2014 йил ҳаётингизда қандай из қолдирди?
  • 31 Декабрь 2014

2014 йил ҳаётингизда қандай из қолдирди?

2015 йил остонасида турибмиз. Яна янги режалар, ниятлар, орзу- умидлар... Мана шундай лаҳзаларда ҳар биримиз ортга назар ташлаб, жорий йилда бошимиздан кечирган муҳим воқеаларни, эришган ютуқ ва марраларимизни яна бир карра кўз ўнгимиздан ўтказишимиз табиий.

Хўш, 2014 йил сизнинг ҳаётингизда қандай из қолдирди? Анъанамизга мувофиқ, ушбу савол билан айрим юртдошларимизга мурожаат қилдик.

Муҳиддин РУСТАМОВ,
тадбиркор (Навоий шаҳри):
— Мамлакатимизда тадбиркорларга яратиб берилаётган кенг имкониятларни кўриб, мен ҳам бизнес соҳасида ўзимни синаб кўриш иштиёқи билан юргандим. Қарангки, ана шу ниятим жорий йилда амалга ошди. Навоий шаҳрида “Наргиза К” деб номланган хусусий корхона ташкил этдим. Банк томонидан ажратилган имтиёзли кредит эвазига хориждан энг илғор технологиялар олиб келиб, полиэтилен қувурлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйдим. Ҳозир ўн турдаги маҳсулот тайёрлаяпмиз. Нархи ҳам, сифати ҳам харидорларга маъқул тушмоқда. Эътиборлиси, корхонамиз фаолият бошлаши билан ўндан ортиқ киши ишли бўлди. Шу боис нафақат мўмай даромад олаётганимдан, балки кимгадир нафим тегаётганидан ҳам қувонаман. 2014 йил шуниси билан ҳаётимда ёрқин из қолдирди.

Муқаддас ва Баҳром ТОШМУҲАМЕДОВлар,
ёш оила (Яккасарой тумани):
— Соғлом бола йилининг илк кунидаёқ ҳаётимизда катта воқеа, хурсандчилик рўй берди. Яъни 2014 йилнинг 1 январида қиз фарзанд кўрдик.
Ота-она учун бундан ортиқроқ бахт борми дунёда?! Яқинларим, қариндош-уруғларим табриклашди, эзгу тилаклар билдиришди. Биз ҳам яхши ният ила фарзандимизга Асолат деб исм қўйдик. Қизимиз, ҳадемай, бир ёшга тўлади. Энг муҳими, у соғлом бўлиб улғаймоқда.

Ойимхол УМАРОВА,
меҳнат фахрийси (Жарқўрғон тумани):
— Юртимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм сурмоқда. Шунинг ўзи барчамиз учун катта бойлик. Ҳар гал дуога қўл очганда, осуда ҳаётимиз, фаровон кунларимизга кўз тегмасин, эзгу ишларнинг бошида турган, кексаю ёшга бирдек эътибор қаратаётган Президентимиз соғ-омон бўлсинлар, дея ният қиламиз.
Мустақилликдан айланай, қаранг, йилдан-йилга турмушимиз яхшиланиб бораяпти. Рўзғоримиз бут, дастурхонимиз тўкин. Тўйлар тўйларга уланаяпти.
Сизга айтсам, бу йил ўғлим Холиёр яп-янги мошин олди — “Спарк”. “Эна, чиқинг, бир сайр қилиб келамиз”, деб яқинда мени Термизга, кейин Самарқандга олиб борди. Ич-ичимдан қувондим. Кўнглим тоғдек кўтарилди. Табаррук жойларни зиёрат қилиб, руҳан енгил тортдим. Шундай кунларга етказганига шукроналар айтдим.
2015 йилнинг Кексаларни эъзозлаш йили деб номланиши барчамизни хурсанд қилди. Юртбошимиздан жуда ҳам миннатдормиз. Бизнинг бахтимиз инсон қадри улуғланган шундай ажойиб юртда яшаётганимиздир.

Севинч САЛАЕВА,
II Параосиё ўйинлари ғолиби:
— 2014 йил юртимиз спортчилари, хусусан, паралимпиячилари учун муваффақиятларга бой йил бўлди. Биргина Жанубий Кореянинг Инчеон шаҳрида ўтказилган II Параосиё ўйинларини олсак, терма жамоамиз 22 олтин, 5 кумуш ва 4 бронза, жами 31 медални қўлга киритиб, қирқдан зиёд давлат орасида бешинчи, Марказий Осиё давлатлари ўртасида биринчи ўринни эгаллади. Мен ушбу натижага дзюдо баҳсларида ғолибликка эришиш орқали ўз ҳиссамни қўшганимдан жудаям бахтиёрман. Президентимиз фармойишига мувофиқ, II Параосиё ўйинларининг ғолиб ва совриндорлари муносиб тақдирланди.
Халқаро ногиронлар куни муносабати билан пойтахтимизда ўтказилган тадбирда 2014 йилнинг энг яхши спортчилари номи ҳам эълон қилинди. Хотин-қизлар орасида мен ана шундай эътирофга лойиқ, деб топилганим ҳаётимдаги унутилмас кунлардан бири бўлди.
Жорий йил ҳақида сўз юритганда ана шу дамларни ўзгача ҳаяжон билан тилга оламан. Келгусида ҳам халқаро мусобақаларда Ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилиб, халқимиз, Президентимиз ишончини оқлашга интиламиз.

Отабек ШУКУРОВ,
футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоаси аъзоси:
— Осиё чемпионатининг чорак финалида ғалаба қозониб, қитъамиздаги тўртта давлатдан бири сифатида келгуси йили Янги Зеландияда бўладиган жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритдик. Юртимизга ёруғ юз билан қайтганимиздан жамоамизнинг ҳар бир аъзоси беҳад хурсанд.
Президентимиз Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида спортимизда эришилган муваффақиятлар ҳақида тўхталиб, биз қайд этган натижани алоҳида эътироф этиб ўтганлари қалбимизга чексиз ғурур ва ифтихор ҳиссини бағишлади. Бундай юксак эътибордан руҳланиб, жаҳон чемпионатида ҳам муносиб қатнашиш, шу орқали юртимиз довруғини янада оширишга ўз ҳиссамизни қўшиш ниятидамиз.

Шавкат ОРТИҚОВ
ёзиб олди.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn