиздаги 4-умумтаълим мактабининг 2-синф ўқувчиси Раҳматилла Файзиев. — Эртак қаҳрамони олижаноб фазилатлар эгаси. Шунинг учун ҳам йўлида учрайдиган турли тўсиқларни енгиб ўтиб, эзгу мақсадларига етади. Ўқитувчимиз айтганидай, ҳаётда ким эзгулик тарафдори бўлса, у албатта, бахтга эришади.
Театр жамоаси байрам шодиёналарига бағишланган кўчма спектаклларни ҳам ташкил этмоқда. Жумладан, нафақат пойтахтимиз, балки республикамизнинг турли вилоятларига ҳам ижодий сафарлар уюштирилаяпти.

Дилмурод СОДИҚОВ.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn
Мазкур рукндаги бошқа мақолалар: « Ишонч ва масъулият Омад ва шодлик келтиради »