Ишонч ва масъулият
  • 01 Январь 2015

Ишонч ва масъулият

Коллеж ўқитувчисиман. Билим масканимиз вилоятнинг энг чекка ҳудудларидан саналган Искогаре қишлоғида жойлашган. Ҳозир бу ерда минг нафардан зиёд ўғил-қиз таҳсил олиб, касб-ҳунар сирларини ўрганмоқда.

Коллежимиз замонавий бинода жойлашган. Ўқув ва амалиёт хоналари, тикувчилик, зардўзлик, радиотехника ҳамда компьютер оператори йўналишларида устахоналар мавжуд. Барчаси илғор ахборот технологиялари, ўқув қуроллари билан жиҳозланган. Спорт зали,  футбол, волейбол, баскетбол майдонлари ўқувчилар ихтиёрида. Бундай қулай шарт-шароитларни кўрган ҳар қандай кишининг ҳаваси келиши аниқ.
Ушбу қулайликлар давлатимизнинг ёшларга, хусусан, энг чекка қишлоқларда яшовчи ўғил-қизларга ҳам катта ғамхўрлик кўрсатаётганидан далолат беради, албатта. Ўз навбатида, ўқувчиларимиз 2014 йилда турли кўрик-танловлар ҳамда спорт мусобақаларида муваффақиятли қатнашиб, ишончни оқлашди. Улар орасида менинг ҳам шогирдларим борлигидан хурсандман.
Дарвоқе, ортда қолган йил мен учун ҳам жуда мазмунли кечди. Мамлакатимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида Президентимиз Фармонига мувофиқ, давлатимизнинг юксак мукофоти билан тақдирландим. Бу ҳаётимдаги энг қувончли воқеа бўлди. Оиламиз, коллеж жамоаси, қишлоғимиз аҳли учун ҳам унутилмас кун бўлиб қолди. Камтарона меҳнатимнинг юксак қадрлангани ҳаётимга янгича мазмун олиб кирди. Зиммамдаги масъулиятни теран англашга ундади. 2015 йилда ҳам қишлоғимиз ёшларининг тасвирий санъат ва миллий ҳунармандчиликка бўлган қизиқишларини янада ошириш, уларни қадриятларимиз, анъаналаримизга садоқат руҳида тарбиялашдек олижаноб ишга ўз ҳиссамни қўшаман.

Жамол ҲАЛИМОВ,
Шофиркон  маиший хизмат ва миллий ҳунармандчилик касб-ҳунар коллежи махсус фан ўқитувчиси,
«Меҳнат шуҳрати» ордени соҳиби.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn