Маҳорат, тажриба ва ҳамкорлик
  • 15 Февраль 2014

Маҳорат, тажриба ва ҳамкорлик

Бугун ижод аҳли, чунончи, журналистларнинг жамиятда тутган ўрни ва мавқеи юксалди. Улар мустақиллик йилларида Президентимиз раҳнамолигида қўлга киритилаётган ютуқлар, дунёда ўхшаши йўқ деб эътироф этилаётган тараққиётимизнинг “ўзбек модели” самаралари ҳақида жўшиб қалам тебратишмоқда.

Албатта, бунда ОАВ ходимларининг малака ва кўникмаларини ошириш, рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳам муҳим ўрин тутади. Хусусан, Фарғона вилояти ижодкорлари бир неча марта Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенати аъзолари билан амалий семинарларда, конференция ва очиқ мулоқотларда фаол иштирок этдилар. Бу эса, жамиятимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни теран англаб, ўз мақолаларимизда чуқур ва муфассал фикр юритишимизда имкониятларимизни кенгайтирди.
Бугун ижодий жамоаларни замон руҳига ҳамоҳанг фаолият юритиш, интилиш ва изланишга даъват этишда тизимли равишда ўтказилаётган семинарлар ҳам ўзига хос аҳамият касб этаяпти. Хусусан, икки ойда бир марта ўтаётган шундай тадбирларда  вилоятимизда  чиқадиган  83 та  газета ва журнал, 6 та телевидение фаолияти Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлимининг мониторинг гуруҳлари томонидан ўрганилиб, таҳлил этиб борилаяпти. 
Марказий нашрлар фаолияти, у ердаги ижодий муҳит билан танишиш ва тўпланган тажрибаларни ўрганиш ҳам биз учун ниҳоятда зарур. Бунинг самарасини Қўштепа тумани “Истиқбол йўли” газетаси муҳаррири сифатида ўз фаолиятимда яққол кўраяпман. Чунки журналистларимиз иқтидорли ва тажрибали ҳамкасбларининг маслаҳатларига ҳар доим эҳтиёж сезади. Бўлим ташаббуси билан 21 нафар муҳаррир бир ҳафта давомида марказий нашрларда малака оширгани, жойлардан орттирган тажрибамиз, журналистларни тайёрлаётган олий ўқув юртларида бўлиб, соҳага оид маълумотлар билан танишганимиз ҳар қадамда асқатмоқда.
Журналист мамлакатимиз миқёсидаги улкан ўзгариш ва тараққиётни ўз кўзи билан кўрсагина, ёзаётган мақоласининг таъсирчанлиги ортади. Шу боис маҳаллий журналистлар учун қўшни Андижон ва Наманган, кейинроқ эса Самарқанд, Бухоро, Қашқадарё, Хоразм, Навоий вилоятларига ижодий сафарлар уюштирилгани айни муддао бўлди. 
Мухтасар айтганда, уюшманинг вилоят бўлими Фарғонада фаолият кўрсатаётган уч юздан ортиқ ижодкорларни қўллаб-қувватлаб, уларга яқиндан амалий кўмак бериб келмоқда. Бу эса ўқишли ахборот ва мақолалар, юксак савиядаги телекўрсатув ва радиоэшиттиришлар яратилишига хизмат қилаётгани билан эътиборга моликдир.

Хадичахон КАРИМОВА,
Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси аъзоси.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn