Завқли томошалар, унутилмас таассуротлар
  • 31 Декабрь 2014

Завқли томошалар, унутилмас таассуротлар

Мустақиллик майдонида Янги йил байрами тантаналари бўлиб ўтмоқда. Ўзгача руҳда безатилган майдон, кўкка бўй чўзган арчанинг ранго-ранг товланиши ҳар бир болакайни эртаклар олами сари чорлайди.

Севимли эртак қаҳрамонларининг чор-атрофда жажжи ўғил-қизлар билан қувноқ ҳаракатлари, дилтортар ашулалар, театрлаштирилган саҳна кўринишлари мурғак қалб эгаларига унутилмас онларни ҳадя қилмоқда.
Байрам шодиёналари Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси, “Ўзбектеатр” ижодий-ишлаб чиқариш бирлашмаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳамда “Тошшаҳарнур” давлат унитар корхонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.
Ўзбек Миллий академик
драма театри актёрлари томонидан тайёрланган “Янги йил саргузаштлари” томошалари барчага завқу шавқ улашаяпти.
Бадиий жамоалар, цирк санъати усталари, таниқли санъаткорлар, ёш ижрочилар, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти, Ўзбекистон давлат консерваторияси талабалари ўзларининг ранг-баранг мусиқий дастурларини тақдим қилмоқда.
Майдонда етмишга яқин аттракцион, элликка яқин савдо шохобчаси хизмат кўрсатаяпти. Шунингдек, меҳмонларнинг кўнгилдагидек ҳордиқ чиқаришлари, ўйнаб-кулишлари учун бошқа зарур чора-тадбирлар ҳам амалга оширилган.
Бу ерга ўрнатилган улкан мониторларнинг бирида мультфильмлар намойиш этилиб, ўғил-қизларга қувонч улашилаётган бўлса, бошқасида мамлакатимиздаги ўзгаришлар, янгиланишлар кўрсатилмоқда. Мазкур лавҳаларда шаҳар ва қишлоқларимизнинг кўркам қиёфаси, ёшларимизнинг турли соҳалардаги муваффақиятлари акс эттирилган. Табиийки, буларнинг барчаси ҳар бир юртдошимизда фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Бинобарин, “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида республикамизда оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оналар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди.
Шу боис майдонга ташриф буюраётган ҳамюртларимиз юз-кўзида кўтаринкилик, бугунги тинч ва осойишта, фаровон ҳаётимизга шукроналик туйғулари акс этиб турибди.
— Набираларим билан томошага келдик, — дейди пойтахтимизнинг Шайхонтоҳур туманида яшовчи онахон Зуҳра Исабоева. — Мустақиллик майдони байрамга мос тарзда безатилибди. Кичкинтойларим ниҳоятда хурсанд. Бу ерда фарзандларимизга совға-салом харид қилишимиз учун ҳам барча қулайлик яратилганидан мамнун бўлдик.
— Байрам томошалари менга жуда ёқди, — дейди олти ёшли Комила Исмоилова. — Эртак қаҳрамонлари билан бирга ўйнадик, ашула ижро этдик.
Янги йил тантаналари пойтахтимиздаги қатор маданият ва истироҳат боғлари, майдон ва хиёбонлар, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳам бўлиб ўтмоқда.

Дилмурод СОДИҚОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn