Эзгу саъй-ҳаракатлар ва амалий натижалар
  • 31 Декабрь 2014

Эзгу саъй-ҳаракатлар ва амалий натижалар

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашида “Соғлом бола йили” Давлат дастури доирасида республика касаба уюшмалари томонидан амалга оширилган ишлар таҳлилига бағишланган анжуман ўтказилди.

Мамлакатимизда аҳоли манфаатларини таъминлаш, уларнинг меҳнат соҳасидаги ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш, оналик ва болаликни муҳофаза этиш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Албатта, ушбу жараёнда Касаба уюшмалари Федерациясининг алоҳида ўрни бор.
Президентимизнинг Конституциямиз қабул қилинганининг 22 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 1 миллиард 500 минг сўм қийматидаги маиший электр техника жиҳозлари кам таъминланган оилаларга бепул тарқатилгани қайд этилгани бунинг ёрқин далилидир. 
Анжуманда Давлат дастурида белгилаб берилган устувор вазифаларнинг касаба уюшмалари томонидан изчил ва тизимли равишда рўёбга чиқарилгани таъкидланди. Хусусан, корхона, ташкилот ва муассасаларда имзоланган жамоа шартномалари ҳамда келишувлари орқали иш берувчилар ва касаба уюшмалари ижтимоий шериклигида 4384 ёш оилага уй-жой  қуриш  ҳамда узоқ муддат фойдаланиладиган товарларни ҳарид қилиш учун жами 77 млрд. 176 млн. 200 минг сўмлик фоизсиз cсуда ажратилди.
Нодавлат мулк шаклидаги 2624 та корхона ва ташкилотда меҳнат қилаётган болали 6446 нафар аёлга ойлик маоши сақланган ҳолда иш вақти ҳафтасига 35 соатдан ошмайдиган қилиб белгиланди.
Касаба уюшмаларига қарашли соғломлаштириш муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун 11 млрд. 551 млн. сўм маблағ йўналтирилди.
Бундан ташқари, соғлом болалар туғилиши ва уларни баркамол инсон этиб вояга етказиш, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини ва кадрлар салоҳиятини янада мустаҳкамлаш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш мақсадида касаба уюшмалари томонидан кенг кўламли ахборот-тушунтириш ишлари олиб борилди. Хусусан, касаба уюшмалари тизимидаги санаторийларда ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалардан 408 нафар аёл, 151 нафар тиббиёт ходими, 202 нафар таълим ходими бепул соғломлаштирилди. Ёш оилаларнинг 217 нафар аъзосига “Умид гулшани” санаторийсига имтиёзли йўлланмалар берилди. Ушбу мақсадлар учун касаба уюшма маблағлари ҳисобидан 678,5 млн. сўм йўналтирилди.
Шунингдек, тизимдаги санаторийларда “Она ва бола” бўлимлари, болалар хоналари ва ёзги болалар ўйингоҳлари ташкил этилиб, замонавий услубда жиҳозланди.
— Меҳнаткашлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш мақсадида турли спорт тадбирларининг мунтазам ўтказиб келинаётгани ўзининг ижобий самарасини бермоқда, — дейди Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгашининг маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими бош мутахассиси Э. Раҳмонова. — Чунончи, бу йил “Касаба тур” веломарафонининг қуйи босқичларида 42,5 минг нафардан зиёд, республика босқичида эса 500 нафардан ортиқ ҳаваскор велоспортчилар қатнашгани, шунингдек, “Соғлом оила” оилавий спорт мусобақаларида 100 мингга яқин ишчи-ходимлар оила аъзолари билан иштирок этгани бунинг тасдиғидир. 
Тадбирда болаларни, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларини соғломлаштириш борасида олиб борилган ишларга алоҳида эътибор қаратилди. Чунончи, давлатимиз ғамхўрлиги натижасида Оролбўйи минтақасидан салкам 5 минг нафар бола бепул соғломлаштирилди. Меҳрибонлик уйларининг 3 минг 658 нафар тарбияланувчиси, кам таъминланган оилаларнинг 70 мингдан зиёд фарзандлари, қарийб
3 минг нафар иқтидорли болалар касаба уюшмалари томонидан имтиёзли йўлланмалар билан таъминланди.
Анжуманда, шунингдек, болалар дам олиш ва соғломлаштириш оромгоҳларини қуриш, реконструкция қилиш, тизимдаги санаторийларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, аҳоли, айниқса, хотин-қизлар, кексалар сиҳат-саломатлигига янада жиддий эътибор қаратиш, уларнинг яшаш шароитларини яхшилашга кўмаклашиш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида ҳам атрофлича сўз юритилди.

Зиёда АШУРОВА.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn