Интерфаол хизматлар
  • 31 Декабрь 2014

Интерфаол хизматлар

Бухоро туманидаги “Gala Osiyo Omad Invest” корхонаси ҳисобчиси Ситорабону Раҳматова интернет орқали Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг сайтига тез-тез кириб туради. Мазкур сайт орқали тизимдаги янгиликлардан хабардор бўлиб боради.

Билимини мустаҳкамлайди. Бундан ташқари, сайтдаги интерфаол хизматлардан ҳам фойдаланади.
— Яқинда корхонамиз фаолиятига оид ҳисоботларни туман давлат солиқ инспекциясига масофадан туриб жўнатдим, — дейди у. — Бунда менга “Электрон солиқ ҳисоботлари” интерфаол хизмати қўл келди. Натижада вақтим тежалди. Ортиқча оворагарчиликка ҳам ҳожат қолмади.
Чиндан ҳам, бу каби хизмат турларининг йўлга қўйилгани қатор қулайликлар яратмоқда. Улар билан солиқ органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг шаффофлиги таъминланаяпти. Барча фуқароларга тизимдаги янгиликларни узлуксиз етказиб бориш имконияти юзага келаётир.
— Ҳозирги кунда вилоятимиздаги 14562 та хўжалик юритувчи субъект солиқ ҳисоботларини жойлардаги солиқ инспекцияларига электрон рақамли имзо билан жўнатмоқда, — дейди вилоят давлат солиқ бошқармаси масъул ходими Баҳодир  Файзиев. — Умуман олганда, жорий йилнинг учинчи чорагида корхоналарнинг 40154 та ҳисоботи юридик маълумотлар борасидаги шахсий ҳисоб варақаларига қабул қилинди. Бу ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 11 фоиз юқори кўрсаткичдир.
— Бизда электрон ҳужжат айланиши орқали тақдим этилган ҳисоботларни зудлик билан қабул қилиш ва уларга ишлов бериш учун алоҳида электрон манзилга эга, локал тармоққа уланган техника воситалари ўрнатилган, — дейди Жондор тумани ДСИ “Камерал назорат” шуъбаси бошлиғи Р. Давронов. — Интерфаол хизматлар кўламини янада кенгайтириш, улардан фойдаланувчилар билим ва савиясини ошириш мақсадида ҳафтанинг ҳар жума кунида семинарлар ўтказаяпмиз.
Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда юридик ва жисмоний шахслар учун давлат солиқ қўмитасининг расмий сайти орқали 33 турдаги интерфаол хизматлар кўрсатиб келинмоқда. Бу эса солиқ тўловчиларнинг қимматли вақтини, шунингдек, транспорт ва қоғозга сарфланадиган харажатларни тежаш имконини бераяпти. Фуқаролар билан солиқ органлари ўртасидаги алоқаларнинг тезкорлигини таъминламоқда.

Истам ИБРОҲИМОВ,
«Халқ сўзи» мухбири.

Мақолани дўстларингиз билан бўлишинг!

Submit to FacebookSubmit to Google PlusSubmit to StumbleuponSubmit to TwitterSubmit to LinkedIn